Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Шоядки, Раббингиз сизни (қиёмат кунида) мақтовли мақомда тирилтирса" (Исро, 79). Бу оятдаги, мақтовли мақомни муфассирлар шафоат мақоми, деб тафсир қилишган. Ҳадисда, у шундай мақомки, унда мен умматларимни шафоат қиламан, дейилган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Қиёмат куни уч тоифа кишилар шафоат қилади: пайғамбарлар, олимлар, шаҳидлар", деганлар. Бошқа бир ҳадисда: "Умматим ичида бир неча қабилаларни шафоат қилувчи кишилар бор. Баъзилар эса, бир қабилани, айримлар ўз қариндошларини, яна баъзилар бир кишини шафоат қила олади", дейилган (Имом Термизий ривояти).

Баъзи манбаларда Аллоҳ учун Қуръони каримни ёд олган қорилар ва дин йўлида умри ўтиб, соч-соқоли оқарган кишиларга ҳам шафоат мақоми берилиши баён этилган.

Жалолиддин Суютий айтади: шафоат беш хил бўлади: 1. Энг катта шафоат (барча инсонларни маҳшар майдонидаги қўрқинчдан қутқариш). 2. Бир тоифани жаннатга ҳисоб-китобсиз киритиш. 3. Ҳисоб-китоб қилингандан сўнг дўзахга ҳукм қилинган баъзи кишиларни азобдан ҳимоя этиб қутқариш. 4. Дўзахдан баъзи гуноҳкор бандаларни чиқариш. 5. Баъзи кишиларнинг жаннатдаги даражаларини янада зиёда қилиш.

Барча инсонларни маҳшар майдонидаги қўрқинчдан қутқариш ва ҳисоб-китобни тезлатиш ва бир тоифани жаннатга ҳисоб-китобсиз киритиш шафоати фақат Расулуллоҳгагина (алайҳиссалом) хосдир.

Абу Ҳомид Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: "Уларнинг амаллари тарозига қўйилмайди, қўлларига номаи аъмоллари ҳам берилмайди. Балки уларга бароат (ҳисоб-китобдан озод қилинганлик ҳақида) мактуб берилади. У бундай мазмунда бўлади: "Лаа илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ. Бу Фалончининг бароатидир. Унинг барча гуноҳлари кечирилди. У шундай бахтга муяссар бўлдики, энди ҳеч қачон бахт­сизлик кўрмайди".

Яхшилик ва ёмонлик Аллоҳдан эканини билиб, азиятларга сабр қилган, қаноатли, Аллоҳ буюрган фарз амалларни доимий бажарган ва қайтарганларидан тийилиб, Ҳақ таолонинг марҳамати ва розилигини топган бандаларгина шафоат қилиш ё қилинишдек юксак мақомда бўладилар. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинади: "(Эй Муҳаммад) Улар айтаётган сўзларга сабр қилинг ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Раббингизга ҳамд билан (Унга) тасбеҳ айтинг (намоз ўқинг)! Кеча (нинг боши ва охирги) вақт­ларида ҳамда кундуз(нинг аввалги ва охирги) тарафларида ҳам тасбеҳ айтинг (намоз ўқинг), шояд розиликка эришсангиз" (Тоҳо, 130).

Демак, кичик гуноҳларни ҳам паст санамай тарк этишимиз, ҳар бир яхши амални бажариб, эзгу мақсад сари ҳаракат қилишимиз лозим. Чунки кичик гуноҳлар ҳам йиғилиб-йиғилиб катталашиши ёки кичик амалга ҳам банданинг ихлоси сабаб Аллоҳ таоло улкан ажр ато этиши мумкин.

Шунингдек, инсонлар дунё ҳаётида бир-бирларининг мушкулини осон қилиши ҳам шафоат дейилди. Бу билан банда улкан савобга эришади. Қуръони каримда: "Кимда-ким яхши шафоат ила (бировни) ҳимоя қилса, унга ҳам ўша (ҳимояси)дан насиба (савоб) бўлур" (Нисо, 85), дейилган.

Шунинг учун Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом): "Шафоат қилинглар, савоб оласизлар", деган кўрсатмаларига оғишмай амал қилайлик.

 

Жасурбек РАУПОВ,

Тошкент шаҳридаги "Носирхон" жоме масжиди имом-хатиби