“Сизлар уч тоифа бўлурсизлар. Бас, (у учнинг биринчиси) ўнг томон эгаларидир. Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не (саодат)дир! (Иккинчи тоифа) чап томон эгаларидир. Чап томон эгалари (бўлмоқ) не (бахтсизлик)дир. (Учинчи тоифа эзгу ишларда) ўзиб кетган зотлардир. Айнан ўшалар (Аллоҳга) яқин зотлардир. Ноз-неъмат боғларида” (Воқеа, 7–12).

 

Имом Табарий айтади: «Бу ояти карималарда охиратда одамлар уч тоифага ажралишлари, улар “ўнг томон эгалари”, “чап томон эгалари” ва “ўзиб кетган зотлар” деб номлангани баён қилинган».

«“Ўнг томон эгалари” жаннатга ўнг томонлари билан олиб бориладиганлардир. “Чап томон эгалари” дўзахга чап томони билан олиб бориладиганлар, “ўзиб кетган зотлар” эса Аллоҳ ва расулига имон келтиришда пешқадам бўлган илк мусулмонлардир».

Бу оятларни бошқа муфассирлар ўзгача тафсир қилишган. Жумладан, Ато ва Муҳаммад ибн Каъб айтади: «“Асҳобул маймана” амал дафтари ўнг қўлидан бериладиган кишилардир.“Асҳобул машъама” эса амал дафтари чап қўлидан бериладиган кимсалардир». Ибн Журайжга кўра, “Асҳобул маймана” яхшилик қилувчилар, “асҳобул машъама” эса ёмонлик қилувчилардир.

Ҳасан ва Рабиъ ояти карималарни: «“Асҳобул маймана” солиҳ амаллар қилиб бахтга эришганлар, “асҳобул машъама” эса, ёмон ва қабиҳ ишлари билан ўзларига бахтсизлик келтирганлардир», деб тафсир қилишган.

Абу Зарр Ғифорий  Исро воқеаси ҳақида Пайғамбаримиздан  бундай ривоят қилади: «Дунё осмонига кўтарилганимизда ўнг томонида бир қанча оломон, чап томонида бир қанча оломон бўлган бир одамни кўрдик. У киши ўнг томонига қараса, кулар, чап томонига қараса, йиғларди. У: “Солиҳ пайғамбар ва солиҳ ўғил, марҳабо!” деди. Мен: “Эй Жаброил, бу ким?” деб сўрадим. “Бу Одам , ўнг томонидаги оломон жаннатийлар, чап томонидагилар эса дўзахийлардир...”» деб жавоб берди (Имом Муслим).

Мубаррид айтади: «“Асҳобул маймана” – пешқадамлар, “асҳобул машъама” эса ортда қолганлардир».

Ўнг томон эгалари (бўлмоқ) не(саодат)дир, Чап томон эгалари (бўлмоқ) не(бахтсизлик)дир.

Бундай мазмунли ояти карималар ўнг томон эгалари эришадиган савоб ва чап томон эгалари йўлиқадиган азоб кўп эканини англатади.

Маҳдавий Расулуллоҳнинг  бундай деганларини ривоят қилган: «“Ассобиқун” (ўзиб кетишган) ҳақни қабул қиладиган, улардан сўралганида жўмардлик билан қайтарадиган  ва одамлар ҳақида ўзларига ҳукм қилган каби ҳукм қиладиганлардир».

Муҳаммад ибн Каъб Қуразийга кўра, “ассобиқун” пайғамбарлардир. Ҳасан ва Қатода  эса, “ассобиқун”ни “Пайғамбарларнинг умматлари орасида биринчи имон келтирган кишилардир”, деб тафсир қилишган. Муҳаммад ибн Сирин: «Булар ҳар икки қиблага қараб намоз ўқиганлардир”, деб: “Муҳожирлар ва ансорларнинг энг олдинги пешқадамлари...”» (Тавба, 100) мазмунли ояти каримани далил келтиради.

Мужоҳид ва бошқа муфассирлар: «“Ассобиқун” Ҳақ таоло ҳимоясига ва намозга ҳаммадан олдин ошиқадиган кишилардир», деб тафсир қилишган.

Ҳазрат Али (каррамаллоҳу важҳаҳу): “Улар беш вақт жамоат намозига биринчилардан бўлиб келадиганлардир”, деган бўлса, Саид ибн Жубайр : “Улар тавба ва яхши амалларда пешқадам бўлганлар”, деб тафсир қилади.

Мовардий нақл қилишича, Ибн Аббос  “ассобиқун”ни бундай тафсир қилган: “Собиқун тўрт кишидир: бири ҳазрат Мусонинг  умматларидан, Фиръавн оиласидан имон келтирган Ҳизақил исмли киши; Исо пайғамбарнинг  қавмидан антокиялик Ҳабиб Нажжор; Ҳазрат Муҳам­мад­нинг  умматларидан Абу Бакр ва Умар ”.

Шумайт ибн Ажлон айтади: «Одамлар уч тоифа бўлади: бир тоифа одамлар ёшлигидан яхши ишлар қилади ва ўлгунича яхшиликни канда қилмайди. Ана ўшалар Аллоҳ таолога муқарраб собиқунлардир; бир тоифа одамлар ёшлигидан гуноҳларга қўл уради, сўнг узоқ муддат ғафлатда бўлади. Кейин тавба қилиб, гуноҳлардан қайтади ва шу ҳолида ўлим топади. Бу одамлар “ўнг томон эгалари” (“асҳобул ямин”)дир; учинчи тоифа эса, ёшлигидан гуноҳ қилади ва ўлгунича гуноҳ ичида яшайди. Бундайлар “чап томон эгалари” (“асҳобул машъама”)дир».

 

Имом Табарий ва Қуртубий тафсирлари асосида Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади.