“Эй имон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар ва Аллоҳга шукр қилинглар, агар Унга ибодат қиладиган бўлсангиз” (Бақара, 172).

Имом Мотуридий тафсирида айтилишича, ушбу оятдан икки хил маъно келиб чиқади:

– бандаларнинг Аллоҳ таоло берган неъматларга шукр қилиши зарурлиги;

– оятдаги “тоййибат” () сўзи эътиборга олинса, бандаларнинг фақат Аллоҳ ҳалол қилган нарсаларни ейишлари лозим экани. Айрим адашган тоифалар вакиллари ризқнинг ҳалол ва ҳаромга бўлинишини инкор этади. Аслида шу оятдан ризқнинг ҳалол ва ҳаром бўлиши мумкинлиги кўриниб турибди. Чунки оятда “пок нарсалардан” дейилмоқда, агар “пок нарсаларни” дейилганида, ейиш мумкин бўлган барча нарсалар ҳалолга айланиб қоларди. Агар барча нарсалар ҳалол бўлганида, оятда “Биз ризқ қилиб берган нарсалардан енглар” дейилиб, “тоййибат” (пок) сўзи қўшилмасди.

Аллоҳ таоло бандаларини Ўзи ризқ қилиб берган пок нарсалардан ейиш ҳамда шукр қилишга буюрмоқда. Пок нарсалардан ейиш дуо ва ибодатнинг қабулига сабаб бўлади. Нопок нарсаларни ейиш сабаб дуо ва ибодатлар қабули тўсилади.

Абу Ҳурайрадан  бундай ривоят қилинади: Расулуллоҳ : «Эй одамлар! Аллоҳ покдир ва покдан бошқа нарсани қабул қилмайди. Аллоҳ таоло мўминларни пайғамбарларга буюрган ишига буюрди ва бундай деди: (Пайғамбарларимизга шундай дедик:) Эй пайғамбарлар! Пок (таом)лардан тановул қилингиз ва эзгу (иш) қилингиз! Албатта, Мен қилаётган ишларингизни билувчидирман”» (Мўминун, 51) ва яна: “Эй имон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар...” деди. Сўнг узоқ сафарда бўлган, сочлари тўзиган ва чанг босган кишини зикр қилдилар, у қўлини осмонга кўтариб: “Ё Раббим, ё Раббим” дейди, ваҳоланки егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром. Қандай қилиб унинг дуоси қабул бўлсин?!” – дедилар (Имом Аҳмад).

“...ва Аллоҳга шукр қилинглар...” Инсон қийинчилик ва мусибат пайтида сабр қилади. Анасдан  ривоят қилинган ҳадисда Набий  бундай марҳамат қилганлар: “Имон икки қисмдан иборат: ярми сабрда, ярми шукр қилишда”. Шукр – Аллоҳнинг неъматларини эътироф этиш бўлиб, икки хил маънода қўлланилади:

1. Аллоҳ берган неъматини эътироф этиш. Бу неъматни берган Зотга мақтов ва ҳамд айтиш билан амалга ошади. Аллоҳ таоло: “Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман...” (Иброҳим, 7) деб марҳамат қилган. Шунга мувофиқ, бандалар Аллоҳга шукр қиладиган бўлсалар, аслида улар Аллоҳнинг лутфи билан Ундан неъматларини кўпайтириб беришини сўраётган бўладилар. Яъни, банда Аллоҳга шукр қилади, бунинг мукофоти сифатида эса, Аллоҳ таоло бандаларига неъматларини яна ҳам кўпайтириб беради.

2. Неъматларни Аллоҳ рози бўладиган йўлда ишлатиш, яъни, қулоқ, кўз ва бошқа аъзоларни ман қилинган ишлардан тийиб, ҳалол йўлларда ишлатиш.

Анасдан  ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ : “Кимнинг қалбига шукр айтиш илҳом қилинса, у неъматнинг зиёда бўлишидан тўсилиб қолмайди”, дедилар (Имом Бухорий). Яъни, ким неъматлар учун шукр қилса, ўша шукри туфайли неъматлари янада кўпаяди.

Ойша онамиздан  ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ  бундай деганлар: “Таом еганда ҳамд айтадиган, ичимлик ичганда ҳамд айтадиган бандадан, албатта, Аллоҳ рози бўлади” (Имом Термизи ривояти).

Аллоҳ таоло айтади: “Мени зикр қила­диганлар муҳаббатим аҳлидир. Менга шукр қилувчиларга неъматларимни зиёда қиламан. Менга маъсият қилганларни раҳматимдан ноумид қол­дирмайман. Агар тавба қилсалар, уларни яхши кўраман. Агар тавба қилмасалар, Мен уларнинг табибиман, уларни гуноҳлари ва айбларидан тозалаш учун мусибатлар билан синайман. Яхшилик Менинг ҳузуримда ўн баравар ёки ундан кўпроқдир, ёмонлик эса ўз миқдорича ва уни (истасам) кечираман. Мен бандаларимга боласига меҳрибон онадан ортиқ меҳрибондирман” (Имом Байҳақий ва Ҳоким ривояти).

Нўъмон ибн Баширдан  ривоят қи­линади: Набий  дедилар: “Ким оз нарсага шукр қилмаса, кўп нарсага ҳам шукр қилмайди. Ким одамларга шукр (раҳмат) айтмаса, Аллоҳ таолога ҳам шукр қилмайди. Аллоҳнинг неъматлари ҳақида гапириш шукрдир. Шукрни тарк қилиш нонкўрликдир, кўпчилик билан бўлиш (Аллоҳнинг) раҳматидир, (жамоатдан) ажралиш азобдир” (Имом Аҳмад ривояти).

Одамларга шукр қилиш, уларга раҳмат айтиш, Аллоҳга шукр қилишни инкор этмайди. Балки бир инсон бошқа бир инсонга ёрдам берса, аввало, Аллоҳ таолога шукр, сўнг ўша инсонга раҳматлар айтиши зарур бўлади. Чунки Аллоҳ таоло ўша инсонни ёрдам беришга муваффақ қилиб қўйди. Инсонларга шукр ва раҳмат айтиш, жамиятда яхши амаллар кўпайишига сабаб бўлади.

“...Унга ибодат қиладиган бўлсангиз”. Яъни, агар Аллоҳ таолонинг амрларига бўйсунадиган бўлсангиз, У сизларга ейишни ҳалол қилиб берган пок нарсалардан енг, нопок нарсалардан сақ­ланинг. Аллоҳ берган дин, пайғамбар, Қуръони карим ва бошқа неъматлар учун шукр қилинг.

Ояти каримадан қуйидаги хулосалар келиб чиқади:

– мўминлар ҳалол қилинган нарсалардан ­ейишлари мумкин. Бунда касб ҳам ҳалол бўлиши шарт;

– Аллоҳ таолонинг беҳисоб неъматлари учун мўминлар унга шукр қилишлари вожиб;

– ибодатдаги ихлос ҳақиқий мўминларнинг сифатидандир;

– Аллоҳ таоло нопок нарсаларни ҳаром қилган.

Аллоҳ берган неъматлар – фарзанд, мол-дунё, соғлик, тинчлик-хотиржамлик каби нарсалар бўлиши мумкин. Ҳозир шукр борасида, фақат берилган неъмат учун шукр айтиш тушуниладиган бўлиб қолган. Бу ҳам тўғри, лекин аслида шукр бу билан чекланмайди. Неъматларни ҳалол йўл билан топиб, яхшилик йўлида сарфлаш ҳақиқий шукр қилиш бўлади.

 

Абу Мансур Мотуридий, Ибн Касир ва Табарий тафсирлари асосида Бадриддин САДРИДДИН ўғли тайёрлади.