"Ўлик (қуруқ) ер улар учун (қайта тирилишга) бир аломатдир, Биз уни (сув билан) тирилтирдик ва ундан (турли) донларни ундириб чиқардик. Бас, улар ундан емоқдалар. Яна Биз унда (ерда) хурмозор ва узумзор боғларни (пайдо) қилдик ва у ерда булоқларни оқизиб қўйдик, токи (одамлар) мевасидан есинлар. Ҳолбуки, у (мевалар)ни ўз қўллари (билан) қилмаган эдилар. Ахир шукр қилмайдиларми?! Ер ундирадиган нарсалардан, (одамларнинг) ўзларидан ва яна улар билмайдиган нарсалардан иборат барча жуфтларни яратган Зот (Унга танғиладиган барча айб ва нуқсонлардан) покдир" (Ёсин, 33–36).

Мўмин киши Аллоҳ таолонинг борлигига далолат этувчи Ер, осмон каби белгиларсиз ҳам Уни танийди. Аммо ўтмишда охиратга ишонмаган, ширк келтирган, ўз пайғамбарини масхара қилган қавм­лар кўп бўлган. Улар Ҳақдан тониб, Ундан ўзгага сиғинишган. Ҳақ таоло ушбу оятда ўшаларга ўхшаш қайсар, жоҳил кимсаларга қарата Ер ва ундаги бандалар учун ато этилган неъматларини эслатади: "Ўлик (қуруқ) ер улар учун (қайта тирилишга) бир аломатдир, Биз уни (сув билан) тирилтирдик ва ундан (турли) донларни ундириб чиқардик. Бас, улар ундан емоқдалар".

Қуруқ ва қаттиқ Ернинг ёмғир суви ила титилиб юмшаб кетиши, унда турли хилдаги дон, ҳатто кўзга илинмас даражадаги митти уруғларнинг униб чиқишининг ўзиёқ банда учун очиқ ва улкан мўъжизадир. Ўсимликларнинг баъзиси мева тугса, баъзилари дон ҳосил қилади, яна бошқалари ҳайвонлар учун озуқадир. Айримларидан ёғ олинади. Бу ишларнинг барчаси танҳо ва улуғ Зотнинг қудрати эмасми? Кеча ва кундузнинг айланиши, қиш ортидан баҳор, ёздан сўнг куз фаслининг келиши, эҳтимол, биз учун одатий ҳол бўлиб тую­лар. Аммо ёмғир ёғмай қўйса ёки қуёш нур сочмаса, табиатдаги борлиқ ҳаёти издан чиқади. Ўт-ўланлар қовжираб, Ер қаъридан отилиб чиқаётган зилол булоқлар қурийди...

Барча махлуқотларнинг ризқ­ланиши ва яшашларига маскан она Ердир,  ўлганидан кейин ҳам жонзотларни у ўз бағрига олади.

Демак, банда барчаси учун шукр қилиши керак: "Яна Биз унда (ерда) хурмозор ва узумзор боғларни (пайдо) қилдик ва у ерда булоқларни оқизиб қўйдик, токи (одамлар) мевасидан есинлар. Ҳолбуки, у (мевалар)ни ўз қўллари (билан) қилмаган эдилар. Ахир шукр қилмайдиларми?!"

Маълумки, шукрнинг маъноларидан бири берилган неъматларга эътибор этишдир. Биз умумий таомимиз бўлган нонни ҳурматлашга буюрилдик. Ҳадисда, ким дас­турхондан тушган нон увоғини еса, у кенгликда яшайди, дейилди. Нонга ҳурматсизлик, унинг юзасини ё юмшоғини еб, қолганини ташлаш макруҳдир. Неъматларни исроф қилиш, улардан ғаразли мақсадларда фойдаланиш ношукр­лик бўлади.

Инсонга фойдаси кўпроқ бўлгани учун, оятда дон, хурмо ва узум зикр этилган. Ҳолбуки, дунёда бири-биридан тотли, бири иккинчисини такрорламас мевалар қанча, уларни яратишга инсон ожиздир.

"Ер ундирадиган нарсалардан, (одамларнинг) ўзларидан ва яна улар билмайдиган нарсалардан иборат барча жуфтларни яратган Зот (Унга танғиладиган барча айб ва нуқсонлардан) покдир".

Ердаги зироат ва ўсимликларнинг хилма-хил навлари Аллоҳ таолонинг ягоналиги ва холиқлиги далилларидандир. Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани жуфти билан яратган. Яна қанчадан-қанча бандалар билмайдиган махлуқотлар, ўрганилмаган, кашф қилинмаган осмон жисмлари бор. Уларнинг ҳам жуфти бор. Борлиқдаги сир-синоатларнинг барчасини билишга банданинг илми оз, ақли ожиздир.

Дунё имтиҳон ва синовлардан иборат. Банданинг вазифаси Аллоҳга инъоми учун шукр, ибодат қилиш. Ана шундагина Унинг фазлига эришади ва дунёю охиратда бахт­ли бандалардан бўлади.

 

Имом Розий, Исмоил Ҳаққий  Бурсавий, Абу Лайс Самарқандий тафсирлари асосида Абдукарим АБДУЛЛАЕВ тайёрлади.