“Эслатма олмоқчи ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (ўзаро) ўринбосар қилиб қўйган зотдир” (Фурқон, 62).

Ояти каримадаги “хилфатан” (ўринбосар қилиб) сўзи хусусида Абу Убайда (розияллоҳу анҳу) бундай деган: “Бир нарсадан кейин келган нарса “хилфа” дейилади. Кеча билан кундуз ҳам бири бирининг ортидан келади”.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) бундай тафсир қилган: “Аллоҳ таоло кеча ва кундузни бир-бирига ўринбосар қилди. Шунга кўра, кечаси бирор иш бошлаб тугатолмаган киши, уни кундузи охирига етказади ёки аксинча”.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтадилар: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир куни кечалари Қуръон ўқий олмайдиган ҳазрат Умарга (розияллоҳу анҳу): “Эй Хаттобнинг ўғли, Аллоҳ сен ҳақингда оят туширди”, дедилар ва ушбу оятни ўқидилар, “Кечалари қилолмаган ибодатингни кундузингда, кундузлари қилолмаган ибодатингни эса тунларингда адо эт”» (Фахриддин Розий).

Муфассир олим Мужоҳид иккинчи хил тафсирни айтади: “Хилфатан” сўзи хилоф (бир-бирига тескари) сўзидан олинган. Яъни кундузни ёруғ, кечани қоронғи қилган. Биринчи тафсир кучлироқ ва тўғрироқдир.

Эслатма олмоқчи ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун...” яъни, бандалар буни Аллоҳ таоло беҳуда яратмаганини билишлари учун, Аллоҳ таоло яратган борлиққа ибрат назари билан боқиб, ақл ва фикр юритиб, берган неъматларига шукр қилишлари учун.

Умар ибн Хаттоб, Ибн Аббос ва Ҳасан (розияллоҳу анҳум) ояти каримани бундай тафсир қилишган: “Бирор хайрли ишни кечқурун қилолмаганлар, кундузи амалга ошириши, уни кундузи қилолмаганлар эса, кечаси бажариши учун”. Саҳиҳ ҳадисда бундай марҳамат қилинган: “Кимнинг кечаси ўқийдиган (нафл) намози бўлса-ю, уйқу босиб ўқиёлмаса, уни қуёш чиқиши билан пешин намози орасида (ўша намозини) ўқиса, албатта, Аллоҳ таоло бу бандага ўша (тунги) намознинг ажрини ёзади ва уйқуси ҳам садақа (каби) бўлади” (Насаий ривояти).

Ибн Арабий айтади: “Аллоҳ таоло бандани тирик ва илм соҳиби қилиб яратган. Унинг камоли ҳам шу билан. Унга уйқу офатини, дафъи ҳожатни ва хилқатининг ноқислигини ғолиб қилди. Зеро, комиллик Яратувчига хосдир. Киши оз ейиш ва Аллоҳ таолонинг итоати йўлида бедор бўлиш билан уйқусини бартараф эта олса, бартараф қилсин. Киши олтмиш йил яшаса, кечаларни ухлаб ўтказиш билан умрининг ярмини беҳудага совурса, кундузларининг олтидан бирини ҳам дам олиш мақсадида ухлаб ўтказса ва натижада, умрнинг учдан икки қисмини уйқуга “бағишласа”, бу жуда ҳам афсусланарли ҳолдир. Учдан икки қисм умрини фоний лаззатлар йўлида сарф қилиш ўрнига ҳеч нарсага муҳтожлиги йўқ, асло зулм қилмайдиган ва амаллар мукофотини тўлиқ берадиган Зотнинг розилиги ва абадий жаннат йўлида бедор бўлмаслик энг катта нодонлик ва ақлсизликдир”.

Ибн Арабий айтади: “Нарсалар аслида бир-биридан ортиқ эмас. Сифатлари билан бир-биридан афзал, ортиқ бўлади. Кеча ва кундуздан қайси бири иккинчисидан фазилатли экани хусусида турли фикрлар бор. Рамазон ойи кундузларининг фазилати ортиқлигига далиллар рад этиб бўлмас даражада кўп. Тўғрисини Аллоҳ билгувчироқдир”.

Имом Қуртубий: “Кечанинг қадри жуда улуғдир”, дейди. Зеро, Аллоҳ таоло Пайғамбарига кечалари намоз ўқишни амр қилади: “Тунда (бедор бўлиб, намозга)туринг! Фақат озгина (ухлашга вақт қолсин)(Муззаммил, 2).

Мўминларни ҳам кечалари намоз ўқишгани учун: “Уларнинг ёнбошлари ўриндиқлардан ажраб турар (оз ухлайдилар) деб мадҳ этади (Сажда, 16). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сув оловни ўчирганидек, садақа гуноҳни ўчиради. Кишининг ярим кечаси ўқиган намози... ва кечаси Аллоҳ таоло дуоларни қабул қиладиган вақт бор...” деганларидан ҳам кечанинг фазилати нақадар улуғлигини билиб олиш мумкин.

“Эслатма олмоқчи ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун...”яъни, Аллоҳ таолони ёдлаб, Унга тасбеҳ, таҳлил, ҳамд айтишлари учун Аллоҳ таоло кеча ва кундузни бир-биридан кейин келадиган қилиб яратган.

 

Имом Қуртубий ва Фахриддин Розий тафсирлари асосида Нўъмон Абдулмажид тайёрлади.