“Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатли эркаклар ва итоатли аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабрли эркаклар ва сабрли аёллар, тавозели (камтар) эркаклар ва тавозели аёллар, садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар, рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақловчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақловчи аёллар, Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар – улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни, жаннатни) тайёрлаб қўйгандир” (Аҳзоб, 35).

Оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: «Аёллар Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), нима учун Раббимиз мўминларни зикр этади-ю, мўминаларни зикр этмайди” дейишди. Шундан кейин бир оз ўтиб ушбу оят нозил бўлган».

“Албатта, муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар...” Мотуридий тафсирида бундай дейилади: Бир жиҳатдан имон ва Ислом бир-биридан фарқли бўлса ҳам, маъно жиҳатидан иккови бир.

“Мўмин” “имон” сўзи билан, “муслим” сўзи “ислом” сўзи билан ўзакдош. Ислом бу ҳар бир ишни фақат Аллоҳнинг розилиги учун қилиш ва бу ишларда Аллоҳга шерик қўшмасликдир. Имон Аллоҳнинг бирлиги ва илоҳлик сифатларига гувоҳлик бериб, уни тасдиқлашдир.

“...итоатли эркаклар ва итоатли аёллар...” оятда “قَانِت” “қонит” ва “قَانِتَاتِ” “қонитат” сўзлари келган бўлиб, бу сўз “قنت” “қунут” сўзи билан бир ўзакдан. Қунут Аллоҳнинг буйруқлари ва қайтариқларига итоат қилишдир. Тафсирчилар ҳам қунутни “итоаткорлик” дейишган, чунки киши агар бошқа бир кишининг айтганини қилса ва унинг ишлари билан шуғулланса, унга итоат этаётган ҳисобланади.

Ибн Касир тафсирида “қунут” бу итоат деб, қуйидаги оятлар келтирилади: “Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвадигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан бошқалар баробарми?!) (Зумар, 9), “...ва (намозда) Аллоҳга бўйсунган ҳолатда (камтарлик билан) турингиз!” (Бақара, 238).

“...ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар...” Бу ҳақда кўп яхши гаплар айтилган. Чунки ростгўйлик мақталган сифатлардандир. Шунинг учун баъзи саҳобалар ҳатто жоҳилият даврида ҳам ёлғон гапирмаганлари маълум. Тўғрисўзлик имон аломатларидан, ёлғончилик эса мунофиқлик аломатларидан. Ким ростгўй бўлса, нажот топади. Ибн Масъуддан бундай ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Тўғрисўз бўлинглар, чунки тўғрисўзлик яхшиликка етаклайди, яхшилик эса жаннатга олиб киради. Ёлғондан четланинглар, чунки ёлғон гуноҳга бошлайди, гуноҳ эса дўзахга етаклайди. Киши доим рост гапиради, ростгўй бўлишга интилади, ҳатто Аллоҳнинг ҳузурида “сиддиқ” деб ёзилади. Яна бир киши доим ёлғон гапиради, ёлғон сўзлашга интилаверади, ҳатто Аллоҳнинг ҳузурида “каззоб” деб ёзилади» (Бухорий, Муслим ва Термизий).

“...сабрли эркаклар ва сабрли аёллар...” Мусибатларга сабр қилиш, бу саботли кишиларнинг сифатларидандир. Яъни, мусибат Аллоҳнинг иродасида борлиги ва ундан қочиб қутулиб бўлмаслигини билиш. Имом Муслим бундай ривоят қилади: “Мўминнинг ишига ажабланасан, Аллоҳ унинг тақдирига нима битса, унга яхшилик бўлаверади: агар унга хурсандчилик етса, шукр қилади ва унга яхшилик бўлиб ёзилади. Агар бошига мусибат тушса, сабр қилади, бу ҳам унга яхшилик бўлиб ёзилади”.

Кишининг сабри мусибатнинг биринчи зарбасида билинади. Яъни, ўша мусибат ва кўнгилсизликни эшитган ҳамда қийналиб турган вақтида унинг қандай сабрли экани маълум бўлади, чунки ундан кейин кўникиб қолгани учун сабр қилиш осонроқ бўлади. Ана ўша биринчиси ҳақиқий сабрдир.

“...тавозели (камтар) эркаклар ва тавозели аёллар,..” Оятда келган “ْخَاشِعِين” “хошиъин” сўзи “خشع” “хушуъ” сўзи билан ўзакдош бўлиб, “сокинлик”, “хотиржамлик”, “хокисорлик”, “камтарлик” каби маъноларни билдиради. Хушуънинг асли қалбдаги қўрқувдир. Ундан кўзланган асосий мақсад Аллоҳдан қўрқиш ва Унинг кузатиб турганини билиш. Бу ҳақда ҳазрат Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга гўё Уни кўриб турганингдек ибодат қил. Агар сен Уни кўрмасанг ҳам У сени кўриб турибди” дедилар» (Муслим ривояти).

Ҳасаннинг (розияллоҳу анҳу) тафсирига кўра: “Улар Аллоҳдан ҳар қандай ҳолатда ҳам қўрқадилар, Ундан бошқасидан қўрқмайдилар, Аллоҳнинг ўзидангина умид қиладилар, ўзгадан умид қилмайдилар”.

Мўътазила тоифаси эса ўзларининг ёмон амалларидан қўрқадилар ва Аллоҳнинг ўзидангина эмас, қилган яхши ишларидан умид қиладилар. Шунингдек, улар Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шафоатларини ҳам инкор этадилар ва банда фақат қилган амалларидангина умид қилиши мумкин, дейдилар.

“...садақа қилувчи эркаклар ва садақа қилувчи аёллар,..” Садақа бу – эҳтиёжманд, заифҳол кишиларга, касб-кори ёки боқувчиси бўлмаган кишиларга бериладиган эҳсон.

Имом Бухорий ва Муслимдан қилинган ривоятда: “Аллоҳнинг паноҳидан ўзга паноҳ бўлмайдиган кунда, Аллоҳ етти тоифа кишиларни ўзининг паноҳига олади” дейилиб, улар қаторида садақасини яшириб берувчилар ҳам саналади: “Садақасини яширин тарзда берган киши, ҳатто ўнг қўли берган нарсасини чап қўли ҳам билмай қолади”, деб таърифланган.

Бошқа бир ўринда бундай марҳамат қилинади: “Садақа худди сув оловни ўчиргани каби хатолар (гуноҳлар)ни ўчиради”. Анас ибн Моликдан (розияллоҳу анҳу ) ривоят қилинган ҳадисда бундай марҳамат қилинади: “Садақа Парвардигорнинг ғазабини сўндиради, ёмон ўлимдан асрайди” (Имом Термизий).

“...рўза тутувчи эркаклар ва рўза тутувчи аёллар...” Ибн Можадан (розияллоҳу анҳу) бундай ривоят қилинган: “Рўза баданнинг закотидир”. Яъни, баданни ҳам шаръий, ҳам жисмоний томондан ёмонликлардан поклашдир. Саъид ибн Жубайр (розияллоҳу анҳу) айтади: “Ким Рамазон ойида ўттиз кун ва ҳар ойда уч кундан рўза тутса, ушбу оятда айтилган инсонлар қаторига киради.

“...авратларини (ҳаромдан) сақловчи эркак­лар ва (авратларини ҳаромдан) сақловчи аёллар...” Яъни, улар авратларини ҳаром ишлар ва гуноҳлар ҳамда бегона назардан сақлайдилар.

“...Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар...” Баъзи олимлар бу оятда беш вақт намозни адо этувчилар назарда тутилган, дейишади. Баъзилари эса, “Тиллари ҳар доим Аллоҳни зикр қилиб юрувчилар”, деб тафсир қилишган.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинишича, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Муфридлар олдинга ўтиб кетишди”. Улар “Муфридлар кимлар?” дейишди. Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Аллоҳни кўп зикр этувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр этувчи аёллар”.

Муоз Жуҳанийдан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўради: “Қайси мужоҳидларнинг даражаси энг баланд?” Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳни кўп зикр қилувчиларнинг”, дедилар. Яна сўради: “Рўзадорларнинг энг кўп савоб оладиганлари қайси?” Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳни кўп зикр қилувчилари”, дедилар. Сўнг ўша киши намоз, закот, ҳаж ва садақа ҳақида сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар бир саволга: “Аллоҳни кўп зикр қилувчилари”, деб жавоб бердилар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) Умарга (розияллоҳу анҳу): “Аллоҳни зикр қилувчилар ҳар бир ишда ўзлари билан яхшиликни олиб кетдилар” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ана шундай”, дедилар.

Муоз ибн Жабал ривоят қилади: “Одам боласи Аллоҳнинг азобидан қутқарадиган ишлар орасида Аллоҳни зикр этиш каби бирор иш қила олмайди”. Яъни, инсон боласи Аллоҳнинг азобидан қутулиш учун кўп иш қилади, лекин бу ишлар орасида Аллоҳни зикр этиш энг афзал амалдир.

“...улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофотни (яъни жаннатни) тайёрлаб қўйгандир”. Оятнинг охирида ана шу юқорида санаб ўтилган инсонларга Аллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини мағфират қилиши ва улкан мукофот – жаннатни тайёрлаб қўйганини айтмоқда.

Аллоҳ таолонинг мана шу улкан мукофоти барчамизга насиб этсин!

 

Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилот аҳл ас-сунна”, Ибн Касирнинг “Тафсийрул Қуръанил aзийм” тафсирлари асосида Бадриддин САДРИДДИН ўғли тайёрлади.