«Сизлардан фазилат ва кенг мол-мулк эгалари қариндошларга, мискинларга ва муҳожирларга Аллоҳ йўлида эҳсон қилмасликка қасам ичмасин, балки уларни афв қилиб, кечирсинлар! Аллоҳ сизларни мағфират қилишини истамайсизми? Аллоҳ мағфиратли ва раҳмлидир» (Нур, 22).

Оятда инсонларни кечиримли бўлишга қизиқтириб, эвазига гуноҳларни афв қилишдек улкан ажр ваъда этилган. Ривоятларга кўра, ушбу оят Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ҳақида нозил бўлган. Ифк воқеаси, яъни Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) тўғрисида улкан бўҳтонни тўқишда қатнашганлардан бири Абу Бакрнинг (розияллоҳу анҳу) холаваччаси Мусаттаҳ эди. Мусаттаҳ камбағал, бечора киши бўлганидан унга силаи раҳм қилиб келаётган Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ифк воқеасидан сўнг холаваччасига моддий ёрдам бермасликка қасам ичади. Ушбу оят нозил бўлганидан кейин эса у зот Мусаттаҳга ёрдам беришни давом эттиради.

Имом Табароний айтади: “Ушбу оят нозил бўлгач, Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) қариндоши Мусаттаҳга олдингидан кўра кўпроқ нафақа берадиган бўлди. Банда бирон ишда қасам ичса-ю, кейин уни бузиш афзал эканини билса, ўша қасамини бузиб каффорат тўласа: Аллоҳ таолонинг амрини бажаргани учун; қариндоши билан алоқа боғлагани учун; кечиримли бўлгани учун ажр-мукофот олади”.

Диёнатли киши мол-мулкини қўли калта қариндошидан ёки бошқа мискин, мусофирлардан қизғанмайди. Агар улар ёмонлик қилсалар ҳам, моддий ёрдам бераверади. Бу эса инсоннинг ибратли хулқ соҳиби, кечиримли эканини билдиради. Шу сабабдан Аллоҳ таоло у бандасидан гуноҳларни мағфират этади, иншоаллоҳ.

 

Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.