Эй қавмим! Бу дунё ҳаёти фақат бир (арзимас) матоҳдир. Албатта, охиратгина (мангу) барқарорлик диёридир. Ким бирор ёмонлик қилса, унга (охиратда ўша ёмонлиги) баробаридагина жазо берилур. Эркакми, аёлми – ким мўмин ҳолида бирор яхшилик қилса, айнан ўшалар жаннатга дохил бўлурлар. У жойда уларга беҳисоб ризқ берилур (Ғофир, 39 – 40).

Фахриддин Розий айтади: Оятнинг маъноси шуки, бу дунё вақтинча фойдаланилганидан сўнг йўқ бўладиган бир нарса кабидир. Охират эса муқим яшаладиган, боқий ва давомли макондир. Охират боқий ва доимий, дунё эса фоний ва завол топувчидир. Боқий неъмат фоний нарсалардан афзалдир. Орифлардан бири бундай деди: “Агар дунё тугайдиган олтин, охират эса завол топмайдиган сопол бўлса ҳам, охират дунёдан афзал бўлар эди. Ҳолбуки, дунё тугаб битувчи сопол ва охират эса битмас-туганмас олтиндир”.

Бу маънони Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) мана бу ҳадисларида ҳам ўқишимиз мумкин: Ибн Мардуя Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Дунё ҳаёти мато (ўткинчи)дир. Унинг неъматлари орасида қарасанг, қувонтирадиган, (уйда) йўқлигингда ўзини ва молингни сақлайдиган солиҳа аёлдан яхшиси топилмайди” (Имом Суютий, “Ад-дуррул мансур”).

Имом Мотуридий айтади: “Бу дунё ҳаёти фақат бир (арзимас) матоҳдир. Албатта, охиратгина (мангу) барқарорлик диёридир”. Яъни дунё ҳаёти сизларга ажалларингиз етгунича бериладиган вақтинчалик имкондир. Осий ҳам, итоаткор ҳам ўз ажалига шу имкон билан етади. Охиратнинг барқарорлиги шундаки, унда яхшилар доимий неъматда, ёмонлар эса азобда қоладилар (“Таъвилоту аҳлис-сунна”).

Кейин Аллоҳ таоло: “Кимки бирор ёмонлик қилса, унга (охиратда ўша ёмонлиги) баробаридагина жазо берилур. Эркакми, аёлми – кимки мўминлик ҳолида бирор яхшилик қилса, айнан ўшалар жаннатга дохил бўлурлар. У жойда уларга беҳисоб ризқ берилур”, деб охиратда мукофот ва жазо қандай берилишини, ёмонликка унинг баробарича жазо берилишини, яхшилик мукофоти эса ҳисобсиз эканини баён қилди. Бунда Унинг бандаларига раҳм-шафқати устун эканига ишора бор. Зеро, бир гуноҳга фақат ўша гуноҳ баробаридагина жазо берилиб, бир яхшилик эвазига жаннат ва унда беҳисоб ризқ берилиши Аллоҳ таолонинг улкан фазли ва лутфидир.

Аллоҳ таолонинг: “У жойда уларга беҳисоб ризқ берилур” сўзи тўғрисида Муқотил (раҳимаҳуллоҳ): “Уларга жаннатда бериладиган неъматлар ҳисоб қилинмайди”, деган. Баъзи олимлар: “Ўша яхшиликнинг савоби улуғ бўлгани учун оятда "ҳисобсиз" ибораси келган”, дейишса, бошқалари: “Аллоҳ таоло уларга амалларининг савобини бериб, унга чексиз фазлидан қўшиб беради”, дейишган. Оятдаги “беҳисоб” сўзи ундан олдинги “баробаридагина” сўзи муқобилида келган. Бундан банда гуноҳни кўпайтирмаслиги учун унга жазо чеклангани ва белгиланганини, солиҳ амалнинг мукофоти эса ҳисобсизлиги ва чекланмаганини билиб оламиз. Бу эса Аллоҳ таолонинг раҳмати ва фазли Унинг қаҳри ва жазосидан устун эканига далилдир.

 

Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.