وَلاَ تَأْكُلُواْ أَمْوَالَكُم بَيْنَكُم بِالْبَاطِلِ وَتُدْلُواْ بِهَا إِلَى الْحُكَّامِ لِتَأْكُلُواْ فَرِيقاً مِّنْ أَمْوَالِ النَّاسِ بِالإِثْمِ وَأَنتُمْ تَعْلَمُونَ

“Мол(-мулк)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан еманг! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола қилманг” (Бақара, 188).

 

Ушбу оят Абдон Хадрамий ҳақида но­зил бўл­ган. У бир парча ерни Имруул Қайс Киндийдан даъво қилди. Ўрталарида хусумат чиқди. Икковлари даъволашиб Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳузурларига борадилар. Имруул Қайс ўша ерни беришдан бош тортиб, қасам ичмоқчи бўлди. Шунда ушбу оят нозил бўлди. Имруул Қайс қасам ичишдан воз кечди ва ҳукм Абдон фойдасига ҳал бўлди. Бу борада Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай деганлар: “Мен ҳам бир инсонман. Менинг ҳузуримга ҳақ  талашиб, даъво билан келиб турасизлар. Сўзга усталик қилиб, ноҳақлик билан ўзгалар ҳақини ўзлаштириб олсангиз, билиб қўйинг, ўша нарса дўзахнинг бир чўғидир. Хоҳлаган уни олсин, хоҳламаган олмасин” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Гарчи оят юқоридаги ҳодиса туфайли нозил қилинган бўлса-да, ундаги хитоб қиёматгача келадиган барча мусулмонларга қаратилгандир.

Оят матнидаги “ботил” луғатда зоил, яъни “йўқ бўлиб кетадиган”, заволга юз тутадиган деган маъноларни англатади. Шунга кўра, “ботил йўллар билан” оятидан ноҳақ, бирор эътиборга лойиқ дуруст ва шаръий сабаб бўлмасдан, деган тушунча келиб чиқади. Улар қаторига қимор, алдов, бировнинг ҳуқуқини топташ кабилар киради. Ноҳақ йўл билан мол ейиш барча ёмонликларнинг боши ҳисобланади. Бундан сақланиш диний тарбия­дан кўзланган энг биринчи мақсад бўлгани учун ҳам рўзага тааллуқли оятдан кейин зикр қилинган.

“Шунингдек, билатуриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўл билан ­ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола қилманг”, дея таржима қилинган оятнинг асл матнидаги “тудлу” сўзи “идла”дан олинган бўлиб, қудуққа челак ташлашни билдиради. Оятда эса, “молни пора сифатида ҳокимларга узатиш”, деган маънода келган.

“Гуноҳ йўл билан”ни Қуртубий “зулм ва ҳаддан ошиш билан” тарзида изоҳлаган.

Собуний бу оятни қуйидагича изоҳлаган: “Яъни, билатуриб бировларнинг молларини ноҳақ ўзлаштириб олишингизда сизнинг фойдангизга ҳукм қилсинлар, дея ундан бир қисмини ҳоким­ларга узатманг, пора қилиб берманг”.

Бу оят жуда катта ҳуқуқий ва ижтимоий масалаларни ўз ичига олади. Унда тавсия қилинган ўгитларга амал қилиш билан киши ўз нафсини “нафси мутмаинна” даражасига олиб чиқади.

Молларнинг ҳаром бўлиши ё ўзидаги бирор маънога, ё унинг қўлга киритилиш шаклига боғлиқ.

Биринчи қисм: Молларнинг асли ё маъданлардан ё ўсимликлардан ёки ҳайвонлардандир.

Маъданлар ернинг таркибига киради. Шу сабабли заҳарга ўхшаш, истеъмол қилганга зарар берадиганидан бошқаси ҳаром бўлмайди.

Ўсимликларнинг ҳам ҳаёт, ақл ва соғлиққа хавфли бўлганларидан бошқаси ҳаром эмас. Ҳаётга хавф солувчи ўсимликлар деганда заҳар, даволанишдан ташқари қабул қилинадиган табиий дорилар, ақлни йўқ қилувчи ва маст қилувчи турлари тушунилади.

Ҳайвонларга келсак, улар ­ейи­ла­диган ва ейилмайдиган турларга бўлинади. Истеъмоли ҳалол бўлган ҳайвонлар ҳам шаръий усулда сўйилмаса, ҳалол бўлмайди ва уларнинг барча аъзолари бирдек ейилавермайди. Мисол учун, унинг ошқозонида бўлган овқат қолдиғи ва қони кабилар ҳаром қилинган. Бу нарса бутун тафсилотлари билан фиқҳ китобларида зикр этилган.

Иккинчи қисм: Қўлга киритилишидаги маълум бир сабаб туфайли ҳаром бўлган моллар. Бир молни олиш ё меросга ўхшаб иродадан ташқари сабаб туфайли бўлади ёки олувчининг истагига қараб бўлади.

Бу ҳам ўз навбатида ё ишлаб топилган мол мисоли эгасидан олинган бўлмайди ёки эгасидан олинган бўлади. У ҳам ё мажбуран ёки икки томон розилиги билан олинади.

Мажбуран тортиб олинган мол ҳам ёки ўлжа каби ўз дахлсизлигини йўқотгани туфайли бўлади, закот бериши вожиб бўлганларнинг закоти ва вожиб нафақа каби ёки ўша нарсани олишга тўла ҳақдор бўлингани учун тортиб олинади.

Икки тараф розилиги билан олинган мол ҳам ё олди-сотди, маҳр ва тўлов каби бирор-бир эваз билан олинган бўлади ёки ҳадя ва васият каби ҳеч қандай эвазсиз олинади.

Ана шу тариқа молни қўлга киритиш ва ишлаб топишнинг ҳар хил турлари бор. Фиқҳ китобларида улар муфассал баён қилинган.

 

Тафсир китоблари асосида Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади.