“Аллоҳдан ўзгага сиғинадиганлар (бутлари)ни сўкмангиз! Акс ҳолда, улар ҳаддан ошиб, билмасдан Аллоҳни сўкиб юборадилар. Шундай қилиб ҳар бир уммат ишини ўзига чиройли кўрсатиб қўйдик. Сўнгра қайтар жойлари Парвардигорлари ҳузуригадир. Ана ўшанда уларга қилган ишларининг хабарини берур” (Анъом, 108).

Алий ибн Абу Талҳа Ибн Аббосдан ривоят қилади: «Мушриклар: “Эй Муҳаммад, бизларнинг илоҳларимизни ҳақорат қилишдан тийил, акс ҳолда, бизлар ҳам сенинг Раббингни ҳақорат қиламиз”, дейишди. Шунда Аллоҳ таоло мўминларни мушрикларнинг бут-санамларини ҳақорат қилишдан қайтарди».

Абдурраззоқ Муаммардан, у Қатодадан ривоят қилади: “Мусулмонлар кофирларнинг санамларини ҳақорат қилишар эди. Кофирлар эса бунга жавобан, душманлик қилиб, Аллоҳ таолони ҳақорат қилишга ўтишарди. Шунда Аллоҳ таоло мазкур ояти каримани нозил қилди”.

Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва мўминларни мушрикларнинг илоҳларини сўкиш ва ҳақорат қилишдан қайтаряпти. Зеро, сўкиш ва ҳақоратлаш катта фисқу фасодга боис бўлиши мумкин.

Баъзи ҳолатларда фойда билан зарар бирга келса, усули фиқҳ қоидасига мувофиқ, зарарни даф қилиш авло бўлади. Яъни, зарардан сақланиш учун фойда тарк қилинади. Аслида, мушрикларнинг илоҳлари буту санамлар эди. Улар ҳеч нарсага арзимас, уларда ҳеч қандай қудрат ва имконият йўқ, уларни инсонлар қўллари билан оддийгина ёғоч ва тошлардан ясашган. Мушриклар бутларнинг моҳиятини айтиб, тўғри йўлга чорлашни қаттиқ зарба ва ҳақорат деб қабул қилиши ва бунга жавобан Аллоҳ таолони ҳақорат қилиши мумкин бўлган ҳолатларда, биз уларнинг илоҳларини ҳақоратлашдан қайтарилганмиз.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ўз ота-онасини сўккан инсон малъундир», дедилар. “Ё Расулуллоҳ, киши қандай қилиб ўз ота-онасини сўкади?” дейишди. Шунда у зот: “Бировнинг отасини сўкса, у ҳам бунинг отасини сўкади, бировнинг онасини сўкса, у ҳам бунинг онасини сўкади”, дедилар.

«Шундай қилиб, ҳар бир умматга амалини чиройли қилиб кўрсатиб қўйдик», яъни, мушрикларга буту санамларга топинишларини чиройли кўрсатиб қўйганмиз. Бу маъно фақат мушрикларга хос эмас, балки бошқа ҳар қандай тоифалар, гуруҳларга ҳам тегишлидир. Чиндан ҳам, ҳеч қайси гуруҳ ёки тоифа ўзини адашган деб тан олмайди. Аксинча, ҳар бир тоифа ўзидан бошқаларни “адашганлар” деб ҳақорат қилади. Чунки Аллоҳ таоло уларнинг ҳам қилаётган амалларини ўзлари учун чиройли кўрсатиб қўйган. Бу маънолардан баъзи бир адашган гуруҳ ва тоифалар ҳам мустасно эмас. Зотан, ҳозирги кунимизда мазкур ояти кариманинг маъноларини умуман билмайдиганлар ёки билсалар-да, тўғри қабул қилмайдиган қанчадан-қанча мазҳабсиз гуруҳлар бор. Улар ўзлари билан қўни-қўшни, маҳалладош, ҳамқишлоқ ёки ҳамшаҳар бўлиб яшаб турган бошқа дин вакилларини ҳақорат қилишни, уларни инсон ўрнида кўрмасликни, ҳатто уларнинг ибодатхоналарини вайрон қилишни ўзларининг муқаддас бурчлари деб тушунадилар. Бу тушунча ва ғояларни уларнинг ўзларигина амалга ошириб қолмай, балки бошқаларни ҳам шундай ножўя ишларга ташвиқ қиладилар. Улар бу ташвиқотларига қарши чиққан мўминларни ҳам адашган, жоҳил деб ҳисоблашади. Аслида шариатимиз бошқа дин вакиллари билан ҳам ўзаро тинч-тотув, қўни-қўшни бўлиб яшашга ундайди.

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир аҳдлашган (ғайридин) кишига зулм қилса ёки уни камситса ёки уни тоқати етмайдиган нарсага мажбур қилса ёки унинг розилигисиз бир нарсасини олса, қиёмат куни мен ўша одамнинг хусуматчиси бўламан”, дедилар» (Абу Довуд ривояти).

Бундан ташқари, айрим тоифа ва гуруҳлар ўзларининг чала ва хато тушунчаларига таяниб, диндош биродарларини фосиқликда, ҳатто кофирликда айблайди. Ҳолбуки, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам “Фиқҳул акбар” асарларида: «Бирор мусулмонни қилган гуноҳи сабабли, “ҳалол” деб эътиқод қилмаган тақдирда, катта гуноҳ қилган бўлса ҳам, кофирга чиқармаймиз», деб ёзганлар.

“Ақидатул Таҳовия”да эса: “Мусулмон жанозасига мухолиф бўлмаймиз. Қибла аҳлини, гуноҳ иш қилсалар ҳам, кофир санамаймиз, башарти ўша ишнинг гуноҳ эканини кўр-кўрона инкор этмаса”, дейилган.

Эътиборли ақида китобларимизда ёзилган бу гаплар ҳар биримиз учун қоида ва дастуриламал бўлиши керак.

“Сўнгра эса қайтар жойлари Парвардигорлари ҳузуригадир”. Яъни, нима қилмасинлар, қандай ҳаёт кечирмасинлар, вақт-соати етиб, ажаллари келгач, Парвардигор ҳузурига қайтадилар. “Ана ўшанда уларга қилган ишларининг хабарини берур”. Яъни, улар дунёда қилиб ўтган ишларининг жазосини олади. Зарра қадар яхши амал ҳам ажрсиз, кичкинагина ёмонлик ҳам жазосиз қолмайди.

 

«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби Исоқжон БЕГМАТОВ тайёрлади.