“Ўз ораларингиздаги тул (эркак ва аёл)ларни ҳамда қул ва чўриларингиздан яроқлиларини уйлантиринглар. Агар (улар) камбағал бўлсалар, Аллоҳ уларни ўз фазли билан бойитади...” (Нур, 32).

Бу ояти каримада мусулмонга фақат ўзи никоҳда бўлиши билан кифояланиб қолмай, бошқа уйланмаган қардошларининг ҳам никоҳли бўлишлари учун ҳисса қўшиш буюрилган.

Ояти каримада яна бундай буюрилган: “...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилинг...” (Моида, 2). Яъни, “Аллоҳ таоло буюрган барча ишларда бир-бирингизга ёрдамлашинг ва бошқаларни ҳам шунга тарғиб қилинг, Аллоҳ таоло буюрган бир эзгуликнинг юзага чиқарилишида кўмагингизни аяманг”. Шунинг учун мусулмонлар оила қурмай юрган эркак ва аёлларга никоҳли бўлиш кераклигини тарғиб қилишади. Айнан шунинг учун ҳам ўғил-қизларини, яқин кишиларини уйлаб-жойлаб қўйиш учун бутун имкониятларини ишга соладилар, уйланиш харажатларида қийналиб қолган дин қардошларига моддий ёрдамларини аямайдилар. Шулардан келиб чиқиб, халқ тилида: “Тўйга қуш ҳам қанотини қоқади”, деган мақол жорий бўлган. Хонадонлардан бирида тўй бўладиган бўлса, маҳалла аҳли қўллаб-қувватлайди, хусусан, ўзига тўқ кишилар вақт топиб, ўша хонадонга кириб, “Муборак бўлсин, бизга нима хизмат?” деб, ёрдамларини аямайдилар. Бундай хизматга ҳозирлик инсоний меҳр-мурувват ва Аллоҳнинг фазлу карамидан умидворлик туйғуси туфайли пайдо бўлади. Фақат холис ёрдамгина тўёна дейилади. Тўёна қарз эмас, садақа ҳам эмас, балки маҳалла аҳлининг, қариндошларнинг ва дўстларнинг тўй эгасига Аллоҳ учун холис кўрсатган моддий ёрдами, мурувватидир. Бундай тўёна тўйдан бир неча кун олдин берилиши керак. Зеро, бу туфайли тўй эгалари зарур харажатларини қийналмай қоплашади.

Ҳозирги кунда урф бўлган тўёнани эса, холис бериладиган тўёна деб бўлмайди. Чунки у тўй куни, ҳамманинг кўз ўнгида берилади. Ва яна тўёна берувчи қанча бергани, қайси вақтда бергани, кимга бергани, у тахминан қачон қайтарилиши кераклигини ҳам ёзиб қўяди. Шунингдек, тўй эгаси ҳам тўй куни кимдан, қаердан, қанча тўёна олганини ва уни тахминан қачон қайтариши зарурлигини дафтарига ёзади. Бир неча ошна-оғайниларига тўёна берган одам ишонч билан: “Мен эллик ёки юздан ортиқ кишига тўёна берганман, улар қайтарса, фалон ишимни битириб оларман”, деб мақтаниб ҳам қўяди. Ўз-ўзидан кўриниб турибди, ҳозир урф бўлган бундай тўёналар қарз беришдан бошқа нарса эмас. Бирор сабаб билан тўйда иштирок этолмай қолса, тўёнани бирор одам орқали бериб юборишга мажбур, йўқса, ўртада гинахонлик, адоват бошланиши ҳам мумкин. Ҳолбуки, тўй эгасига бирор одамнинг малолланмасдан, мажбур бўлмасдан, ўз ихтиёри билан, имкониятидан келиб чиққан ҳолда, қайтариш шарти билан эмас, ёрдам сифатида берадиган тўёнаси ҳақиқий мурувват бўлиб, уни берувчи эҳсон қилган, ибодат қилган савобига эга бўлади.

Хулоса қилиб айтсак, оила қуриш учун икки тараф ҳаракат қилар экан, маҳалла аҳлининг, қариндошларнинг ва дўстларнинг тўёнаси оилавий иқтисодга ёрдам бериб, қувват бағишлайди. Шу туфайли янги қуриладиган оила мустаҳкам, ҳаёти фаровон бўлади.

Раҳматуллоҳ ОБИДОВ,

Тошкент Ислом университети доценти, тарих фанлари номзоди,

“Жўрабек” жомеи имом-хатиби