“Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман. Менга шукр қилингиз, ношукрчилик қилмангиз!“ (Бақара, 152). Ушбу ояти карима мўминларга улуғ неъмат ва мукофотдир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ушбу оятни: “Сизни зикр қилишим мени зикр қилишингиздан кўра улуғроқдир”, деб тафсир қилган. Аллоҳ таоло: “Бас, Мени ёд этингиз” деб бандаларига буюриб, оятнинг давомида: “(Мен ҳам) сизларни ёд этурман”, деб марҳамат қилмоқда. Ушбу оятда буйруқ жавоби билан бирга келган бўлиб, Парвардигорнинг амрини бажарган мўмин учун аниқ мукофот борлиги қатъият билан айтилмоқда. Ояти каримадаги зикрдан мақсад зикр қилувчи қалбини огоҳлантириш, уйғотишдир. Чунки қалбдан қилинган зикр давомли бўлади. Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу): “Одам боласининг ҳеч бир амали Аллоҳ таолони зикр қилишчалик уни Аллоҳнинг азобидан сақлаб қололмайди”, деб айтган.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай марҳамат қиладилар: “Ким Аллоҳга тоат қилса, Аллоҳни зикр қилибди. Гарчи намоз, рўза ва яхшилик ишларини оз қилган бўлса ҳам. Ким Аллоҳга осий бўлса, Уни унутибди. Гарчи намози, рўзаси ва яхши ишлари кўп бўлса ҳам” (Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Хувайз Миндоднинг “Қуръон ҳукмлари” китобидан).

Саид ибн Жубайр (розияллоҳу анҳу) оятнинг маъносини қуйидагича тафсир қилади: “Мени тоат-ибодат билан эсланг. Мен сизни савоб ва мағфират билан эслайман”. Шунингдек, у яна бундай дейди: “Зикр бу Аллоҳга тоатда бўлишдир. Ким Аллоҳга тоат қилмаса, Уни зикр қилмабди”.

Абу Усмон Наҳдий айтади: «“Мен Аллоҳ таоло бизни зикр қиладиган вақтини биламан”, деди. Шунда ундан: “Қаердан биласан?” деб сўрашди. Абу Усмон Наҳдий: “Аллоҳ таоло: “Бас, Мени ёд этингиз, (Мен ҳам) сизларни ёд этурман”, деб марҳамат қилган, деб жавоб берди”. Яъни, қачон биз Аллоҳни зикр қилсак, ўшанда Аллоҳ таоло бизни зикр қилаётган бўлади, деди. Абу Усмондан (раҳимаҳуллоҳ): “Аллоҳ таолони зикр қиламиз, лекин қалбимизда ҳаловатни ҳис этмаймиз?” деб сўрашди. У киши: “Аъзоларингиздан бирини ўз тоати билан зийнатлагани учун Аллоҳга ҳамд айтинг”, деб жавоб берди. Яъни, “тилингиз зикр қилиб турганига ҳам шукр қилинг”, деди.

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: Аллоҳ таоло айтади: “Эй Одам боласи, агар Мени ёлғиз зикр қилсанг, Мен ҳам сени ёлғиз ўзим зикр қиламан. Мени жамоат ичида зикр қилсанг, сени фаришталар жамоати ичида зикр қиламан. Менга бир қарич яқинлашсанг, сенга бир зиро яқинлашаман. Менга бир зиро яқинлашсанг, сенга бир қулоч яқинлашаман. Мен томон юриб келсанг, сен томон югуриб бораман”» (Имом Аҳмад).

Фаҳрур Розий (раҳматуллоҳи алайҳ) ушбу оятга ўнта шарҳ берган: «“Бас, Мени ёд этингиз”, яъни тоат-ибодатда эсла, сени раҳматим билан эслайман; дуо билан эсла, ижобат қилиш билан эслайман; ҳамд айтиб, ибодат билан эсла, сени мақташ ва неъмат бериш билан эслайман; дунёда зикр қил, сени охиратда зикр қиламан; хилватда эсла, фаришталар жамоасида эслайман; неъматларим кўп бўлганда эсла, қийинчиликда эслайман; ибодат билан эсла, ёрдам билан эслайман; ростлик ва ихлос билан эсла, ихлос ва неъматимни зиёда қилиш билан эслайман; Рабб сифатим билан эсла, раҳматим билан эслайман”.

Фарро (раҳматуллоҳи алайҳ) ушбу оятни қуйидагича тафсир қилади: “Ояти каримадаги “шукр”дан мурод яхшиликни англаш ва у ҳақида сўзлашдир. Банданинг Аллоҳ таолога шукри берган яхшиликларини эслаб, Унга ҳамд айтишидир. Парвардигорнинг шукри эса Ўзига тоат қилгани учун ўша бандасини мақташидир. Шунингдек, тил билан зикр қилиш, қалб билан иқрор бўлиш ва тоат билан Раббнинг неъматларини эътироф этиш банданинг шукри бўлади.

“Ношукрчилик қилмангиз!” ояти, “неъматим ва қўллаб-қувватлашимни инкор этманг”, деганидир. Куфр сўзи бу ерда неъматни беркитиш маъносидадир. Ҳасан Басрий, Абу Олия, Суддий ва Робеъ ибн Анас (раҳимаҳумуллоҳ) оятни: “Аллоҳ таоло Уни зикр қилганни зикр қилади, шукр қилганга неъматини кўпайтириб беради, куфр келтирганни азоблайди”, деб тафсир қилишган.

Зайд ибн Аслам (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Мусо (алайҳиссалом): “Эй Раббим, сенга қандай шукр қиламан?” деб сўради. Раббиси унга: “Мени зикр қилгин, унутмагин. Агар мени зикр қилсанг, дарҳақиқат, менга шукр қилган бўласан, агар мени унутсанг, менга куфр келтирган бўласан”, деди.

 

Юлдуз КОМИЛОВА

“Қуртубий” ва “Ибни Касир” тафсирлари асосида тайёрлади.