“Эй Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма ва бизга ҳузурингдан раҳмат ато эт! Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи)дирсан” (Оли Имрон, 8).

Аллоҳ таолонинг муҳаббати, раҳмати, фазли чексиз. Ушбу ояти каримада мўминларга дунё ва охират саодатига эришишлари учун энг яхши дуо таълим берилмоқда.

“Эй Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма”. “Ҳидоят йўлига солганингдан кейин” яъни, Ўзинг рози бўлган динингга муваффақ қилганингдан сўнг бизни ҳақ ва ҳидоят йўлидан оғдирма” (Бағавий тафсири).

Тилимизга “оғдирма” деб таржима қилинган «латузиғ» сўзининг ўзаги “зайғун” тўғриликдан оғиш, ҳақдан четланиш маъноларини беради. Оятнинг тафсири бундай: “Ё Аллоҳ, Сендан сўраймиз ва Ўзингга ялинамиз. Ҳидоятда собит қилиб, унда истиқомат қилдирганингдан сўнг қалбларимизни шу ҳидоятдан айирма. Ўзинг рози бўлмайдиган оғишни, қалбларни бузувчи ва кўзларни кўр қилувчи залолатни биздан узоқ қил”.

“Бизга ҳузурингдан раҳмат ато эт!” Яъни, “Ўзингнинг марҳамат ва неъматларингга бизни ноил айла. Улар билан кўнгилларимизни хушнуд эт ва ҳолатимизни яхшила”. “Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи)дирсан”, яъни фақат Ўзинг неъматларни миннатсиз берувчисан.

Фахруддин Розий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: «Оятдаги “раҳмат”дан мурод булардир: имон, тавҳид ва маърифат нури; ибодатлардаги мукаммаллик; ҳаётни енгиллаштирувчи соғлик, омонлик ва бекаму кўстлик; жон чиқиши ва қабрдаги савол-жавобда енгиллик; охиратда гуноҳлар кечирилиб, жаннатга ноил бўлиш».

“Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи)дирсан”. Яъни, “Сендан талаб қилаётганим нарсалар мен учун жуда катта. Сен учун арзимасдир. Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни эвазсиз ато этувчи)дирсан. Мискин бандангни умидини сўндирма, дуосини қайтарма. Уни Ўз раҳматингга олганларинг қаторидан айла”.

Ибн Касир (раҳматуллоҳи алайҳ) ва бошқалар ояти карима тафсирида баъзи ҳадиси шарифларни келтиришган. Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кечаси уйғонсалар, ушбу дуони ўқирдилар: “Сендан ўзга илоҳ йўқ, Сен нуқсонлардан поксан. Гуноҳим учун Ўзингга тавба қиламан ва раҳматингдан умидворман. Ё Аллоҳ, илмимни зиёда қил. Ҳидоят қилганингдан сўнг дилимни тўғри йўлдан оғдирма. Менга ҳузурингдан раҳмат ато эт. Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи)дирсан”» (Имом Абу Довуд, Имом Насоий, Ибн Мардавайҳ).

Шаҳр ибн Ҳавшаб (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: «Мен Умму Салама онамиздан (розияллоҳу анҳо): “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сизнинг уйингизда бўлганларида қайси дуони кўп ўқир эдилар?” деб сўрадим. Онамиз (розияллоҳу анҳо) У зотнинг (алайҳиссалом) энг кўп айтадиганлари бу эди: “Эй қалбларни бурувчи Зот, қалбимни динингда собит қилгин” дуоси эди. Мен: “Ё Расулуллоҳ (алайҳиссалом) нима учун “Эй қалбларни бурувчи Зот, қалбимни динингда собит қилгин” дуосини кўп айтасиз?” деб сўрадим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Эй Умму Салама, қалби Аллоҳ таолонинг измида бўлмаган ҳеч бир одам йўқ. Хоҳлаганини тўғри йўлда собит қилади. Хоҳлаганини ундан оғдиради”, дедилар» (Имом Термизий).

Тантовий ва Бағавий тафсирлари асосида Сора ҲУСАЙН қизи тайёрлади.