“Ушбу Китоб (Қуръон) шубҳадан холи ва (у шундай) тақводорлар учун ҳидоят (манбаи)дир” (Бақара, 2). Ушбу ояти карима орқали Парвардигор бандаларига доимо  ҳидоят йўлидан оғишмай, бардавом бўлишларини истаб панд-насиҳат қилмоқда.

Оятдаги биз “Ушбу” деб таржима қилганимиз “залика” лафзи Мусо ва Исо (алайҳимуссалом) тилидан ваъда қилинган Қуръони каримга ишорадир. Лекин бу лафз “Алиф ла мим”га ишорадир, деб айтганлар ҳам бор. Шунингдек, бир гуруҳ уламолар: “Ушбу” сўзидан ғоиб назарда тутилмоқда, деб бу масалада баҳслашган. Баъзилар: “Халоиқнинг бахтли ёки бахтсиз бўлиши, ажали ва ризқи ҳақида ёзилган Китоб”, деб айтган.

“Бағовий” тафсирида Фарро (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: Аллоҳ таоло ўзининг пайғамбарига сув ҳам ўчиролмайдиган, ундан ҳеч бир эътироз келиб чиқмайдиган бир Китоб нозил қилишини ваъда берди. Қуръон туширилгандан сўнг “Ушбу”, яъни сенга Таврот ва Инжилда ва сендан олдинги пайғамбарлар тилидан ваъда қилинган Китоб деди. Ибн Кайсон (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: «Аллоҳ таоло Бақара сурасидан олдин бир қанча сураларни туширган. Ўшанда мушриклар уни ёлғонга чиқаришган. Сўнг Бақара сурасини нозил қилиб: “Ушбу Китоб”, яъни Бақара сурасидан олдинги сураларда шак-шубҳа йўқдир”, деди».   

“Шубҳадан холи”, яъни унинг ўринбосари йўқ, демакдир. Бир қийилда бу китобни азалда Аллоҳ таоло Ўзи учун ёзгандир, дейилган. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло халқни яратгандан сўнг ҳузуридаги бир китобга “Раҳматим ғазабимдан ўзди”, деб ёзиб қўйди”, дедилар» (Имом Муслим).

Имом Қуртубий (раҳматуллоҳи алайҳ) “Ҳидоят (манбаи)дир” лафзини қуйи­дагича шарҳлайди: «Ҳидоят икки хил бўлади. Биринчиси: ҳидоят бу далолатдир. Бу ишга фақат  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва у кишига эргашганлар қодир. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Ҳар бир қавм учун ҳидоят қилувчи (пайғамбар) бордир” (Раъд, 7). “Албатта, Сиз (ваҳий ёрдамида) тўғри йўлга бошлайсиз” (Шўро, 52). Ушбу ояти карималар орқали Аллоҳ тао­ло пайғамбари (алайҳиссалом) ва унга эргашганларга далолат қилиш, даъват этиш ва огоҳлантириш маъносидаги ҳидоятни нисбат бермоқда. Иккинчиси: Аллоҳ таолога хос ҳидоят бўлиб, қўллаб-қувватлаш ва тавфиқ бериш маъносидадир. Парвардигор ўз пайғамбарига (алайҳиссалом) бундай хитоб қилмоқда: “(Эй Муҳаммад!) Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмайсиз, лекин Аллоҳ ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур” (Қасас, 56)».

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) Аллоҳ таолонинг: “Тақводорлар учун ҳидоят (манбаи)дир” деган сўзини: “Муттақинлар учун нурдир. Муттақинлар эса мўминлардир”, деб тафсир қилган (Ибн Жарир). Ушбу оятни Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) бундай шарҳлайди: “Ҳидоятдан билган илмларига амал қилишни тарк қилиб, Аллоҳнинг азобига тушиб қолишдан қўрқадилар. Шунингдек, Унинг ҳузуридан келган нарсани тасдиқлаганларида Унинг раҳматидан умидвор бўладилар” (Абу Хотим). Муоз ибн Жабалдан (розияллоҳу анҳу): “Муттақинлар ким?” деб сўрашди. У киши (розияллоҳу анҳу): “Ширк ва санамларга ибодат қилишдан тақво қилиб, ибодат­ларини Аллоҳга холис қилган кишилардир”, деб жавоб берди (Ибн Абу Хотим). Бир киши Абу Ҳурайрадан (розия­ллоҳу анҳу): “Тақво нима?” деб сўради. У киши (розияллоҳу анҳу): “Тиконли йўлга тушиб қолганмисан?” деб сўради. Ҳалиги одам: “Ҳа”, деди. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу): “Ўшанда нима қилгансан?” деб яна сўради. У киши: “Тиконни кўришим билан тиконсиз томондан юраман ё устидан сакраб ўтаман, ё уни кесиб ташлайман”, деди. Шунда ҳазрат Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу): “Мана шу тақводир”, деб жавоб қилди (Ибн Абу Дунё). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳеч бир банда мумкин бўлган нарсани, ундаги озгина шубҳадан қўрқиб тарк қилмагунча тақводор бўлолмайди”, деб марҳамат қилганлар (Ибн Можа, Абу Ҳотим ва Имом Хоким).

Аллоҳ барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин.

 

Юлдуз Асқар қизи “Фатҳул Қадир” ва Бағавий тафсирлари асосида тайёрлади.