وَهُوَ الَّذِي أَنْزَلَ مِنَ السَّمَاءِ مَاءً فَأَخْرَجْنَا بِهِ نَبَاتَ كُلِّ شَيْءٍ فَأَخْرَجْنَا مِنْهُ خَضِرًا نُخْرِجُ مِنْهُ حَبًّا مُتَرَاكِبًا وَمِنَ النَّخْلِ مِنْ طَلْعِهَا قِنْوَانٌ دَانِيَةٌ وَجَنَّاتٍ مِنْ أَعْنَابٍ وَالزَّيْتُونَ وَالرُّمَّانَ مُشْتَبِهًا وَغَيْرَ مُتَشَابِهٍ انْظُرُوا إِلَى ثَمَرِهِ إِذَا أَثْمَرَ وَيَنْعِهِ إِنَّ فِي ذَلِكُمْ لَآَيَاتٍ لِقَوْمٍ يُؤْمِنُونَ

“Осмондан сув (ёмғир) туширган Удир. Сувдан барча турдаги ўсимликларни ундириб чиқардик. Ундан яшил майсаларни чиқардик. Ундан донлари зич бошоқни чиқарамиз. Хурмодан эса, унинг шохидаги (мева) бошлари (ерга) яқини (ва яқин бўлмаганлари) бор. Шунингдек, узумзор боғлар, бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни(чиқардик). Уларнинг мевалагандаги (ғўр) мевасига ва пишганига (ибрат кўзи билан) боқинг! Шу (билган)ларингизда, албатта, имон келтирувчи қавмлар учун аломатлар бордир” (Анъом, 99).

“Осмондан сув (ёмғир) туширган Удир”. Яъни, Аллоҳ таоло ўз бандаларига раҳмат айлаб ўлчовли, баракотли ризқ боиси сувни – ёмғирни ёғдирувчи Зотдир.

“Сувдан барча турдаги ўсимликларни (ердан) ундириб чиқардик...”. Барча ўсимликлар ёмғир билан униб чиқади. Аллоҳ таоло бутун борлиқни сувдан яратганига ушбу ояти карима мазмуни ҳам ишора қилади: “...барча тирик мавжудотни сувдан (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?!” (Анбиё, 30).

Олдин ёмғир суви билан ердан “яшил майсаларни чиқардик...”, улардан эса “...донлари зич бошоқни чиқарамиз”.

Шунингдек, “Хурмодан эса, унинг шохидаги (мева) бошлари (ерга) яқини (ва яқин бўлмаганлари) бор...”. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ояти каримадаги “яқин” сўзини “узилиши яқин”, “пишиб етилган” деган мазмунда тафсир қилганлар. Яна бошқа бир тафсирда айтилишича, бу сўз “ерга яқин”, “турган ҳам, ўтирган ҳам уни олиши мумкин” деган маъноларни билдиради. Ибн Аббосдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган яна бир тафсирга кўра, оятда паст бўйли хурмо дарахтининг мева ғужумлари ерга ёпишиб туриши баён этилган.

“Шунингдек, узумзор боғлар, бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни (чиқардик)”. Муфассирларнинг ёзишларича, ўсимлик ва дон инсон учун асосий, мевалар иккиламчи озуқа бўлгани сабаб ояти каримада ўсимликлар ва дон-дун олдин, мева-чеваларнинг эса кейин зикр қилинган.

“...бир-бирига ўхшаган ва ўхшамаган зайтун ва анорларни (чиқардик)...” ояти каримаси тафсирида Қатода ва бошқа муфассирлар айтишади: “Барглари, мевасининг шакли бир-бирига ўхшаб кетади. Аммо таъми бошқа-бошқа”. Мисол учун, зайтун ва анор дарахтларининг барги ва кўриниши бир-бирига ўхшайди, аммо мевасининг шакли, таъми ва ранги умуман ўхшамайди. Шунингдек, пояси бир-бирига ўхшайдиган, аммо дони ва меваси ҳар хил бўлган мевалар, ранги ўхшаш, бироқ таъми ҳар хил мевалар ҳам бор. Буларнинг бари бандаларнинг фикр юритишлари учундир.

Ояти каримада хурмо ва узумнинг алоҳида зикр қилинишига сабаб, бу икки меванинг Ҳижоз халқи наздида қадрли эканидир.

“Уларнинг мевалагандаги (ғўр) мевасига ва пишганига (ибрат кўзи билан) боқинг!..” Мева туккани ва пишган ҳолига, бир рангдан бошқа рангга ўзгаришига, бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтишига бир назар ташланг.

Замахшарий тафсирида бундай дейилади: “У мевасини чиқарган пайтда жуда кичик бўлади, ундан деярли фойдаланишнинг иложи йўқ. Энди пишган ва етилган ҳолатига қаранг: у қандай қилиб барча фойдали нарсаларга тўла ва ширин таъм кирган неъматга айланди? Назар солганда ҳам, уни бир ҳолатдан бошқа ҳолатга ўтказган, миқдорини белгилаган Аллоҳнинг қудратига қоил бўлинг!”

Аллоҳ таоло инсон табиатини, унинг бир хил нарсалардан ва бир хил рангдан зерикишини билади. Шунинг учун меваларнинг тури, таъми ва навини турли хил қилиб қўйган. Аллоҳ таоло бу неъматларни бандалари шукр қилишлари учун шундай мукаммал қилиб яратган.

“Шу (билган)ларингизда, албатта, имон келтирувчи қавмлар учун аломатлар бордир”. Айтиб ўтилганидек, Аллоҳ таоло бу оятларни имон келтирган ва ишонганлар учун келтиради, аммо ким юз ўгирса, ажойиб оятлар ва улкан неъматларнинг маъносини тушуна олмайди.

Абу Мансур Мотуридий, Маҳмуд Замахшарий, Ибн Касир тафсирларидан Бадриддин САДРИДДИН ўғли тайёрлади.