لَقَدْ جَاءَكُمْ رَسُولٌ مِنْ أَنْفُسِكُمْ عَزِيزٌ عَلَيْهِ مَا عَنِتُّمْ حَرِيصٌ عَلَيْكُمْ بِالْمُؤْمِنِينَ رَءُوفٌ رَحِيمٌ

“Ҳақиқатдан сизларга ўзларингиздан (чиққан), сизларнинг қийинчиликларингиздан алам чекадиган, сизлар билан қизиқувчи ва мўминларга мушфиқ ва марҳаматли Расул келгандир” (Тавба, 128).

Ушбу оятда Муҳаммад пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бешта хусусиятлари зикр қилинган:

1. У зот (алайҳиссалом) охирги пайғамбардирлар. Оятдаги “...сизларга ...Расул келгандир” муборак жумласи Муҳаммад пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Аллоҳ таоло юборган охирги пайғамбар эканларига ишорадир.

Жумҳур уламолар оятдаги “ўзларингиздан” лафзидан мурод араблар, деб тафсир қилишган. Зеро, Расули акрам (алайҳиссалом) Арабистонда яшаганлар, пайғамбарлик вазифаларини ҳам у ерда олиб борганлар. Қуръон ҳам у зот ва қавмларининг тили бўлмиш араб тилида нозил бўлган.

Имом Қуртубийга кўра, “ўзларингиздан” ояти каримаси Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) насабларининг тозалиги ҳақидадир. Зеро, у зотнинг ўзларидан (алайҳиссалом) бу борада: “Мен никоҳдан туғилдим. Зинодан эмас”, мазмунидаги ҳадис бор (Ҳайсамий, “Мажмаъуз завоид”). Яъни, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) ҳазрат Одамгача (алайҳиссалом) бўлган насабларида никоҳсиз туғилган бирор киши йўқ.

2. У зот (алайҳиссалом) умматларининг озор чекишига асло рози бўлмаганлар. Бу фикр оятнинг “азизун ъалайҳи ма ъаниттум” қисмида таъкидланган. Унинг маъноси бундай: “Сизнинг бирон-бир қийинчиликка тушиб, заҳмат чекишингиз у зотга жуда оғир келади”.

Муфассирлар оятни, шунингдек: “Сизларнинг дўзахга тушишингиз у зотга жуда оғир келади”, деб ҳам тафсир қилишган.

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тилаклари умматларининг дунё ва охиратда саодатманд бўлишларидир. “Ҳар бир пайғамбарга ижобати аниқ бўлган бир дуо берилган ва улар бу имкониятдан шу дунёда фойдаланиб бўлганлар. Мен эса, уни умматларимнинг гуноҳларини сўраш учун охиратга қолдирдим”, деган мазмундаги ҳадислари бор. Ҳа, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бутун ҳаётлари давомида уммат дарди билан яшадилар. Ҳатто вафот этар чоғларида ҳам “умматим”, дея жон таслим этдилар.

3. У зот (алайҳиссалом) умматларининг саодатга эришишларига жуда ҳам ҳарис эдилар. Оятда зикр қилинган “ҳарис” сўзи бир нарсани қаттиқ исташ, ҳирс қўйишни билдиради. Халқимизда ҳам бойлик тўплашга муккасидан кетган одамга “мол-дунёга ҳирс қўйган”, деган ибора ишлатилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қавмларининг барчаси имонга келишини, солиҳ амаллар қилишини хоҳлардилар. Йигирма уч йил пайғамбарлик ҳаётлари давомида одамларни Ҳаққа чорладилар. Агар сўзларини кишилар қабул қилиб, имон келтиришса, жуда суюниб кетар, баъзилар қабул қилмаса, қайғуга тушардилар. Шуаро сурасида бундай баён қилинган: “(Эй Муҳаммад,) эҳтимол Сиз (Макка мушриклари) мўмин бўлмаганлари учун ўзингизни ҳалок қилмоқчидирсиз” (3-оят). Ояти карима, шунингдек, “Пайғамбар (алайҳиссалом) сизларнинг жаннатга киришингизни қаттиқ хоҳлайди”, шаклида ҳам тафсир қилинган.

4. У зот Рауф – мушфиқ ва ўта меҳрибон эдилар. “Рауф” – Аллоҳ таолонинг исмларидан биридир. Аллоҳ таоло ўзининг бу исми билан Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) атамоқда. У зотнинг шафқату мурувватлари, кечиримлиликлари ҳақиқатан ҳам чексиз эди. Бунга ёрқин мисол қилиб Макка фатҳида бутун Макка халқини, жумладан, ўзларига бемисл озор етказган Абу Суфён, Икрима каби инсонларни ҳам кечириб юборганларини айтиш мумкин. Инсоният тарихида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) каби мурувватли инсон бўлмаган. Бу фақат Хотамул Анбиё, сарвари коинотга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хос хислатдир. Шунинг учун ҳам у зот оламларга рахмат эдилар.

5. У зот Раҳим – жуда ҳам марҳаматли эдилар. Аллоҳ таоло бу оятида Ўз исмларидан яна бири – “Раҳим” исми билан муҳтарам Пайғамбаримизни (алайҳиссалом) атамоқда. Ҳусайн ибн Фазл айтади: “Аллоҳ таоло бошқа ўтган пайғамбарлардан ҳеч бирини Ўзининг икки исми билан атамаган. Бу мақом, бу мартабага фақат Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) лойиқдирлар!”

Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳаматлари шу даражада эдики, саҳобалар Уҳуд жангида у зотни яралаган мушрикларни дуоибад қилишларини сўраганларида: “Илоҳим, қавмимни ҳидоят қил, албатта, улар нима қилаётганларини билмаяптилар”, дея дуойи хайр қилганлар ҳамда: “Мен лаънатловчи бўлиб эмас, раҳмат-марҳамат бўлиб юборилдим”, деганлар (Муслим ривояти).

Бир сўз билан айтганда, Аллоҳ таоло “Сиз, албатта, буюк хулқ соҳибисиз” (Қалам, 4), дея таърифлаган Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бутун ҳаёт тарзлари биз умматлар учун юкасак намунадир.

Биз мусулмонлар оламларнинг яратилишига сабабчи бўлган, башариятнинг энг хайрлиси, Аллоҳ ва бутун фаришталар салавот айтадиган зот – Муҳаммад мустафога (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уммат бўлганимиз учун шукр қилишимиз, у зотни севишимиз ва у зотга зргашишимиз лозим. Бу Қуръон ва Суннатга оғишмай амал қилиш билан намоён бўлади.

Манбалар асосида Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади.