«Одамлар орасида шундайлари ҳам бор, улар: “Эй Раббимиз, бизга шу дунёда бергин”, дейди. Ваҳоланки, уларга охиратда насиба йўқдир. Яна шундайлари ҳам бор, улар: “Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин”, дейди» (Бақара, 200–201).

 Мушриклар ҳажда қилган хатолари учун тавба қилиб, Аллоҳ таолодан мағфират сўрамасдан: “Бизга қўй, сигир, туя бер”, дея дунё матоҳларини сўраб илтижо қилишарди. Ривоятлардан бирида бундай дейилади: “Бир киши: “Ё Аллоҳ, отам узун бўйли, басавлат, бой одам эди. Менга ҳам худди шуларни бер”, деб айтди”. Ҳақ таоло шунга ўхшаш хато амалларидан огоҳлантириб, ушбу: «Одамлар орасида шундайлари ҳам бор, улар: “Эй Раббимиз, бизга шу дунёда бергин”, дейди. Ваҳоланки, уларга охиратда насиба йўқдир», оятни нозил қилди.

Қиёматнинг ҳақ эканига, ундан сўнг абадий ҳаётнинг борлигига ишончи бўлмаган кимсалар фақат шу дунёнинг роҳат-фароғатини сўрайди. Ундай кимсалар учун охиратда яхшилик йўқ. Баъзилар эса фақат охиратнинг яхшилигини сўрайди. Яна бошқа кишилар дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатли, бахтли бандалардан бўлишини истаб, Яратганга илтижо қилади. Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўта заиф ва нимжон бўлиб қолган бир кишини кўрдилар ва ундан: “Аллоҳ таолога бирон нарса сўраб дуо қилдингми?” дедилар. У деди: «Ё Расулуллоҳ, мен: Ё Аллоҳ, менга охиратда бериладиган азоб-уқубатни шу дунёда бергин, деб айтар эдим». Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Субҳаналлоҳ, ундай бўлса, кучинг ҳам, тоқатинг ҳам етмабди. “Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик, охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин”, демайсанми», дедилар» (Имом Муслим ривояти).

Тафсирларда, оятда баён қилинган яхшиликнинг бу дунёдагиси хотиржамлик, охиратдагиси эса жаннатдир, дейилган. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Дунёдаги яхшилик имон, гуноҳларнинг кечирилишидир. Охиратдаги яхшилик эса жаннатдир”. Ҳасан Басрий (раҳимаҳуллоҳ): “Дунёдаги яхшилик илм ва ибодатдир. Охиратдаги яхшилик эса жаннатдир”, деса; Суддий ва Ибн Ҳиббон (раҳимаҳумуллоҳ): “Дунё яхшилигидан мурод ҳалол ризқ ва солиҳ амалдир. Охират яхшилиги эса мағфират ва савобдир”, деганлар.

Охиратдан насибаси йўқ кимсаларнинг қалбини дунё ҳою ҳаваси, ташвишлари чулғаб олган бўлади. Мўмин одам эса хатоларидан Аллоҳ таолога тавба қилиб, истиғфор айтиб, ишонч билан дуо қилади.

Уламолар ушбу ояти карима барча дуоларни ўзида жамлаган, дейишган. Собит ибн Анас (розияллоҳу анҳу): "Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шу дуони кўп айтардилар" (Имом Бухорий ривояти), деган.

Абдуссалом ибн Шаддот (розияллоҳу анҳу) айтади: “Мен Анас ибн Моликнинг (розияллоҳу анҳу) ҳузурларида эдим. Собит (розияллоҳу анҳу) у кишига: “Дўстларингиз ҳақларига дуо қилишингизни исташмоқда”, деди. Шунда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу): “Ё Аллоҳ, бизга бу дунёда яхшилик, охиратда ҳам яхшилик ато эт ва бизни дўзах азобидан асра”, деб дуо қилди.

Аллоҳ таоло барчамизга дунё ва охират яхшилигини ато этиб, Ўзининг бахтли бандаларидан қилсин!

 

"Фатҳул Қадир", Бағавий, Тантовий тафсирлари асосида Юлдуз АСҚАР қизи тайёрлади.