“У кунда тақводорлардан ўзга дўстлар бир-бирларига душмандирлар. (У кунда тақво аҳлига айтилур:) “Эй бандаларим! Бугун сизларга хавф йўқдир ва сизлар асло ғам чекмайсиз. (Улар дунёда) оятларимизга имон келтирган ва мусулмон бўлган(банда)лар. Ўзингиз ҳам, хотинларингиз ҳам мамнунлик ҳолларингизда жаннатга кирингиз!”» (Зухруф, 67 – 70)

Уламолар Зухруф сурасининг 67-ояти икки мушрик дўст, Убай ибн Халаф ва Уқба ибн Абу Муъайт ҳақида Маккада нозил бўлган, дейишган. Уқба ибн Абу Муъайт Маккада Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга ўтириб қолади. Буни кўрган мушриклар: “Уқба ибн Абу Муъайт ўз динидан воз кечиб, янги динга ўтибди”, деган гапларни тарқатишади ва буни эшитган Убай ибн Халаф дўстига: “Агар Муҳаммад билан учрашганингда унинг юзига туфламасанг, менинг юзим сенга ҳаром”, дейди. Уқба дўсти айтганидай қилади. Бу иши учун Бадр жангида ҳибс қилиб ўлдирилди. Убай ибн Халаф эса Уҳудда ўлдирилади. У иккиси бу дунёда гуё бир-бирига содиқ дўст бўлсалар ҳам, охиратда бир-бирига ашаддий душманга айланиб, бир-бирини лаънатлайди.

“У кунда тақводорлардан ўзга дўстлар бир-бирларига душмандирлар”. Қиёмат куни ҳамма ўзи билан ўзи бўлади ва бир-биридан қочади. Қиёмат куни ҳар қандай яқинлик узилади,(уларни бирлаштириб турувчи) алоқалар узилади” (Бақара, 166). Лекин Аллоҳ учун бўлган дўстлик охиратда ҳам давом этади. “Биз (жаннатдаги) сўриларда биродар бўлиб, бир-бирларига юзма-юз ўтирганларнинг дилларидаги гина (ва адоватлар)ни чиқариб ташлагаймиз” (Ҳижр, 47). Жаннатда ҳақиқий дўстларнинг бу дунёда шайтон васвасаси билан қалбларида пайдо бўлган гина-кудуратлар чиқариб ташланади. Чунки дўстлик ҳар қанча мустаҳкам бўлмасин, барибир оз бўлса ҳам гина-кудурат бўлади. “Дарвоқе, кўп ошна-оғайнилар бир-бирларига зулм қилурлар. Фақат имон келтирган ва яхши амалларни қилган кишиларгина (зулм қилмаслар), улар эса жуда оздирлар” (Сод, 24).

Қиёмат кунида бу дунёда тақво ва яхшилик юзасидан дўстлашганлар бир-бирлари ҳақида ўйлайдилар ва уларга бир-бирларига ёрдамлашишларига изн берилади. Бунга Зухруф сурасининг 67-ояти далилдир.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) ушбу оятнинг тафсирида бундай деган: “Икки кофир дўст ёки икки мўмин дўст бор. Мўмин дўстлардан бири вафот этади ва унга жаннат башорати берилади. Шунда у дўстини эслаб: “Ё Аллоҳ, фалончи менинг дўстим, у мени Сен ва расулинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га итоат қилиб, яхши амалларни қилиш ва ёмон амаллардан тийилишга чақирар, айтганларини қилсам, Сенинг розилигингга эришишимни айтар эди. Ё Аллоҳ, уни залолатга кетказмагин ва мендан рози бўлганинг каби ундан ҳам рози бўлгин”, дейди. Унга: “Агар унга аталган нарсаларни билганингда эди, кўп хурсанд бўлиб, кам ғамгин бўлган бўлар эдинг”, дейилади. У дўсти ҳам вафот этиб, иккиси жамланади. Улар бир-бирларини мақтаб: “Қандай ҳам яхши дўст, ҳамроҳ ва биродар”, дейишади. Икки кофир дўстда эса бунинг акси бўлади. Улар бир-бирини маломат қилади” (Ибн Абу Ҳотим ривояти).

Дўстлик Аллоҳ таоло учун ёки дунё манфаати учун боғланади. Дунё манфаати учун бўлган дўстлик дунёнинг ўзида қолади. Охиратда давом этмайди. Аллоҳ таолога маъсият қилиш йўлида дўстлашганлар охиратда бир-бирларини лаънатлаб, маломат қилади. Чунки уларнинг ҳар бири бу аянчли ҳолга тушишига “дўсти”ни сабабчи деб билади.

Аллоҳ учун дўстлашиш ўзаро меҳр-муҳаббат, ҳурмат, иззат ва тақво асосига қурилади. “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз!” (Моида, 2).

Дўст танлаётганда унинг дини, эътиқоди ва тақвосига албатта эътибор бериш керак. Чунки дўст дўстдан таъсирланади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га эргашиш билан мўминлар ўртасида дўстлик ришталари мустаҳкамланади. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қайтарган ҳамма нарсалар дўстликка путур етказади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) чақимчилик, ҳасад, ёлғон ва ғийбатдан қайтарганлар. Демак, мўминларнинг дўстлиги Қуръони карим ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг суннатларига эргашиш билан мустаҳкам бўлади.

(У кунда тақво аҳлига айтилур:) “Эй бандаларим! Бугун сизларга хавф йўқдир ва сизлар асло ғам чекмайсиз”». Яъни, сизларга дунёда бўлгани каби қўрқув йўқ ва бундан кейин эса ўкиниш ва ғам ҳам йўқдир. Муфассирлар айтишича, Қиёмат куни йиғилганларга “Эй бандаларим!” деб нидо қилинганида барча одамлар бошини кўтаради. (Улар дунёда) оятларимизга имон келтирган ва мусулмон бўлган(банда)лар”, дейилгач, мусулмон бўлмаганлар бошларини қайта эгиб олишади. Мусулмонларга эса: “Ўзингиз ҳам, хотинларингиз ҳам мамнунлик ҳолларингизда жаннатга кирингиз!” дейилади. Баъзи муфассирлар бу оятдан дунёда ака-ука, дўст каби тақво хусусида яқин бўлганлар ҳам тушунилади, дейишади.

Киши бу дунёда кимни яхши кўрса, охиратда ҳам ўшалар билан бўлади. Шунинг учун дўст танлашда ва ўзаро алоқаларда тақво биринчи ўринга қўйилса, охиратда ҳам у дўстлик давом этади.

Тафсир китоблари асосида Муҳаммадсиддиқ МУКАРРАМ тайёрлади.