Қасамёд этурман анжир ва зайтун билан, Тури Синин (тоғи) билан, мана шу тинч-осойишта шаҳар (Макка) биланки, ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик. Сўнгра (қариган сари), уни асфаласофилинга (қомати хам бўлишга) қайтардик. Илло, имон келтирган ва яхши амалларни қилганларга битмас-туганмас ажр (мукофот) бордир. Бас, (эй, инсон!) шундай бўлгач, жазо (куни)ни инкор этишга сени нима мажбур этмоқда?! Ахир Аллоҳ ҳукм чиқарувчиларнинг адолатлиси эмасми?! (Тин сураси).

Анжир ва зайтун мевалар орасида энг сараларидир. Табиблар анжирни озуқали мева, баданга фойдаси кўп, дейишган. Зайтундан эса турли таомлар тайёрланишида фойдаланилади. Ундан олинган ёғ даво учун ишлатилади.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бир товоқ анжир ҳадя қилинганида, у зот анжирдан еб, саҳобаларга ҳам: “Енглар, агар жаннатдан битта мева келтирилиши айтилса, мен анжирни танлаган бўлардим. Чунки анжир жаннат мевасидир. Анжир енглар, анжир бавосир (бавосил, ўсимта, бўқоқ хасталиклари)ни кесади, нақрус (бўғим ва оёқ бармоқлари оғриғи)га фойда қилади”, деганлар. Яна: “Муборак зайтун дарахтидан бўлган мисвок қандай ҳам яхшидир. У оғизни хушбўй қилади, ёқимсиз ҳидни кетказади”, дея марҳамат қилганлар (“Тафсири Насафий”).

“Тур” тоғдир. “Синин” чиройли, муборак маъноларида тафсир қилинган. Тур тоғида Мусо (алайҳиссалом) Аллоҳ таолога роз айтган. Макка шаҳри ҳарамдир. У ҳудудга кирган киши омонликда бўлади. У ерда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) таваллуд топганлар, ваҳийлар нозил бўлган.

“Ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик. Сўнгра (қариган сари), уни асфаласофилинга (қомати хам бўлишга) қайтардик”.

Инсоннинг ёши ўтган сари тик, дуркун тана камон каби эгилиб, қариб-қартаяди, қоп-қора сочлар оқаради, терилар бужмайиб, тиришади, кўриш, эшитиш қуввати сусаяди, юриш секинлайди, овоз бўғилиб боради, куч кетади, хотира пасаяди.

Ана шундай пайтда, айниқса, ота-оналари ҳаёт бўлган кишилар хизматларида камарбаста бўлиб дуо олиш имкониятига жуда яқин туради. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради:

Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!

Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!” (Исро, 23 – 24).

(Юртимизда жорий йилнинг “Кексаларни эъзозлаш йили” деб эълон қилиниши ҳам ёши улуғларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром рамзидир).

Аллоҳ таоло раҳмли ва меҳрибон зотдир. Инсон қаригач, машаққат билан қиладиган тоатларига, сабрларига яраша ажр беради.

Мўмин банда табаррук ёшга етса ва у йигитлик пайтида солиҳ амаллар қилган бўлса, унга ибодатларидаги нуқсонлари ёзилмайди. Балки куч-қувватга тўлган пайтдаги ажр берилади”(Ҳоким ривояти).

Шундай бўлгач, жазо (куни)ни инкор этишга сени нима мажбур этмоқда?! Ахир Аллоҳ ҳукм чиқарувчиларнинг адолатлиси эмасми?!

Инсон бир қатра сувдан аъзолари бутун ва комил кўринишга эришди ва яна умри ўтиши билан таналар эгилди.

Демак, яхши амаллар қилишга шошилиш зарур. Ёши улуғларнинг ҳурматини жойига қўйиш, насиҳатларига қулоқ тутиб, дуоларини олиш зиммамиздаги муҳим вазифа эканини асло унутмаслигимиз лозим.

Тафсири Насафий”, “Фатҳул қодир” тафсирлари асосида Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.