وَاعْبُدُوا اللَّهَ وَلَا تُشْرِكُوا بِهِ شَيْئًا وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا وَبِذِي الْقُرْبَى وَالْيَتَامَى وَالْمَسَاكِينِ وَالْجَارِ ذِي الْقُرْبَى وَالْجَارِ الْجُنُبِ وَالصَّاحِبِ بِالْجَنْبِ وَابْنِ السَّبِيلِ وَمَا مَلَكَتْ أَيْمَانُكُمْ إِنَّ اللَّهَ لَا يُحِبُّ مَنْ كَانَ مُخْتَالًا فَخُورًا

«Аллоҳга ибодат қилингиз ва Унга ҳеч нарсани шерик қилмангиз! Ота-оналарга эса яхшилик қилингиз! Шунингдек, қариндошлар, етимлар, мискинлар, қариндош қўшнию бегона қўшни, ёнингиздаги ҳамроҳингиз, йўловчи (мусофир)­га ва қўл остингиздаги (қарам)­ларга ҳам (яхшилик қилинг)! Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди» (Нисо, 36).

 

Аллоҳ таоло мазкур ояти каримада бандаларини ўнта яхши амалга буюрмоқда. Уларни адо этиш билан жамиятда соғлом муҳит ҳукм суради, одамлар орасида ўзаро иттифоқлик, ҳурмат ва оқибат юзага келади.

Биринчидан, ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзига ибодат қилиш, Унга бирор нарсани шерик қилмаслик. Аллоҳни таниган, Унга холис ибодат қиладиган кишидан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Чунки Ислом динида буюрилган барча ибодатларни ихлос ва эътиқод билан адо этадиган инсон гўзал ахлоқу одобларни эгаллаб боради. Аллоҳ таолога ширк келтириш гуноҳларнинг энг каттаси бўлиб, у сабабли киши имонидан айрилади. Натижада, қилган барча тоат-ибодатлари, солиҳ амаллари бесамар ва зое кетади. Аллоҳ таоло Ўзига ширк келтирган ҳолда, тавба қилмай вафот этган кишини кечирмайди.

«Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)лари­дан кечирур. Ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у улкан гуноҳни тўқиб чиқарибди» (Нисо, 48).

Иккинчидан, ота-онага яхшилик қилиш. Фарзанднинг зиммасида ота-онасининг ҳақи жуда кўпдир. Ота-онага яхшилик қилишга буюрувчи оятлар Қуръони каримнинг бир неча сураларида келган. Афсуски, баъзи бир ноқобил фарзандлар ота-оналарини кексайиб қолган вақтларида қаровсиз қолдиради, баъзилари эса уларни боқиш ва парвариш қилишдан ор этиб, қариялар уйига элтиб қўяди.

Учинчидан, қариндошларга яхшилик қилиш. Қариндошлар билан борди-келди қилиш силаи раҳм дейилади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким ризқи мўл, умри узоқ бўлишини хоҳласа, силаи раҳм қилсин”, деганлар (Муттафақун алайҳ). Қариндошлар билан алоқани узиш оғир гуноҳдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Қариндошлик риштасини узган одам жаннатга кирмайди”, деганлар (Муттафақун алайҳ). Албатта, мусулмон борки, жаннатга киришни умид қилади. Демак, жаннатга киришни хоҳлаган инсон қариндошлар билан борди-келди қилиши, қўлидан келганича уларга ёрдам бериши лозим.

Тўртинчидан, етимларга яхшилик қилиш. Маълумки, етимлар жамиятдаги энг ожиз ва ҳимоясиз тоифадир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «“Мен ва етимни кафиллигига олган киши жаннатда мана шундай (яқин) турамиз”, деб кўрсаткич ва ўрта бармоқлари орасини озроқ очиб кўрсатдилар» (Имом Бухорий ривояти). Уламолардан Ибн Баттол бундай деган: “Ушбу ҳадисни эшитган киши унга амал қилиб, жаннатда Пайғамбар (алайҳиссалом) билан бўлиш бахтини қўлга киритишга ҳаракат қилмоғи лозим. Зеро, охиратда бундан кўра улуғроқ даража йўқдир”.

Бешинчидан, мискинларга яхшилик қилиш. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мискин – инсонлар орасида (тиланчилик қилиб) юрадиган, бир-икки луқма ёки бир-иккита хурмо бериб, қайтариладиган кимса эмас. Балки мис­кин эҳтиёжини қоплайдиган нарсаси бўлмаган кишидирки, одамлар унинг (бундай) аҳволидан воқиф эмаслиги боис унга садақа бермайдилар, унинг ўзи ҳам туриб одамлардан тиланчилик қилмайди”, деганлар (Муттафақун алайҳ). Демак, мискин инсонни топиш, ҳақиқатан ҳам мискин эканини аниқлаш бир оз мушкул. Ҳозир кўча-кўйда, чорраҳаларда туриб, тиланчилик қилаётганлар ҳақиқий мискинлар эмас. Хайр-эҳсон қилмоқчи бўлганлар ҳақдор кимсаларни топиб берганлари яхши.

Олтинчидан, қариндош қўшнига яхшилик қилиш. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида қариндош қўшнининг бегона қўшнига нисбатан ҳақи икки ҳисса эканини, унинг ҳам қариндошлик, ҳам қўшнилик ҳақи борлигини таъкидлаганлар. Шунинг учун ояти каримада қариндош қўшни бегона қўшнидан олдин зикр қилинмоқда.

Еттинчидан, бегона қўшнига яхшилик қилиш. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаброил (алайҳиссалом) менга қўшнига яхшилик қилишни шу даражада кўп тайинладиларки, ҳатто мен унинг меросхўр бўлиши ҳақида ваҳий тушармикан деб ўйлаб қолдим”, деганлар (Муттафақун алайҳ).

Қўшнисига азият берган кимсанинг имони комил бўлмаслиги ҳақидаги ҳадис қўшничилик ҳақи нақадар муҳим эканини англатади.

Саккизинчидан, яқин ҳамроҳларга яхшилик қилиш. Муфассир уламолар “яқин ҳамроҳ” жумласини аҳли аёл, доимий ҳамроҳ, ошна, оға-ини, меҳмон каби маъноларда тафсир қилишган. Барчасини умумлаштирган ҳолда айтиш мумкин, киши кундалик ҳаётида унга ҳамроҳ бўладиган инсонларга яхшилик қилиши лозим. Хоҳ у оилада бўлсин, хоҳ кўчада, хоҳ ишда бўлсин, хоҳ ўқишда инсонлар билан яхши муомала қилиши, қўлидан келганича улардан яхшилигини аямаслиги даркор. Зеро, ҳар жойда инсонлар бир-бирларига ёрдам бериб, самимий муомалада бўлсалар, албатта, жамиятда тинчлик, тотувлик ҳукм суради.

Тўққизинчидан, йўловчи-мусофирга яхшилик қилиш. Ўз ватанига қайтиш учун маблағи йўқ мусофирга ёрдам бериш лозим. Бирор юмуш билан бегона юртга келган кимсага йўл кўрсатиб юбориш, оғирини енгил қилиш, яхши муомала билан унинг кўнглини кўтариш керак.

Ўнинчидан, қўл остингиздагиларга яхшилик қилиш. Қўл остидагиларга яхшилик қилиш деганда уларнинг меҳнатларини қадрлаш, қилган хизматлари учун вақтида ҳақ тўлаш тушунилади. Корхона раҳбарлари ходимларнинг лаёқатига қараб иш тақсимлаши, иқтидорлиларини рағбатлантириб туриши ҳам шулар жумласидандир.

Мазкур оятда жамиятдаги деярли барча тоифа инсонлар зикр қилиб ўтилган ва барчасига бирдек, яхшилик қилишга, яхши муомалада бўлишга буюрилади.

«...Албатта, Аллоҳ кибрли ва мақтанчоқ кишиларни севмайди». Бу оятда икки сифатнинг зикр қилинишига сабаб, айнан шулар, инсонни қариндошларига, яқинларига ва оятда санаб ўтилган бошқа тоифаларга яхшилик қилишдан тўсади. Оқибатда, инсон Аллоҳ таолонинг раҳматидан, мағфиратидан бенасиб, У севмайдиган бандалар тоифасига кириб қолади. Аллоҳ таоло барчамизни ёмон оқибатлардан асрасин.

Шайх Абдураззоқ ЮНУС,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари