كُلُّ نَفْسٍ ذائِقَةُ الْمَوْتِ وَإِنَّما تُوَفَّوْنَ أُجُورَكُمْ يَوْمَ الْقِيامَةِ فَمَنْ زُحْزِحَ عَنِ النَّارِ وَأُدْخِلَ الْجَنَّةَ فَقَدْ فازَ وَمَا الْحَياةُ الدُّنْيا إِلاَّ مَتاعُ الْغُرُورِ (185) لَتُبْلَوُنَّ فِي أَمْوالِكُمْ وَأَنْفُسِكُمْ وَلَتَسْمَعُنَّ مِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتابَ مِنْ قَبْلِكُمْ وَمِنَ الَّذِينَ أَشْرَكُوا أَذىً كَثِيراً وَإِنْ تَصْبِرُوا وَتَتَّقُوا فَإِنَّ ذلِكَ مِنْ عَزْمِ الْأُمُورِ

 «Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир. Қиёмат кунида, албатта, мукофотларингиз сизларга тўла-тўкис берилур. Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди. Бу дунё ҳаёти эса, фақат ғурур (алдов) матоҳидир. Мол-мулкларингиз ва жонларингиз (офати ва мусибати) ила синалурсизлар. Шунингдек, сизлардан олдин Китоб берилганлар ва мушриклардан кўп азиятли (аччиқ) гапларни эшитасизлар. Агар сабр қилсаларингиз ва тақволи бўлсаларингиз, албатта, бу яхши ишлардандир» (Оли Имрон, 185–186).

Бу дунёдаги ҳар бир жонзот ўлим аччиғини тотади. Ҳеч ким ўлимдан қочиб қутулмайди. «Айтинг: “Сизлар қочаётган ўлим, албатта, сизларга йўлиқувчидир! Сўнгра сизлар яширин ва ошкора нарсаларни билувчи зотга (Аллоҳга) қайтарилурсиз...”» (Жума, 8).

Жон бериш қийин ва оғирдир. Шунинг учун Пайғамбарлар (алайҳимуссалом) жон бериш вақтида бўладиган азобни енгиллатишини Аллоҳдан сўрашган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ё Аллоҳ, ўлим вақтида (унинг қийинчиликларини енгишда) менга ёрдам бергин”, деб дуо қилардилар (Термизий ривояти). Барча инсонлар вақти соати келганда бу дунёни тарк этади ва охиратда қайта тирилади, «(Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир. Улуғлик ва икром соҳиби бўлмиш Раббингизнинг “юзи” боқий қолур» (Ар-Раҳмон, 26–27). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Жаброил келиб: “Эй Муҳаммад, хоҳлаганингизча яшанг, барибир ўласиз. Хоҳлаган кишингизни яхши кўринг, албатта, ундан ажраласиз. Хоҳлаган амалингизни қилинг, албатта, ажрини оласиз. Билингки, тунлари ибодат билан бедор бўлиш мўминнинг шарафидир, иззати эса инсонлардан беҳожатлигидир”, деди» (Табароний ривояти). Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Лаззатларни кесувчи ўлимни кўп эсланг”, деганлар (Термизий ривояти).

«Қиёмат кунида, албатта, мукофотларингиз тўла-тўкис берилур».

Бу дунё имтиҳон дунёси, бу дунёда ҳар ким ўз амалига яраша муносиб мукофот ёки муносиб жазо олмаслиги мумкин, лекин қиёмат куни ҳар бир инсон нима амал қилган бўлса, албатта, амалига яраша савобини, гуноҳига яраша жазосини олади. У кунда ҳеч кимга зулм қилинмас, ҳар ким қилган амалига яраша мукофотини олади.

«Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди». Ҳеч ким ўз амали билан жаннатга кирмайди, балки Аллоҳ таолонинг фазли ва раҳмати билан дўзахдан узоқлаштирилади, фазли ва марҳамати билан жаннатга киргизилади. Инсоннинг бу дунёда қилган амаллари унга берилган неъматлар шукронасига ҳам кифоя қилмайди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Жаннатдаги бир қамчи (ўлчовича) жой дунё ва ундаги нарсалардан яхшидир. Хоҳласангиз, “Бас, (ўша куни) ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилса, демак, у (катта) ютуққа эга бўлибди”, оятини ўқинг», дедилар (Ҳоким ривояти). Бошқа бир ўринда: “Ким дўзахдан узоқлаштирилиб, жаннатга киритилишини яхши кўрса, ўлимни Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган ҳолда қаршиласин ва ўзига берилишини яхши кўрган нарсани (бошқа) инсонларга ҳам раво кўрсин”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

«Бу дунё ҳаёти эса, фақат ғурур (алдов) матоҳидир». Саид ибн Жубайр ушбу оятнинг тафсирида: “Агар сен бу дунёни охират учун сарф қилмасанг, бу дунё алдов матоҳидир. Бу дунёда Аллоҳ таолонинг розилиги ва охират талабида бўлсанг, бу қандай ҳам яхши матоҳ ва қандай ҳам яхши васила”, деган.

«Мол-мулкларингиз ва жонларингиз (офати ва мусибати) ила синалурсизлар». Бандалар молларига, жонларига талафот етиши ёки бирор яқинларининг вафоти билан синалади. Бу вақтда мўмин учун ягона йўл ҳаммасига сабр қилиб, Аллоҳ таолога истиржоъ айтишдир: «Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳузурига қайтувчилармиз”, дейдилар» (Бақара, 156). Киши ўзига берилган молу давлатни Аллоҳ буюрган ўринларга сарфлаб, таот-ибодатда бўлса, моли унга неъматдир. Агар бунинг акси бўлса, молу давлат у учун бу дунёда ҳам, охиратда ҳам азоб бўлади.

«Шунингдек, сизлардан олдин китоб берилганлар ва мушриклардан кўп азиятли (аччиқ) гапларни эшитасизлар». Бу оят Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ҳақида нозил бўлган дейишади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)га мактуб бериб, Қайнуқо қавмининг саййиди Финҳос ибн Озуронинг олдига ёрдам сўраш учун юборадилар ва Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)га: “Менинг хабаримсиз бирор ишга қўл урманг”, деб тайинлайдилар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) ёнларида қилич билан мактубни унга етказади. У ўқиб: “Раббингиз бизнинг ёрдамга муҳтож бўлиб қолибди-да”, дейди. Бундан ғазабланган Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) уни қилич билан чопмоқчи бўлади, лекин Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг гапларини эслаб, ўзини тияди. Шунда ушбу оят нозил бўлган (Табарий ва Абу Ҳотим ривояти). Бузғунчиларнинг иши, албатта, Исломга тош отиш ва мусулмонларни ёмонотлиқ қилишдир. Буларга қарши ҳар бир мусулмон қўлидан келганича солиҳ амал билан жавоб бериши керак.

«Агар сабр қилсаларингиз ва тақволи бўлсаларингиз, албатта, бу яхши ишлардандир». Оятда бундай ҳолатда сабр қилишга ва тақволи бўлишга ундаляпти. Сабр ва тақво эса албатта, илм олиш ва унга амал қилиш билан ҳосил бўлади.

Муҳаммадсиддиқ МУКАРРАМ тайёрлади.