Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Ўлик (қуруқ) ер улар учун (қайта тирилишга) бир аломатдир, Биз уни (сув билан) тирилтирдик ва ундан (турли) донларни ундириб чиқардик. Бас, улар ундан емоқдалар.

Яна биз унда (ерда) хурмозор ва узумзор боғларни (пайдо) қилдик ва у ерда булоқларни оқизиб қўйдик.  Токи (одамлар) мевасидан есинлар.  Ҳолбуки,  у (мевалар)ни ўз қўллари (билан) қилмаган эдилар.  Ахир шукр қилмайдиларми?!

Ер ундирадиган нарсалардан, (одамларнинг) ўзларидан ва яна улар билмайдиган нарсалардан иборат барча жуфтларни яратган (Аллоҳ)га тасбеҳ айтилур” (Ёсин, 33–36).

Бу оятлардан олдинги оятда ҳамма инсонлар қиёматда ҳисоб-китоб учун қайта тирилиб ҳозир бўлиши баён этилгандир. Бу оятда ўликларни қайта тирилтиришга Аллоҳ таолонинг қодирлигига ерни қайта жонлантириши далил эканлиги зикр этилган. Қуриб, қақраб ётган ўлик ер Аллоҳ таолонинг ёмғир ёғдириши билан  тирилади. Аллоҳ таолонинг амри билан донлар униб, майсалар пайдо бўлади. Шундай экан, ўликларни қайта тирилтириш Аллоҳ таолога қийин эмас.

"Яна биз унда (ерда) хурмозор ва узумзор боғларни (пайдо) қилдик ва у ерда булоқларни оқизиб қўйдик.  Токи (одамлар) мевасидан есинлар. Ҳолбуки, у (мевалар)ни ўз қўллари (билан) қилмаган эдилар. Ахир шукр қилмайдиларми?!"

Мевалар инсонлар учун ризқдир, озуқадир. Биргина хурмо ва узумнинг қанча-қанча навлари бор. У иккисини оятда айнан зикр этишининг сабаби улар бошқа мевалардан кўра инсонларга кўпроқ фойдалидир.

Ибн Аббос ва Қатода (розияллоҳу анҳумо) айтади: “Гиёҳларнинг ердан униб чиқиши, дарахтларнинг кўкариб, гуллаб мева қилиши, полиз маҳсулотлари ва ҳоказолар инсонларнинг саъй-ҳаракати, жидду жаҳди, куч-қуввати ва талаби билан эмас, балки Аллоҳ таолонинг раҳмати ила ҳосил бўлади”.

Ҳолбуки инсон мазкур неъматлар ичра бўлса-да, унга жуда кам шукр қилади.

"Ер ундирадиган нарсалардан, (одамларнинг) ўзларидан ва яна улар билмайдиган нарсалардан иборат барча жуфтларни яратган (Аллоҳ)га тасбеҳ айтилур”.

Яъни, ўсимликларнинг ранги, таъми, шакли ҳар хил, ҳеч бири бошқасига ўхшамайди. Яна уларнинг ўз жинсларидан бўлган жуфтлари ҳам бор. Бундан ташқари инсонларга маълум бўлмаган қуруқлик ва сувда, осмон ва ерда қанчадан-қанча махлуқотларнинг ҳам ўз жуфтлари мавжуддир.

Буларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг борлигига, куч-қудрат соҳиби эканига ва ҳамма ишлар фақат Унинг изни билангина бўлишига далилдир.

Ерга уруғ қадаб ёки кўчат ўтқазиб, уни парваришлаб  ҳосилидан ёки соясидан бошқаларни баҳраманд этишнинг савоби ғоятда улуғ. Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир мусулмон бирор экин экса ёки кўчат ўтқазса, кейин ундан бирор қуш ё инсон ёки ҳайвон еса, унга (яъни, кўчат эгасига) садақа савоби ёзилади”, дея марҳамат қилганлар. Айни баҳор кунларида деҳқонларимиз ерга уруғ қадаб, дов-дарахтлар экиб, Аллоҳ таолодан ҳосилга барака сўраб дуолар қилишади.

Зеро, биз экамиз ва парвариш қиламиз. Экканларимизнинг ўсиб, ҳосил қилиши Яратганнинг марҳаматидандир.

 

Манбалар асосида Абдувоҳид ЎРОЗОВ  тайёрлади.