يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا لَا يَسْخَرْ قَومٌ مِنْ قَوْمٍ عَسَى أَنْ يَكُونُوا خَيْرًا مِنْهُمْ وَلَا نِسَاءٌ مِنْ نِسَاءٍ عَسَى أَنْ يَكُنَّ خَيْرًا مِنْهُنَّ وَلَا تَلْمِزُوا أَنْفُسَكُمْ وَلَا تَنَابَزُوا بِالْأَلْقَابِ بِئْسَ الِاسْمُ الْفُسُوقُ بَعْدَ الْإِيمَانِ وَمَنْ لَمْ يَتُبْ فَأُولَئِكَ هُمُ الظَّالِمُونَ

Эй мўминлар, (сизлардан) бир қавм (бошқа) бир (мўмин) қавмни масхара қилмасин! Эҳтимол, (масхара қилинган қавм) улардан яхшироқ бўлсалар. Яна (сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасинлар)! Эҳтимолки, (масхара қилинган аёллар) улардан яхшироқ бўлсалар. Ўзларингизни (бир-бирларингизни) мазах қилманглар ва бир-бирларингизни лақаблар билан атаманглар! Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир! Кимки тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар золимлардир” (Ҳужурот, 11).

Оятнинг нозил бўлиш сабаблари ҳақида турли ривоятлар бор. Улардан бирида бундай дейилади: “Оят Собит ибн Қайс ибн Шаммос (розияллоҳу анҳу) ҳақида нозил бўлган. Унинг қулоғи оғир бўлганидан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнларидан жой беришарди. Бир куни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ёнларида ўтирган киши унга ўрнини бермади. Бунга Собитнинг жаҳли чиқиб, бу ким деди. “Фалончи”, дейишди. “Фалончи аёлнинг ўғлими?” деди Собит. Бу билан унинг жоҳилиятда ўтган онасини назарда тутди. Бу оят ана шунда нозил бўлди”.

Ҳеч бир мўмин иккинчи бир мўминни уст-боши ёки баданидаги, тилидаги бирор нуқсони сабаб масхараламаслиги керак. Масхараланган одам масхараловчилардан кўра қалби пок, Аллоҳга суюкли бўлиши мумкин. Бу ҳолатда масхараловчи кимса Аллоҳ таоло устун қилган кишини камситиш билан ўзига зулм қилган бўлади.

Амр ибн Шураҳбил бундай деган экан: “Мен бир одамни эчкини эмишга уринаётганини кўрсам ҳам, унинг бу ҳолига кулмайман. Сабаби бир куни унинг ҳолига тушиб қолишдан қўрқаман”.

Оятдаги (сизлардан) бир қавм” сўзи эркакларни билдиради. Араб тилида “қавм” сўзи аслида эркаклар жамоасини англатган.

Эҳтимол, (масхара қилинган қавм) улардан яхшироқ бўлсалар”. Яъни, эҳтимол Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўша масхара қилинаётган одам масхаралаётгандан яхшидир, даражаси баланддир. Баъзи уламолар “яхшироқ бўлсалар” лафзини “тақводорроқдирлар”, “қалблари соғломдир” деб ҳам тафсир қилганлар.

Яна (сизлардан) аёллар ҳам (бошқа) аёлларни (масхара қилмасинлар)!” Бу ояти каримада аёлларнинг алоҳида таъкидланиши улар кўпроқ масхара қилишга мойил бўлганлари сабаблидир.

Ойша онамиз айтади: “Бир куни Расулуллоҳга “София бундай хотин”, дея қўлим билан бўйи пастлигига ишора қилдим. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сен шундай сўз айтдингки, уни денгизга ташланса, унинг сувини ҳам бузарди!” дедилар” (Имом Термизий ривояти).

Ўзларингизни мазах қилманглар”, яъни бир-бирингизни айбламанг. Бу ўринда “Ўзларингизни” дейилишига сабаб, мўминлар бир вужуд каби бир бутундирлар, шу боис мўмин қардошини мазах қилган ўзини мазах қилган бўлади.

Оятдаги “ламз” сўзи, қўл, кўз ва тил билан ишора қилишни англатади. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу), Мужоҳид, Қатода ва Саид ибн Жубайр оятни “Бирингиз бошқага тил теккизмасин”, деб тафсир қилинган бўлса, Заҳҳок “Бир-бирингизни лаънатламанг!” деб тафсир қилган.

Бакр ибн Абдуллоҳ Музаний айтади: “Агар сен беҳисоб айбни кўрмоқчи бўлсанг, бошқаларни кўп айблайдиган кишига диққат билан қара! Чунки у ўзида бўлган айблар сабаб ўзгаларни айблайди”.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг: “Сизлардан бирингиз биродарининг кўзига тушган ғуборни кўради-ю, аммо ўзининг кўзига тушган чўпни кўрмай (қола)ди (унутади)!” деган ҳадислари машҳурдир (Ибн Ҳиббон).

Кишининг ўзгалар қусурини қўйиб, ўз камчиликларини тузатиш билан шуғулланиши унинг саодатмандлигидандир.

Донишманд айтади: “Агар киши тақволи ва оқил бўлса, касал бошқаларнинг дардини ўйлашга ҳам мадори етмай, ўзи билан ўзи бўлиб қолганидек, тақвоси уни ўз айблари билан машғул қилиб қўяди!”

...бир-бирларингизни лақаблар билан атаманглар!” Яъни, бир-бирингизни ёмон лақаб билан чақирманг!

Ҳасан Басрий, Мужоҳид ва Қатода айтади: “Оятда кишини, мусулмон бўлганидан кейин ҳам, “Эй яҳудий!”, “Эй насроний!” деб айблаш ёки бўлмаса бир мусулмон бошқа мусулмонни “Эй фосиқ!”, “Эй мунофиқ!” дейишидан қайтариқ бор”.

Абу Абдуллоҳ ибн Ҳувайзимандод бундай дейди: “Бу ояти карима кишига, унга ёқмайдиган лақаб қўйиш мумкин эмаслигини, у суйган лақаб билан уни чақириш жоизлигини билдиради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳазрат Абу Бакрга “Сиддиқ”, ҳазрат Умарга “Форуқ” ҳазрат Усмонга “Зуннурайн” лақабларини берганлари машҳурдир”.

Замахшарий айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан бундай ривоят қилинган: “Мўминнинг бошқа мўмин зиммасидаги ҳақларидан бири, уни ёқтирадиган исми билан чақиришдир”».

Имондан кейин фосиқлик номи нақадар ёмондир!” Ибн Зайд айтади: “Киши мусулмон бўлиб, тавба қилганидан кейин унга: “кофир” ёки “зинокор” деб ном берилиши нақадар ёмондир”.

Оятнинг бундай тафсири ҳам бор: “Ким биродарига ёмон лақаб қўйса ёки уни мазах қилса, у фосиқдир!”

Саҳиҳ ҳадисда бундай дейилган: “Ким биродарига “Эй кофир!” деса, у сўзни икковидан бирига мансуб қилади. Агар айтганидек бўлмаса, айтгани ўзига мансуб бўлади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Мазах қилиш, қош, кўз ишораси билан эрмаклаш ва лақаб қўйиш фосиқликдир. Динимиз бизларни улардан қайтарган.

Кимки тавба қилмаса, бас, айнан ўшалар золимлардир”. Ким бу ишлар гуноҳ эканини билганидан кейин дарҳол тўхтаб, тавба қилмаса ёки шу ишда давом этаверса, ундайлар ўз нафсларига зулм қиладиган кимсалардир.

 

Тафсир китоблари асосида Содиқ НОСИР тайёрлади.