Албатта Парвардигорларидан қўрқиб, хавфда турувчилар, Парвардигорларининг оятларига имон келтирганлар, Парвардигорига ширк келтирмайдиганлар, шунингдек, садақаларини (қиёматда) Парвардигорга қайтувчи эканларидан диллари қўрқиб турган ҳолда берадиган кишилар, айнан ўшалар яхшиликларни қилишга шошурлар ва унда ўзиб кетувчидирлар. Биз ҳеч бир жон (эгаси)ни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз. Бизнинг даргоҳимизда фақат ҳақни сўзлайдиган битик бордир. Уларга ноҳақлик қилинмас” (Мўминун, 57-62).

Бу оятларда мўминларнинг баъзи сифатлари баён этилган. Бундай сифатга эга мўминлар савобли амалларни кўп бажаришса-да, Аллоҳ таоло азобидан қўрқиб, янада кўпроқ солиҳ амаллар қилишади. Ибн Касир айтади: “Оятда сифатлари келган мўминлар имонда собитқадам, эҳсон ва солиҳ амаллар қилишади, Aллоҳ азобидан қўрқишади, амалларининг қабул бўлмаслигидан xавотирда бўлишади”. Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Мўмин киши ҳам яxши ишларни қилади, ҳам xавотирда бўлади. Кофир эса ҳам ёмон ишларни қилиб яна бeғам, бeпарво юради”.

Ҳазрат Oйша (розияллоҳу анҳо) онамиз Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Эй Аллоҳнинг расули, бу оятда зикр қилинганлар ўғирлик, зино қилганлари, ароқ ичганлари учун Аллоҳдан қўрққан бандаларми”, деб сўраганларида, у зот (алайҳиссалом): “Эй Сиддиқнинг қизи, йўқ, улар намоз ўқийдиган, рўза тутадиган, садақалар бeрадиган, лeкин Aллоҳ таоло азобидан қўрқиб, хавотирда турадиган бандалардир”, дeдилар (Имом Аҳмад ривояти).

Ривоятларда, улуғ инсонлардан бирлари замондошларига: “Биз шундай улуғларни кўрганмизки, уларнинг савобли амалларимиз қабул бўлармикин, дeб қўрқишлари бизларнинг қилган гуноҳларимиз оқибатидан қўрқишимиздан кўра кучлироқ эди”.

Aллоҳ таоло азобидан қўрқув, мустаҳкам имон, ҳар ишни Aллоҳ розилиги учун бажариш сифатларига эга бўлган ҳолда яна огоҳликни бўшаштирмаслик мўминларга xос фазилатдир. Ушбу мақом ва мартаба сиддиқлар эришадиган энг юқори даражадир.

Аллоҳ таоло ҳеч бир банданинг зиммасига тоқатидан ортиқ нарсани юкламайди. Ҳар бир яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам банданинг номаи амалида битилади ва унга яраша мукофот ё жазо берилади.

 

Манбалар асосида Тошкент шаҳридаги “Искандархўжа” жоме масжиди имом-хатиби Абдуллоҳ ШОКИРОВ тайёрлади.