۞ وَقَضَىٰ رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا ۚ إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِندَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُل لَّهُمَا أُفٍّ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُل لَّهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا  وَاخْفِضْ لَهُمَا جَنَاحَ الذُّلِّ مِنَ الرَّحْمَةِ وَقُل رَّبِّ ارْحَمْهُمَا كَمَا رَبَّيَانِي صَغِيرًا

«Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!»

«Уларга меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут. Ва (дуо­да) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» (Исро, 23–24).

Бу ояти карималарда инсон ўта муҳим икки ишга – фақат Аллоҳ таолога ибодат қилиш ва ота-онага яхшилик қилишга буюрилмоқда. Бу оятлар Қуръони каримда ота-она ҳурмати Аллоҳга ибодат қилишдан кейинги даражада эканлигига далолат қилади.

«Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. Мазкур оятлардаги буйруқ замирида шукр қилишга тарғиб бор. Дарҳақиқат, мусулмон инсон аввало ўзини яратган, ҳаёт бахш этган, беҳисоб неъматлар ато этган Зотни таниб, унга бўйсуниши, бандалик ҳақини адо этиши лозим. Бу имон тақозосидир. Бандалик ҳақига риоя этмаслик ношукрликдир.

Одам фарзандининг бу ёруғ дунёга келишига, комил инсон бўлиб вояга етишига сабабчи бўлган, фарзандни тарбиялашда не-не машаққатларга бардош берган зотларнинг ҳақига риоя қилиш, уларга яхши муомалада бўлиш ҳам ақлан, ҳам шаръан лозим ва зарурдир. Аллоҳ таоло бундай амр қилган:

«...(Биз инсонга буюрдикки) “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир”» (Луқмон, 14).

Расулуллоҳ (с.а.в.)­дан сўрашди: Амалларнинг қайси бири Аллоҳ таолога суюклироқдир?” У зот дедилар: “Ўз вақтида ўқилган намоз”. “Кейин-чи?”. У зот дедилар: “Кейин ота-онага яхшилик қилиш...” “Кейин-чи?” У зот дедилар: “Кейин Аллоҳ таоло йўлида наф­сига қарши курашиш” (Имом Бухорий ривояти).

Абдуллоҳ ибн Амр ривоят қилади: “Расулул­лоҳ (с.а.в.) айтдилар:

– Кишининг ўз ота-онасини сўкиши улкан гуноҳлардандир.

Ё Расулуллоҳ, инсон ўз ота-онасини ҳам сўкадими? – деб сўрашди саҳобалар.

У зот дедилар:

Киши ўзганинг отасини сўкса, у ҳам бунинг отасини сўкади. Онасини сўкса, у ҳам бунинг онасини сўкади” (Имом Муслим).

Аллоҳга ширк келтиришдан кейинги улкан гуноҳлардан бири ота-онага оқ бўлишдир. Бу Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳадисларида баён қилинган. Имом Қуртубий тафсирида бундай дейилган: ота-онага оқ бўлиш уларнинг ҳақли равишдаги истак ва буйруқларига терс иш қилишдир. Шунинг учун, фарзанд ота-онанинг шариатга зид бўлмаган талабларига итоат қилиши лозим.

«(Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга “уф!..” дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!» Оятда ота-онасининг кексалик чоғи таъкидланиб, зикр қилишнинг сабаби шуки, улар ёшлик, бақувват чоғларида фарзандлар кўмагига деярли муҳтож бўлишмайди. Аммо қариликда ҳожатманд, заиф, боқувчига, фарзандлар ёрдами ва кўмагига муҳтож бўлишади. Ёшликда фарзандларини парвариш қилишган бўлишса, кексаликда ўзлари парваришга эҳтиёж сезишади. Айни мана шу давр уларни рози қилиш ва улар боис улкан савобларга эришиб қолиш фурсати эканига оят мазмуни далолат қилади.

Имом ибн Касир тафсирида келтирилишича, «“уф!..” дема...»дан мурод, уларга бирор ёмон сўз айтмасликдир, “уф!..” – ёмон сўзларнинг ҳам энг паст мартабасидир. “Жеркимаслик” эса, ота-онанинг қалбига озор берадиган, оғир ботадиган ҳар бир ишдан сақланишдир.

«Уларга меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут». Бу оятда ниҳоятда гўзал истиора бор. Унда ота-онага тавозе билан, хокисорлик билан муносабатда бўлиш буюрилмоқда. Саид ибн Мусаййаб айтади: “Бундан мурод, фарзанднинг ота-онаси ҳузурида худди ҳукмдорнинг ҳузурида турган хизматчидек одоб ва итоат билан туришидир.

«Ва (дуода) айт: “Эй Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!» Ҳеч бир инсон ўз-ўзидан комил шахс бўлиб қолмайди, балки унинг гўдаклигида барча инжиқликларига чидаб, тарбия берган ота-онанинг машаққатли меҳнати туфайли камол топади. Ҳар бир фарзанд шу ҳолатларни унутмай, ота-онасининг ҳақига доим яхши дуода бўлиши лозим.

Албатта, ота-онага улар ҳаётлик пайтларида кўпроқ яхшилик қилиш, уларнинг розилигига эришиш керак. Бу ота-онанинг ҳақи уларнинг вафотидан сўнг қолмайди дегани эмас. Молик ибн Робиа (р.а.) шундай дейди: Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ҳузурларида ўтирган эдим. Ансорийлардан бўлган бир йигит келди ва у зотдан сўради: Ё Расулуллоҳ, ота-онам вафотидан сўнг мен уларга қилишим лозим бўлган бирор яхшилик қолдими?” У зот: Ҳа, тўрт яхшилик. Уларнинг ҳақига дуо қилиш ва истиғфор айтиш, уларнинг аҳд-ваъдаларини бажариш, уларнинг дўстларини ҳурмат қилиш, улар туфайли боғланган қариндошларинг билан силаи раҳм қилиш. Сен уларга вафотларидан сўнг қилишинг лозим бўлган яхшилик ана шулардир”.

 

Қуртубий ва Ибн Касир тафсирлари асосида Муҳаммадюсуф ХУШВАҚТОВ тайёрлади.