«Юзларингизни Машриқ ва Мағриб томонларга буришингиз (ибодат қилишингизнинг ўзи тўла) яхшилик эмас, балки Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобларга, пайғамбарларга имон келтирган, ўзи яхши кўрган молидан қариндошларига, етимларга, мискинларга, йўловчига, тиланчиларга ва қулларни озод қилиш йўлида берадиган, намозни тўкис адо этиб, закотни тўлаб юрадиган киши ва келишилган аҳдларига вафо қилувчилар, шунингдек, оғир-енгил кунларда ва жанг пайтида сабр қилувчилар яхшилик (аҳли)дир. Айнан ўшалар (имонларида) содиқдирлар ва айнан ўшалар тақводордирлар» (Бақара, 177).

Оят маъно таржимасида келган “яхшилик” сўзи оятдаги “ал-бирр” калимасидир. У сўз маъноси Парвардигорга яқин қиладиган барча ишларни англатади.

Асл яхшилик Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва Охират кунига имон келтириш, мол-дунёни хайрли ишларга сарфлаш ва оятда зикр этилган бошқа ишларни бажаришдир.
Аллоҳга имон келтириш барча яхшиликларнинг асосидир. Аллоҳга имон Унинг бирлигига, сиғиниладиган Ягона Зот У эканига иқрор бўлиш, ишонишдир.
Охират кунига имон – қайта тирилишга, ундан кейин бўладиган ҳисоб-китобга, мукофот ва жазога ишонишдир. Охиратга имон келтириш инсонда яхшилик қилиш ва уни севиш ҳиссини пайдо қилади.
«...ўзи яхши кўрган молидан... берадиган...». Кишининг ўзи яхши кўрадиган молидан ўзгаларга бериши, унинг имони чинлигига, қалбининг софлигига далолат қилади. Ояти каримада «Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар» (Оли Имрон, 92), дейилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсон соғ-саломатлигида берган садақаси садақанинг афзали эканини таъкидлаганлар. Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, қайси садақанинг савоби энг кўп?” деди. У зот: «Соғлом, қизғаниб турганингда, камбағал бўлиб қолишдан қўрқиб, бой бўлишни умид қилиб турганингда қилган садақанг. Жонинг узиладиган пайтга бориб, “Фалончига бунча, пистончига бунча”, деб қолгунингча кечиктирмагин», дедилар (Муттафақун алайҳ).
Ўзи яхши кўриб турган молидан муҳтож қариндошларига бериш, яхшилик бўлиш билан бирга қариндошлик алоқасини мустаҳкамлайди. Шунинг учун, улар оятда олдин зикр этилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мискинга садақа бир садақадир. Қариндошга садақа ҳам садақа, ҳам қариндошликни боғлашдир”, деганлар (Имом Аҳмад, Термизий, Насоий ривояти).
Етим дейилганда балоғатга етмасдан ота­си вафот этган бола тушунилади. Етимлар ўзларига керакли нарсаларни ишлаб топа олмаганлари учун бошқаларнинг яхшилигига муҳтождирлар.
Мискин – моли йўқ ёки эҳтиёжига етарли моли йўқ кишидир.
Йўловчи – сафарга чиққан, моли ёнида бўлмаган киши. Бундай кишиларга манзилларига етиб олишлари учун ёрдам бериш зарур.
Тиланчи – эҳсон ва ёрдам сўровчидир.
Ояти каримада зикр этилган тоифалар чекловни билдирмайди. Балки булар бир мисол сифатида, у тоифа кишиларнинг бошқалардан кўпроқ муҳтож эканини таъкидлаш учун келтирилган.
Оятда яхши кўрган молидан беришдан сўнг яна закот беришнинг зикр этилиши муҳтожларнинг закотдан бошқа ҳақлари ҳам борлигини билдиради. Яъни, агар бойлар закотни адо қилсалар-у, муҳтожларга ёрдам кўрсатмасалар, қийналиб қолганларга кўмак бермасалар, Аллоҳ таоло зикр қилган яхшиликни қилмаган бўладилар.
Аҳдга вафо қилиш шариат кўрсатма­ларига бўйсуниш, одамлар орасидаги тўғри келишувларга вафо қилишни қамраб олади. Аҳдларига вафо қилувчилар, ваъда қилсалар, бажарадиган, қасам ичсалар, оқлайдиган, гапирсалар, рост гапирадиган, омонат берилса, қайтарадиган кишилардир.
Оғир дамларда, қийин ҳолатларда сабр қилиш алоҳида айтиб ўтишга арзирли фазилатдир. Чунки бу иффат, тақдирга рози бўлиш, шижоат каби хулқларнинг асосидир. 
«Айнан ўшалар (имонларида) содиқ­дирлар ва айнан ўшалар тақво­дордирлар». Ўзини Аллоҳ қайтарган барча нарсадан тийган, Унинг буйруқларини бажарган киши “тақводор” дейилади.
Бу ояти каримада дунёда саодатга, охиратда Аллоҳ таоло розилигига етказувчи яхшиликларнинг ўн бештаси зикр қилинган. Аллоҳ барчамизни у амалларни қиладиган, имонларида содиқ, тақводор бандаларидан қилсин.
Тафсир китоблари асосида 
Жамшид Шодиев
тайёрлади.