لَا إِكْرَاهَ فِي الدِّينِ قَدْ تَبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ

«Динда зўрлаш йўқ, зеро, тўғри йўл янглиш йўлдан ажрим бўлди» (Бақара, 256).

Имонни кишига мажбуран, куч билан сингдириб бўлмайди. Аксинча, инсон баён қилинган нарсаларни англаб, имон келтирсагина айни муддао бўлади.

Қалбларни бошқарувчи Зот Аллоҳ субҳонаҳу ва таолодир. Қалбимизни ҳидоятга мойил қилиб қўювчи ҳам, унга муҳр урувчи ҳам Яратганнинг ёлғиз Ўзи! Биз ўзгаларнинг қалбларига эгалик қилолмаймиз, истаган кишимизнинг кўнглини ҳаққа мойил қилиб қўёлмаймиз. Биздан жоизи фақат Исломнинг ҳақ дин эканини ҳикмат ва яхши мавъизалар билан тушунтириш, унга тарғиб қилиш, холос. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «(Эй Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!» (Наҳл, 125).
Ислом – мукаммал дин. Унда ҳар бир масала батафсил баён қилинган. Аллоҳ таоло ҳар кимга ҳақ билан ноҳақни ажрата оладиган ақл неъматини берган, токи у тўғри йўлни танлаб олсин. Аллоҳ таоло одамни яратар экан, унга шайтонни енгиб, имон келтирадиган, ибодат қилиб, Аллоҳнинг лутфига, фазлига эришадиган қобилият берган.
Мазкур оят Ибн Касир тафсирида бундай таъвил қилинган: “Ҳеч кимни Ислом динини қабул этишга мажбур қилманг. Чунки Ислом дини очиқ-ойдиндир. Унинг далил ва ҳужжатлари равшандир. Бировни унга киришга зўрлашнинг ҳожати йўқ. Балки, кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, унинг қалб кўзини очса, Исломга киради. Худо асрасин, Аллоҳ кимнинг қалбини кўр қилиб, қулоқ ва кўзини муҳрлаб қўйса, уни мажбурлаб, динга киритишдан фойда йўқ”.
Имом Замахшарий (раҳимаҳуллоҳ) бу оят тафсирида бундай деганлар: «Аллоҳ таоло имон келтиришни мажбурлаш ёки куч ишлатиш билан жорий қилмади. Балки ихтиёр берди. Бунга:
وَلَوْ شَاءَ رَبُّكَ لَآمَنَ مَنْ فِي الْأَرْضِ كُلُّهُمْ جَمِيعًا أَفَأَنْتَ تُكْرِهُ النَّاسَ حَتَّى يَكُونُوا مُؤْمِنِينَ
"Агар Раббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлур эдилар. Бас, Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?!" (Юнус, 99) ояти ёрқин далилдир. Агар Аллоҳ таоло истаса, барчани имонга мажбурлар эди, ҳеч ким Унга осий бўлмасди. Лекин буни ирода қилмади, балки танлаш ҳуқуқини берди». Бу Аллоҳ таолонинг адолатидандир. Аллоҳ таоло бу дунёни имтиҳон учун яратди. Бандаларини яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарди. Шу билан бирга дин ҳукмларини баён этиб, уларга яхши ёки ёмон амал қилишда ихтиёр берди. У Зот бандаларини синаш учун гарчи қодир бўлса-да, улар хоҳишига аралашмай, уларни имонга мажбур этмади. Зеро, имтиҳон инсонга ҳужжатдир. Агар биров имтиҳонсиз дўзахга киргизилса: “Агар мени имтиҳон қилганингда, солиҳ бандалар сафида бўлардим”, деб даъво қиларди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (раҳимаҳуллоҳ) мазкур оят тафсирида бундай деганлар: “Ушбу қоидага амал қилиниб, Исломга мажбур қилиб киритиш бўлмаганидан, балки барча халқлар ўз ихтиёри, ишончи ва ақидаси ила Исломни қабул қилганидан, бу дин қаерга борса, ўша ерда ўрнашиб қолди. Мажбурий йўл билан тарқатишга уринилган ақида ва мафкуралар эса бақосиз бўлди. Энг яқин мисол – коммунистик мафкура. Бу балони кишиларга тарқатиш учун бўлган ҳаракатдек кучли ва бардавом уриниш бўлмаган бўлса керак”.
Эътиқод (виждон) эркинлиги ҳар бир инсоннинг шахсий ҳаққи ҳисобланиб, бу борада у ҳурриятга эгадир. Ҳеч кимнинг унга босим ўтказишга ҳаққи йўқ. Чунки юқорида таъкидланганидек, имон-эътиқод масаласи ҳар бир кишининг қалби, виждонига боғлиқдир. Шундай экан, бу масалада ташқаридан ҳукм ўтказилмайди. Чунки мажбурлаш инсоннинг диндан нафратланишига сабаб бўлиши мумкин.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
وَقُلِ الْحَقُّ مِنْ رَبِّكُمْ فَمَنْ شَاءَ فَلْيُؤْمِنْ وَمَنْ شَاءَ فَلْيَكْفُرْ
«Айтинг: “(Бу Қуръон) Раббингиз (томони)дан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши имон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин”» (Каҳф, 29). Ояти каримадан ҳам англашиладики, инсонни мажбурлаш мумкин эмас, балки унга ихтиёр берилган. Хоҳласин, ҳидоят йўлини ихтиёр қилсин, унинг натижаси яхшилик ва савобдир. Йўқса, ҳалокат йўлини танласин, унинг оқибати надомат ва азобдир. Зотан, бандаларнинг ҳаммаси имонга келса ҳам, куфрга кетса ҳам, Аллоҳ учун бирор фойдаси ва зарари йўқ.
Ҳидоят Аллоҳ таолодан. Бу борада гап борганида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакилари Абу Толиб мисол қилинади. Барча пайғамбарларнинг вазифаси Аллоҳнинг амри (дини)ни бандаларга етказиш, уларга дунё ҳаёти имтиҳон эканини эслатиш, шу билан бирга умматларига ўз амаллари билан намуна бўлиш эди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га:
فَذَكِّرْ إِنَّمَا أَنْتَ مُذَكِّرٌ * لَسْتَ عَلَيْهِمْ بِمُسَيْطِرٍ
«Бас, (эй Муҳаммад! Умматингизга) эслатинг! Зотан, Сиз (ҳозирча) фақат эслатувчидирсиз. Уларнинг устидан зўравонлик билан ҳукм юргизувчи эмассиз» (Ғошия, 21–22), деган.
Баъзи мусулмонлар «Динда мажбур қилиш йўқ» иборасини нотўғри тушунади. “Динда мажбурлаш йўқ, қачон хоҳласам, ислом ҳукмларига амал қиламан”, дейиш мутлақо хатодир. Тўғри, дин танлашда мажбурлаш йўқ. Аммо динни танлагач, унинг кўрсатмаларига амал қилиши шарт.
«Динда мажбурлаш йўқ» мазмунли оятни мусулмон бўлмаган киши Исломни қабул этишга мажбур қилинмайди, деб тушуниш керак. Агар динга кириш Аллоҳ таоло томонидан мажбурий бўлганида эди, синов дунёнинг моҳияти йўқоларди. Аллоҳ таоло барчамизни Исломда собитқадам қилсин. Омин!
Толибжон ҚОДИРОВ 
тайёрлади.