“Тун ҳам улар учун (қуд­ратимиздан) бир аломатдир. Биз ундан кундузни суғуриб олишимиз билан бирданига улар зулматда қолурлар. 
Қуёш (тинмай) ўз қароргоҳи сари сайр қилур. Бу қудратли ва билимли зот (Аллоҳ)нинг ўлчовидир. Биз Ойни ҳам, токи у эски хурмо бутоғидек бўлиб (эгилиб) қолгунича, манзилларга (ботадиган қилиб) ўлчаб қўйгандирмиз. На Қуёш Ойга етиши мумкин ва на кеча кундуздан ўзувчидир. (Қуёш, Ой ва юлдузларнинг) ҳар бири (бир) фалакда сузадилар” (Ёсин, 37–40).
 
Кеча ва кундузнинг тинимсиз алмашиб туриши, бири келса иккинчисининг кетиши Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига далилдир. Кеча ва кундуз, қоронғилик ва ёруғлик бир-бири билан қатъий тартибда алмашади. Уларнинг бири келса, албатта, иккинчиси чекинади. Аъроф сурасининг 54-оятида бундай марҳамат қилинган: “...кунга тунни қоплайдиган – уни (яъни кунни тун) шитоб билан қувади – Қуёш, Ой, юлдузларни Ўз амрига мусаххар (муте) қилиб қўйган Аллоҳдир. Огоҳ бўлингизки, яратиш ва буюриш Унга хосдир. Оламларнинг Рабби Аллоҳ буюкдир”.
Қуёш (тинмай) ўз қароргоҳи сари сайр қилур. Бу қудратли ва билимли Зотнинг ўлчовидир.
Қуёш ҳам Аллоҳ таолонинг чексиз қудратига бир далилдир. У кундузида нур таратиб, кечаси ўз қароргоҳи томон сайр этади. 
Бу оят турлича тафсир қилинган:
Фатҳул қодир тафсирида бундай дейилади: “Мустақаррун”дан мурод қиёмат кунидир. Ўша куни қуёш қарор топиб, ҳаракатланишдан тўхтайди”. 
Абу Зарр (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Мен Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан қуёшнинг ботиш пайтида масжидда эдим. Шунда у зот: “Эй Абу Зарр, қуёш қаерга ботаётганини биласанми”, дедилар. Мен Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқдир”, дедим. У зот дедилар: “Қуёш Арш тагига бориб сажда қилади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Қуёш (тинмай) ўз қароргоҳи сари сайр қилур. Бу қудратли ва билимли зот (Аллоҳ)нинг ўлчовидир”, дея марҳамат қилган (Имом Бухорий). Бошқа бир ривоятда: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан Қуёш ўз қароргоҳи томон сайр қилур”, ояти тўғрисида сўрадим. У зот: “Қуёшнинг қароргоҳи Арш тагидадир”, дедилар (Имом Бухорий).
Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу) айтади: “Ушбу оятни Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Абдуллоҳ ибн Аббос: “Вашшамсу таж­рий  ла мустақарра лаҳа”, дея қироат қилди. Яъни Қуёшнинг қароргоҳи ҳам, бирор тўхтайдиган маскани ҳам йўқ. У кечаю кундуз тўхтовсиз ҳаракатдадир. Зеро Иброҳим сураси 33-оятида бундай марҳамат қилинган: “(У) доимо фаолият кўрсатиб турувчи  Қуёш ва Ойни ҳам сизларга бўйин сундирди”. Яъни иккаласи (Қуёш ва Ой) қиё­матгача тўхтамайди. Бу қудрат ва ҳикмат соҳиби Аллоҳнинг тақдиридир. Унинг ҳукмини тес­кари қилувчи ҳам, ман этувчи ҳам йўқдир.
 Бу ҳақда яна: “(У) тонг оттирувчидир. Тунни оромгоҳ, Қуёш ва Ойни эса ҳисоб белгилари қилиб қўйди. Бу Қуд­ратли ва Доно Зотнинг ўлчовидир” (Анъом, 96), дейилади. 
Биз Ойни ҳам, токи у эски хурмо бутоғидек бўлиб (эгилиб) қолгунича, манзилларга (ботадиган қилиб) ўлчаб қўйгандирмиз.
Ой ҳам Аллоҳ таолонинг оят-белгиларидан биридир. Қуёшни ёруғ қилган бўлса, Ойга нур берди ва уни манзилларга ботадиган қилди. Насафий тафсирида бундай дейилади: “Агар Ой қисқа бўлса, у ҳилоллик кунидан бошлаб, 28 ўринда кўринади. Кейин бир ёки икки тун кўринмай қолади ва яна бошидан олдингидагидек такрорланади. Манзилларига қараб Ойнинг нури озайиб, кўпайиб туради”.
Қуёш ва Ойнинг чиқиш ва ботиш ўрни қишда ва ёзда бош­қа-бошқа  бўлиши сабабли кун узайиб тун қисқаради ёки тун узайиб кун қисқаради. Ойнинг нури олдинига жуда кам бўлиб кўринади ва кун сайин ортиб ўн тўртинчи кечада у жуда тўлиқ бўлгани ҳолда яна қисқариб ҳатто қуриган хурмо бутоғига ўхшаш тарзда нозиклашиб, эгилиб ҳар куни бошқа-бошқа манзилга ботиши ҳам Аллоҳ таолонинг тақдиридир. 
(Қуёш, Ой ва юлдузларнинг) ҳар бири (бир) фалакда суза­дилар.
Яъни, Ой, Қуёш барча-барчаси битта  фалакда айланади. 
Буларнинг бари Аллоҳ таолонинг қудратидан. Банда Аллоҳ билдирганларинигина била олади. Барчамизни Ўзи ҳақ йўлдан адаштирмасин, ибодатли ва шукр этувчи бандаларидан қилсин!
 
Манбалар асосида 
Абдувоҳид ЎРОЗОВ 
тайёрлади.