وَعِبَادُ الرَّحْمَنِ الَّذِينَ يَمْشُونَ عَلَى الْأَرْضِ هَوْنًا وَإِذَا خَاطَبَهُمُ الْجَاهِلُونَ قَالُوا سَلَامًا
وَالَّذِينَ يَبِيتُونَ لِرَبِّهِمْ سُجَّدًا وَقِيَامًا

«Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозе билан юрадиган, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда «Саломатлик бўлсин», деб жавоб қиладиган кишилардир. Улар яна тунларни Парвардигорга сажда қилган ва тик турган (ибодат билан бедор) ҳолда ўтказадиган кишилардир» (Фурқон, 63–64).

Бу ва кейинги ояти карималарда Раҳмонга суюкли бандаларнинг сифатлари зикр қилинган. Ким ўзини Аллоҳ таоло суйган бандаларидан бўлишни истаса, ана шу сифатлар билан сифатланиши лозим.
“Раҳмоннинг (суюкли) бандалари ерда тавозе билан юрадиган...” Оятдаги “тавозе билан” сўзи “оҳиста”, “вазмин” ва “виқор билан” демакдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Эй инсонлар! Виқорли, оғир-вазмин бўлинг, шошилиб юришда яхшилик йўқ” (Имом Бухорий ривояти).
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шамойиллари ҳақидаги ҳадисларда у зотнинг виқор билан, худди тепаликдан тушиб келаётгандек юришлари, оёқларини ердан илдам кўтариб, енгил, хотиржам қадам ташлашлари зикр этилган.
Зуҳрий айтади: “Тез юриш юзнинг виқорини кетказади”. Ибн Атийя айтади: “Зуҳрий шошиб-пишиб, суръат билан юришни назарда тутган. Чунки бу ҳол ҳақиқатан ҳам виқор ва ҳайбатни кетказади. Яхшиси эса оҳиста юришдир”.
Зайд ибн Аслам бу оятни “Улар ер юзида фасод чиқаришни истамайдиганлардир”, деб тафсир қилган.
Қушайрий айтади: «Бу оят ер юзида бузғунчилик қилиш ва гуноҳ ишлаш учун эмас, балки Аллоҳ талога итоат ва мубоҳ ишлар учун юрадиганлар”, деб ҳам тафсир қилинган»
Оятни Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Итоат, яхшилик ва тавозе билан юрадилар”, деб тафсир қилган.
«...жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда "Саломатлик бўлсин", деб жавоб қиладиган кишилардир...». Наҳҳос айтади: «Бу оятдаги “салом” сўзининг маъноси салом бериш эмас, балки қарши тарафнинг зараридан саломат бўлиш маъносидадир. Араблар “сендан эсон-омон қутулиб олай” ёки “сендан узоқ қолай” маъносида “салом” дейишади».
Оят тафсирида Қози Иёз бундай дейди: “Улар жоҳилларга жавоб бермай, тавозе билан юрадилар. Тавозе билан юриш, босиқлик ва гўзал муомала пайғамбарлар ахлоқидандир”.
Ҳасан бу оятни: “Нодонларга парво қилмайдилар, уларга беодоблик қилинса, беодоблик билан жавоб бермайдилар. Одамлардан ўзларини катта олмай юрадилар”, деб тафсир қилган.
Имом Қуртубий айтади: “Бу айтилганларнинг ҳаммаси бир-бирига яқин маънодадир. Бу сифатлар Аллоҳ таолони таниш, Унинг ҳукмларини билиб, амал қилиш, азоб ва жазосидан қўрқиш билан ҳосил бўлади. Аллоҳ таоло лутф ва карами билан бизни ана шундай бандаларидан қилсин”.
Ибн Арабий айтади: “Оят нозил бўлган пайтларда мусулмонлар мушрикларга салом беришга буюрилмаган ҳам, ундан қайтарилмаган ҳам эдилар. Аксинча, улардан чиройли муомала билан узоқлашиш буюрилган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уларнинг мажлисларига борар, улар билан саломлашар, яқин муносабатда бўлар, аммо уларга хушомад, тилёғламалик қилмасдилар”.
«...Улар яна тунларни Парвардигорга сажда қилган ва тик турган (ибодат билан бедор) ҳолда ўтказадиган кишилардир». Бу ояти каримада солиҳ бандаларга хос сифатларнинг учинчиси зикр қилинган. Баъзи муфассирлар оятда айтилган солиҳ бандалар кечқурун ибодат қиладиганлардир, де­йишган. Жумладан, Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Ким хуфтон намозидан кейин икки ракат ёки ундан кўпроқ намоз ўқиса, ўша кечани Аллоҳ учун сажда ва қиём билан ўтказган бўлади” (“Ал-Жомиъ лиаҳкомил Қуръон”).
Фахруддин Розий айтади: “Яъни кечқурун намоз ўқишади. Оятда кечани ҳаммасини ёки кўп қисмини ибодат билан ўтказганлар васф қилинган”.
Имом Фахруддин Розий яна бундай ёзади: «Билгинки, Аллоҳ таоло солиҳ бандаларининг кундузидаги равишлари: ҳеч кимга озор бермасликларини, азиятларга сабр қилишларини "...ерда тавозе билан юрадиган...", "...жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин”, деб жавоб қиладиган кишилардир..." мазмунли оятида зикр этган. Уларнинг кечасидаги ҳолатларини: "...Улар яна тунларни Парвардигорга сажда қилган ва тик турган (ибодат билан бедор) ҳолда ўтказадиган кишилардир", деб васф қилган».
 
Имом Қуртубий ва Фахруддин Розий тафсирлари асосида 
Содиқ НОСИР 
тайёрлади.