وَلَا تَجْعَلْ يَدَكَ مَغْلُولَةً إِلَى عُنُقِكَ وَلَا تَبْسُطْهَا كُلَّ الْبَسْطِ فَتَقْعُدَ مَلُومًا مَحْسُورًا

«(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг! Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда қолурсиз» (Исро, 29).

 

Оятнинг биринчи қисми мажозий – кўчма маънодадир. «Қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг!..» ояти каримасидан мурод, кўнглидан чиқариб бирор нарсани беролмайдиган бахилнинг ҳолидир. Оятда бахил кимса қўли кишанлангани боис уни ҳаракатлантиролмай қолган кишига ўхшатилган.

Имом Бухорий ва Имом Муслим «Саҳиҳ»ларида Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бахил билан садақа берадиган кишини темир жубба (кенг устки кийим, бу ўринда: совут) кийган, қўллари кўксида титраётган икки кишига ўхшатганлар. Садақа берадиган киши ҳар гал садақа берганида жуббаси кенгаяди ва ҳатто бармоқларининг учларигача ёпади ва унинг оёқ изларини ҳам ўчирадиган (ерни супурадиган) ҳолатга келади (яъни, садақа қилувчини, унга зарар етишидан тўсади). Бахил қачон садақа бермоқчи бўлса, жуббаси тораяди ва ҳар бир ҳалқаси ўз ўрнида қолади”. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: “Мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бармоқлари билан худди ёқаларини кенгайтирмоқчидай бўлиб, ҳаракат қилаётганларини кўрдим. Кошки сен ҳам у зотнинг шундай қилаётганларини кўрсайдинг”.
«Уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг!» Оятда қўлни ёйиш молнинг кетишига мисол қилинмоқда. Чунки қўл бармоқлари юмилса, ичидаги нарса сақланади, ёйилса, ичидаги тушиб кетади.
Ояти каримада Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га хитоб қилинган бўлса-да, маъноси бутун умматга тегишлидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматнинг саййиди ва уларга Парвардигор амрини етказувчидирлар. Маълумки, у зот эртанги кунлари учун бирор нарсани олиб қўймасдилар. Кўпинча очликдан қорниларига тош боғлаб юрардилар. Асҳоби киромдан кўплари Аллоҳнинг йўлида бутун молларини инфоқ қилишар, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бунинг учун уларни койимас ва бу ишдан қайтармасдилар. Чунки уларнинг Аллоҳ таолога таваккуллари ва ишончлари жуда кучли эди.
Имом Қуртубий айтади: “Бу оятдаги қўлида борини садақа қилиб юборишдан қайтариқ қўлидан кетганига ҳасрат ва надомат чекадиган кимсаларга тегишлидир. Бу қайтариқ инфоқ-эҳсони эвазига Аллоҳ азза ва жалланинг ажр ва савоб бериши ҳақидаги ваъдасига сидқидилдан ишонганларга тегишли эмас. Энг тўғрисини Аллоҳ билади”.
Муфассир Фахруддин Розий ҳар соҳада бўлгани каби, молни сарфлашда ҳам ўртача йўлни тутиш яхши эканини таъкидлайди ва оятни бундай тафсир қилади: “Аллоҳ таоло бундан олдинги оятда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)ни инфоқ-эҳсон қилишга буюрган. Мазкур оятда эса инфоқ қилишнинг одобини ўргатмоқда. Мўмин бандалар молларини қандай сарф этишларини баён қилиб, «Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар, (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир» (Фурқон, 67), дея марҳамат қилган. Бу оятда Расулига амр қилиб, “Қўлингизни бўйнингизга боғлаб олманг!” деб хитоб қилмоқда. Яъни, “Силаи раҳм ва инфоқ қилишда ўзингизга ҳам, аҳли-оилангизга ҳам танглик келтирмайдиган шаклда инфоқ-эҳсондан тўхтаманг!”
Шунингдек, «(Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг!» яъни, ўзингизга ва оилангизга ҳеч вақо қолмайдиган даражада борини бериб ҳам юборманг!
«Акс ҳолда, маломат ва маҳрумликда қолурсиз» ояти каримасини Ибн Арафа бундай тафсир қилган: “Исроф қилманг, молингизни совурманг! Акс ҳолда ҳеч вақоингиз қолмай, пушаймон бўлиб, худди ўрнидан туришга ҳам мадори етмайдиган туяга ўхшаб қоласиз”.
Ҳакимлардан бирлари бундай деган: “Мен қаерда исрофни кўрсам, албатта, у билан ёнма-ён бир ҳақнинг поймол этилганини кўрдим”.
Ҳакимлар ахлоққа доир китобларда ёзадилар: “Ҳар бир иснон ифрот ва тафритдан сақланиши лозим. У иккиси ҳам мазаммат қилинган, ёмонланган. Бахиллик, мумсиклик ифротдир. Бутун молини бериб юбориш, совуриш тафритдир. Иккиси ҳам номарғуб ва номатлуб ишлардир. Энг яхшиси одил ва ўртача йўлни тутишдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: «Шунингдек, сизларни ... ўрта уммат қилиб қўйдик» (Бақара, 143).
Бу айтилганларнинг бари молни яхшилик йўлида сарфлашга тегишлидир. Молни ёмонлик ва фасод йўлида сарфлашнинг эса ози ҳам, кўпи ҳам ҳаромдир.
 
Имом Қуртубий ва Фахруддин Розий тафсирлари асосида
Содиқ НОСИР 
тайёрлади.