كُنْتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنْكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللَّهِ وَلَوْ آَمَنَ أَهْلُ الْكِتَابِ لَكَانَ خَيْرًا لَهُمْ مِنْهُمُ الْمُؤْمِنُونَ وَأَكْثَرُهُمُ الْفَاسِقُونَ

«Одамларга чиқарил­ган (маълум бўлган) умматнинг энг яхшиси бўлдингиз (эй мусулмонлар! Зеро, сиз) амри маъруф, наҳйи мункар қиласиз ва Аллоҳга имон келтирасиз...» ­(Оли Имрон, 110).

Оятнинг нозил бўлиш сабаби ҳақида Икрима ва Муқотил (раҳимаҳумаллоҳ) бундай дейишган: “Оят Ибн Масъуд, Убай ибн Каъб, Муоз ибн Жабал ва Абу Ҳузайфанинг қули Солим (розияллоҳу анҳум) ҳақида нозил бўлган. Яҳудийлардан баъзилари уларга: “Бизнинг динимиз сиз даъват қилаётган диндан яхши, биз ҳам сиздан яхшимиз!” дейишди. Шу воқеадан сўнг Аллоҳ таоло бу оятни нозил қилди” (Найсабурий, “Асбоб ан-нузул”).

«...умматнинг энг яхшиси...» оятнинг бу қисмини муфассирлар турлича тафсир қилганлар.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилганлар: “Сизлар етмиш умматнинг хотималовчилари ҳамда Аллоҳ таоло наздида уларнинг энг яхшиси ва мукаррамисиз” (Имом Термизий ривояти).
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Улар Маккадан Мадинага ҳижрат қилиб, Бадр ва Ҳудайбияда қатнашганлардир”, деган.
Имрон ибн Ҳусайн ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларнинг энг яхшиси, менинг замондошларим (саҳобаларим)дир, сўнг (умматларим ичида) улардан кейин келадиганлар, сўнгра кейингилар”, деганлар».
Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизнингча кимнинг имони яхши?” деб сўрадилар.
– (Саҳобалар:) “Фаришталарники”, – дейишди.
– “Улар осмонда, сизлар кўрмаган нарсаларни кўришади, шундай бўлгач нега имон келтирмасинлар?” – дедилар.
– “Набийларники”, – дейишди.
– “Уларга ваҳий тушиб туриб ҳам имонга келмасалар, қандай бўлади? ” – дедилар.
– “Бизники”, – дейишди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен ораларингизда туриб ҳам имон келтирмасаларингиз, қандай бўлади?” дедилар-да, ўзлари жавоб қилдилар: “Мен учун халойиқнинг ичида имони яхшиси сизлардан кейин келадиган ва саҳифаларда китобни (Қуръонни) кўриб, ундагиларга имон келтирадиган қавмлардир”, дедилар» (Ҳоким ривояти);
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Мени кўрган ва менга имон келтирган киши бахтлидир! Мени кўрмаган ва менга имон келтирган киши етти карра бахтлидир!” (Имом Аҳмад ривояти).
Ҳазрат Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) бундай деганлар: “Саҳобалар каби амал қилган (одам), ўшалардек (мақомда) бўлади”.
Мужоҳид оят тафсирида айтади: “Сизлар, оятдаги шартларга кўра, (яъни, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарсангиз) одамлар учун маълум бўлган энг яхши умматсиз”.
Оятни бундай тафсир қилганлар ҳам бор: “Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларининг энг яхши уммат бўлиши улар орасида яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш жорий бўлгани туфайлидир”.
Оятда умматларнинг энг яхшиси Ислом уммати деб билдирилган бўлса-да, у мақомда туришнинг шарти – яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш экани айтилган. Демак, биз мусулмонлар яхшиликка чақириб, ёмонликдан қайтаришда давом этсак ва Аллоҳга бўлган имонимиз тўғри, самимий ва бенуқсон бўлса, ана шу юксак мартабада тура оламиз.
Имом Фахруддин Розий бундай дейди: “Аллоҳга имон келтириш барча умматларнинг муштарак хусусиятидир. Аммо энг яхши уммат бўлиш учун Аллоҳга имон келтиришнинг ўзи етарли эмас. Яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтариш хусусияти мусулмон умматини энг яхши уммат даражасига олиб чиққан” (“Мафотиҳул ғайб”).
Демак, мусулмонлар бир-бирларини яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришмас экан, яхши уммат мақомига эришолмайди, балки бу ҳол уларнинг ҳалокатига сабаб бўлади (“Ал-Жомиъ ли аҳкамил Қуръон”).
Абу Мансур Мотуридий ҳазратлари “Таъвилоти Аҳлис сунна” асарида биз тафсирини кўриб чиқаётган оятни, Моида сурасининг 79-оятини ва бир неча ҳадиси шарифларни далил келтириб, амри маъруф ва наҳйи мункар ҳар бир мусулмон зиммасига фарздир, деб таъкидлайди.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан сўрашди: “Эй Аллоҳнинг расули, одамларнинг энг яхшилари кимлар?” У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бир-бирларини доимо яхшиликка буюрадиган, ҳамиша ёмонликдан қайтарадиган, Аллоҳдан қўрқадиган ва қариндошлик алоқаларига эътибор берадиганлардир”, деб жавоб бердилар (Имом Аҳмад ривояти).
 
Имом Қуртубий ва Фахруддин Розий тафсирлари асосида
Нўъмон Абдулмажид
тайёрлади.