(Аллоҳ) айтди: «Ундан (жаннатдан) ҳар иккингиз тушингиз. Бирингиз бирингизга душмандирсиз. Бас, сизларга Мен (тараф)дан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас,  ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, (кофир бўлса) бас, унинг учун танг (бахтсиз) турмуш бўлиши муқаррар ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз. У: “Раббим! Нега мени кўр ҳолда тирилтирдинг, ахир (дунёда яшаган вақтимда) кўрувчи эдим-ку!”, дейди. (Аллоҳ) айтур: “Шундай. (Лекин) сенга Бизнинг оятларимиз келганида, уларни унутдинг. Бугун сен ҳам шундай “унутилурсан”» (Тоҳо, 123-126).
Қозий айтади: “Оятнинг зоҳирий маъноси шуки, иблис ва шайтонлар инсоннинг душманидир. Инсон эса уларга душмандир”.
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ва Абул Олия айтадилар: “Инсонларга улардан бўлган пайғамбарлар, расуллар юборилди ва китоблар нозил қилинди. Ҳидоятга эргашган кишилар дунёда хор бўлмайди, охиратда азобланмайди. Аллоҳнинг амрини  инкор этган (яъни Аллоҳ таолонинг амрини унутиб, ундан бошқасини тўғри деб билган) кимсалар учун дунёда хотиржамлик йўқ. Улар хоҳлаганидек кийиниб, кўнгли тусаган нарсасини  еб-ичиб, истаган маконда яшаб, зоҳиран ҳузур-ҳаловат топса ҳам қалби доим хавотирда, шак-гумонда бўлади, ҳадиксираганидан тараддудланади. Мана шу танг турмушдир”.
Абу Талҳа ибн Аббос (розиял­лоҳу анҳу)дан ривоят қилади: “Танг турмуш – бахтсизликдир”. 
Имом Заҳҳок айтади: “Танг турмушдан мурод ёмон амал ва нопок ризқдир”.
Абдуллоҳ Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтади: “Танг турмуш кишига яхшилик эшикларининг торайишидир. Шу боис банда бирорта ҳам яхшиликни билмайди”.
Сафвон ибн Уяйна Аби Ҳозимдан, у Абу Саламадан, у Абу Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «“Танг турмуш”дан мурод будир: “Банданинг ёмонлиги учун қабр уни сиқади. Ҳатто қовурғалар бир-бирига киришиб кетади"». 
“Розий” тафсирида бундай дейилади: “Йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас”, яъни, "Дунёда адашмайди, охиратда бахтсиз бўлмайди” ёки охиратда хор ва бадбахт бўлмайди. Чунки Аллоҳ таоло уни жаннатга бош­лайди ва унга жаннатни макон қилади ёки дунёда хор ва бахт­сиз бўлмайди.
Оятдаги аъмо (кўзи ожиз) калимаси – ҳужжатсиз, деб тафсир қилинган. Жабоий айтади: “Аллоҳ таолонинг оятларини инкор қилган бандаларнинг кўзи ожиз бўлиб ҳашр қилинади” оятидан мурод – улар қиёматда яхшиликка элтадиган тўғри йўлга бошланмайди ва ҳайрон бўлиб кўр одамдек туриб қолишади.
«У: “Раббим! Нега мени кўр ҳолда тирилтирдинг, ахир (дунё­да яшаган вақтимда) кўрувчи эдим-ку!”, дейди. (Аллоҳ) айтур: “Шундай. (Лекин) сенга бизнинг оятларимиз келганида, уларни унутдинг. Бугун сен ҳам шундай “унутилурсан”».
 
Манбалар асосида 
Абдураҳмон НУРУЛЛОҲ ўғли
тайёрлади.