(Эй Муҳаммад! Айтинг:) «Мен мана шу шаҳарнинг (Макканинг) Парвардигоригагина ибодат қилишга буюрилгандирман. (У бу шаҳарни) ҳарам қилгандир (яъни бу шаҳарда қон тўкилиши, зулм қилиниши, ов қилиш кабилар тақиқлангандир). Барча нарса Уникидир! Мен (Аллоҳ томонидан) мусулмонлардан бўлишга буюрилгандирман.
Шунингдек, Қуръонни тиловат қилишга ҳам (буюрилгандирман). Бас, ким ҳақ йўлга юрса, фақат ўзи учун юрар. Ким йўлдан озса, у ҳолда айтингки: «Мен фақат (сизларни) огоҳлантирувчи (пайғамбар)лардандирман».
«Айтинг: “Ҳамд Аллоҳгадир, У албатта сизларга Ўз далилларидан кўрсатур. Бас, сизлар уларни (далилларни) тан олурсиз (лекин у кундагиси фойда бермас)”. Раббингиз сизларнинг қилаётган ишларингиздан ғофил эмас» (Намл, 91,93).
Макка шаҳрининг қадри улуғлиги унда Ҳарами шариф борлигидандир. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Бу шаҳарни Аллоҳ таоло Ер ва осмонларни яратган кунда ҳарам қилди. У қиёмат кунигача ҳарамдир. Унинг дов-дарахтлари кесилмайди, ов ҳайвонлари чўчитилмайди, у ерда ётган, тушиб қолган нарсалар олинмайди (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Имом Фахриддин Розий айтади: “Макка шаҳрининг ҳарам деб сифатланишида уч жиҳат бор: биринчиси, ҳаж ибодатини адо этаётганларга Маккада жониворларни овлаш, дов-дарахтларни кесиш, ўт-ўланларни юлиш кабилар ҳаром қилинди. Иккинчиси, имон келтириб, Маккага келувчиларга мазкур ишлар ҳаром қилинди. Учинчиси, бу билан Макканинг ҳурматини қилмайдиган зулмкор кишилар огоҳлантирилди”.
«Барча нарса Уникидир! Мен (Аллоҳ томонидан) мусулмонлардан бўлишга буюрилгандирман».
Барча оламлар, яъни набототу ҳайвонот ва еру кўкдаги барча нарсалар  Уникидир, Аллоҳ таоло нафақат бу шаҳарнинг Раб­биси, балки ҳар бир нарсанинг Раббиси ва уларнинг эгасидир.
“Бас, ким ҳақ йўлга юрса, фақат ўзи учун юрар. Ким йўлдан озса, у ҳолда айтингки: «Мен фақат (сизларни) огоҳлантирувчи (пайғамбар)лардан­дирман». 
Ким имон келтириб, яхши амаллар қилса, шунга яраша ажр-мукофот олур. Ким Аллоҳ таолога, Қуръони каримга ва Муҳаммад (алайҳиссалом)га ишонмаса, унинг иши ўзига ҳавола, сизга зарари йўқ. Сиз уларга:"Мен етказувчи ва огоҳлантирувчиман, холос. Мени ҳидоятга бошлаган Аллоҳ таолога ҳамд бўлсин. Эй мушрик­лар, Аллоҳнинг азоби яқиндир. Аллоҳ таолога, қиёмат кунига ва пайғамбарларнинг ҳақлигига ишонганларгина ҳидоятдадирлар", деб айтинг. 
“Тафсири Самарқандий”да бундай дейилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мушрикларни азобдан огоҳлантирдилар. Улар эса Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)ни ёлғончига чиқаришди. Яна улар огоҳлантирилди. Бироқ мушриклар оятларнинг ҳақлигини билганлари ҳолда инкор этишди. Шунда уларнинг устига қаҳатчилик, уруш каби балолар ёғилди.
«Раббингиз сизларнинг қилаётган ишларингиздан ғофил эмас».
Парвардигор бизларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатимиздан хабардордир. У кўнгилдан ўтадиган ҳар бир нарсани билувчи Зотдир.
 
Манбалар асосида
Қибрай туманидаги "Дўрмон" жоме масжиди имом-хатиби 
Миродил МИРЖАЛИЛОВ 
тайёрлади.