«Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар. Бас, сизлар икки биродарингиз ўртасини тузатиб қўйингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз» (Ҳужурот, 10).
 
Имон мўминларни бир-бирига шу қадар яқинлаштирадики, бу ҳолат туғишганларнинг яқинлигидан кам бўлмайди. Одатда туғишганлардан иккитаси ўртасида келишмовчилик, тортишиш рўй берса, қолганлари уларни келиштириб қўяди. Худди шу каби икки мусулмон ўзаро келишолмай қолса, бошқалар уларни яраштириб қўйиши лозим. Аксинча, бу ҳолат, бўлар-бўлмас гап-сўзлар фитнага, ҳаттоки қотилликкача бориб етиши мумкин. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Мусулмон мусулмонни ўлдириши куфрдир”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).  
Мусулмонлар бир тану бир жон бўлмоғи керак. Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Биродаринг золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам унга ёрдамлаш”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ! Мазлумга-ку, ёрдамлашаман, аммо золимга қандай ёрдам бераман?” дедим. Шунда у зот: “Уни зулм қилишдан қайтаришинг, сенинг ёрдаминг бўлади”, дедилар (Имом Бухорий ривояти). 
Биродарига ёрдамлашган бандага, албатта, Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлади. Ҳадиси шарифда: «Қай бир мусулмон биродари ҳақига дуо қилса, фаришталар унга: “Сенга ҳам шу бўлсин!” деб туришади», дейилган (Имом Муслим ривояти).  
«Ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд, раҳм қилинсангиз».
Бунда мусулмонларни ўзаро низолашишдан қайтарувчи жиҳатга ишора бор. У нарса тақводир. Чунки тақво қилган, Аллоҳдан қўрққан киши ўз хатоларини тўғрилаш билан машғул бўлади, ўзгаларнинг дилини оғритиб қўйишдан қўрқади. Шунинг учун Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Комил мусулмон тили ва қўлидан одамлар зиён-заҳмат кўрмаган кишидир”, деганлар. Комил мусулмон Аллоҳ таолонинг амрларига итоат ва бандаларига шафқат қилади. Барча ишларда Аллоҳ таолодан қўрқиш – Ҳақнинг раҳматига эриштиради.
 
Манбалар асосида 
Тошкент шаҳридаги "Пул емас ота" жоме масжиди имоми ноиби 
Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.