وَالَّذِينَ يُؤْذُونَ الْمُؤْمِنِينَ وَالْمُؤْمِنَاتِ بِغَيْرِ مَا اكْتَسَبُوا فَقَدِ احْتَمَلُوا بُهْتَانًا وَإِثْمًا مُبِينًا

«Мўмин ва мўминалар­га қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар» (Аҳзоб, 58).

Динимизда ҳар қандай шаклдаги зулм, зўравонлик, фитна-фасод, бузғунчилик, қўпорувчилик, қароқчилик, бегуноҳ инсонларнинг қонини тўкиш, ноҳақ одам ўлдириш, нафақат инсонларга, ҳатто бирор жонзотга ҳам озор бериш қатъиян ман этилади.

Қуръони каримнинг кўп оятларида, жумладан, мазкур ояти каримада ҳам мўмин ва мўминаларга ноҳақ озор берган ва улар ўртасида фитна-фасод, бузғунчиликларни жорий қилган кимсаларга қаттиқ жазолар муқаррарлиги таъкидланади. Зеро, имон келтирган, солиҳ амаллар қилган ва гуноҳлардан тийилган мусулмонлар Аллоҳнинг дўстларидир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳ (эса) мўминларнинг дўстидир» (Оли Имрон, 68). Ҳадиси қудсийда бундай келган: “Ким Менинг дўстимга душманлик қилса, ҳақиқатда унга қарши уруш эълон қиламан” (Имом Бухорий).
Озор турлича бўлади: ўлдириш, уриш, жароҳат етказиш, ҳақоратлаш, лаънатлаш, туҳмат, масхара, мазах қилиш, лақаб қўйиш, сўкиш, дўстлар орасини бузиш, фитна қўзғаш, зулм қилиш ва ҳоказолар озор ҳисобланади.
Мўмин-мусулмонларга озор бериш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га азият етказиш кабидир. У зот (алайҳиссалом)га озор бериш эса, Аллоҳ таолога азият етказиш ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳнинг наздида дунёнинг йўқ бўлиб кетиши, мусулмон кишининг ўлдирилишидан енгилроқдир”, дедилар» (Имом Насоий).
Беозорлик юксак фазилатдир. Ҳар бир мўмин-мусулмон ана шу сифат билан зийнатланиши зарур. «Тафсирун Насафий»да Фузайл (раҳимаҳуллоҳ) бундай деган: “Бирор ит ёки чўчқага ноҳақ азият етказишинг мумкин эмас. Шундай экан, мўмин ва мўминаларга озор бериш гуноҳини бир ўйлаб кўр-чи?”
Алишер Навоий ҳазратлари айтадилар: “Намозни тугатгач, устимда бир чумолини кўрдим. У таҳорат олган жойимдан менга илашганини билдим ва бир жонзотни ошёнидан жудо қилиш гуноҳи юкини ўйлаб, уни ўз жойига қўйиб келдим”. У зот бундай деганлар:
 
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким, Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.
 
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳумо) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Тили ва қўлидан мусулмонлар омонда бўлган киши ҳақиқий мусулмондир”» (Муттафақун алайҳ).
Ҳақиқий мўмин-мусулмон оға-иниси, диндошигагина эмас, ҳатто ўзга диндаги шахсларга ҳам жабр, хиёнат қилмайди. Кези келганда, уларга иззат-икром кўрсатади. «Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) айтадилар: “Ким аҳдлашган ғайридинга зулм қилса, ё унинг обрўсини тўкса, ёки унга тоқатидан ташқари нарсани юкласа, ёхуд ундан бирор нарсани унинг розилигисиз олса, қиёмат куни мен унинг хусуматчиси бўламан”» (Имом Абу Довуд). Агар ғайридинларга зулм қилиш шунчалик бўлса, мусулмон дўстига зулм қилганнинг ҳоли қандай бўлади?!
Мўмин-мусулмонлар Аллоҳ таолонинг ҳимоясидадир. Қуръонда бундай келган: «Албатта, Аллоҳ имон келтирганларни мудофаа қилур...» (Ҳаж, 38). Инсонларга озор берган ёки бераётганлар бу қилмишидан мағрурланмасин, балки огоҳ бўлсин, тийилсин. Йўқса, Аллоҳ дўстларига озор берганларни қандай жазолашни яхши билади. Жундуб ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бомдод намозини ўқиса, у Аллоҳнинг ҳимоясидадир. Бас (эй инсонлар), Аллоҳ сизларни ўша ҳимояга тажовуз қилган ҳолда топмасин. (У Зот) кимни Ўзининг ҳимоясидаги нарсага тажовуз қилган ҳолда топса, уни юзи билан жаҳаннам ўтига ташлайди”, дедилар» (Имом Муслим).
Айбсиз мўминларга “озор берадиган кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўлурлар”.
Ёлғон энг улкан гуноҳдир, у бутун ёмонликларнинг бошидир. Аллоҳ таоло айтади:
«Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳ оятларига имон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир» (Наҳл, 105).
Бўҳтон нима ўзи? Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ундан: “Ғийбат нималигини биласанми?”, деб сўрадилар. У: “Аллоҳ ва расули яхши билади”, деди. У зот: “(Ғийбат) биродарингни унга ёқмаган нарса билан зикр қилишинг”, дедилар. Шунда: “Ё Расулуллоҳ, мен айтадиган нарса биродаримда бўлса-чи?”, деди. У зот: “Агар айтган нарсанг унда мавжуд бўлса, ҳақиқатда уни ғийбат қилибсан, мабодо айтган нарсанг унда топилмаса, унга бўҳтон қилибсан”, дедилар» (Имом Аҳмад).
Ғийбат катта гуноҳдир. Ғийбатчига та­йин қилинган азобларни киши эшитганида вужуди титрайди. Бўҳтоннинг гуноҳи эса, ғийбатникидан бир неча марта улкандир. Шундай экан, кишиларга, айниқса, мўмин ва мўминаларга озор берувчилар буни асло унутмасин!
«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Муфлис (ўта мискин, ночор) кимлигини биласизларми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Бизнингча, муфлис сариқ чақаси ҳам, матоси ҳам йўқ кишидир”, дея жавоб беришди. Шунда у зот айтдилар: “Менинг умматимдаги муфлис шундай кишики, у қиёмат куни намози, рўзаси ва закоти билан келади. Аммо кимнидир ҳақорат қилган, бошқасини бадном этган, бунисининг молини еган, бошқасининг қонини тўккан, яна бировни урган бўлади. Кейин яхшиликларидан уларга олиб берилади. Мабодо бўйнидаги нарсалар битмай туриб яхшиликлари тугаса, уларнинг хатоларидан олиниб, бунга юкланади. Сўнг дўзахга улоқтирилади”» (Имом Муслим).
Аллоҳ таоло барчамизни ушбу салбий сифатлардан сақлаб, оқибатимизни хайрли қилсин!
 
Тафсир китоблари асосида
Толибжон ҚОДИРОВ
тайёрлади.