Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Алиф, Лом, Мим. Ушбу Китоб (Қуръон) шубҳадан холи ва (у шундай) тақводорлар учун ҳидоят (манбаи)дирким, улар (пайғамбарим Муҳаммад келтирган хабарларга) ғойибона имон келтирадиган, намозни баркамол ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир” (Бақара, 1–3).
 
Мадинада нозил бўлган фазилатли сура – Бақаранинг илк ояти мунқатиъ ҳарфлардан иборат бўлиб, унинг аниқ маъносини Аллоҳ таолодан ўзга билмайди.  
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу  анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Ким Аллоҳнинг Китобидан бир ҳарф тиловат қилса, унга бир ҳасана бордир. У ҳасана ўн баробар кўпаяди. “ الم ”ни бир ҳарф демайман, балки алиф ( ا ) бир ҳарф, лом (ل) бир ҳарф, мим (م) бир ҳарфдир"». 
Ушбу китоб (Қуръон) шубҳа­дан холи.
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Китобдан мурод Қуръондир. Унга шак-шубҳа йўқ. У муттақинлар учун Нурдир” (Имом Муслим ва Ҳоким ривояти). 
"(У шундай) тақводорлар учун ҳидоят (манбаи)дирким, улар (Пайғамбарим Муҳаммад келтирган хабарларга) ғойибона имон келтирадиган, намозни баркамол ўқийдиган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан (садақа ва) эҳсон қиладиганлардир".
Ҳорис ибн Қайс (раҳматуллоҳи алайҳ) Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу  анҳу)га деди: «“Биз сизларни Муҳаммад (алайҳиссалом)ни кўрган ва у зотнинг суҳбатларида бўлган, деб ҳисоблаймиз”. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу  анҳу): “Биз ҳам сизларни у зотни кўрмасдан туриб имон келтирган, деб ҳисоблаймиз. Албатта, имоннинг афзали кўрмасдан имон келтиришдир”, дедилар ва: “Улар ғайбга имон келтирадилар” оятини тиловат қилдилар». 
Ғайбга имондан мурод – ўлимдан сўнг тирилиш борлигини тасдиқ этишдир, ҳам дейилган. 
Имом Қуртубий айтади: «“Ал-ғойб” калимасининг тафсири ҳақида муфассирлар турли фикрлар билдиришди. Баъзилар: “Ғайб – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хабар берган нарсалардир”, деганлар. Ҳадиси шарифда: «Жаброил (алайҳиссалом) Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га имон ҳақида менга хабар беринг”, деганларида, у зот: “Имон – Аллоҳ таолога, Унинг фаришталарига, Китобларига, Расулларига ва охират кунига ишонмоқлигинг ва яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Унинг тақдири билан бўлишига ишонишингдир”, дедилар» дейилади (Ҳадис саҳиҳ лафз билан).
“Розий” тафсирида бундай дейилади: “Муттақин бандалар яхшилик қилади, Аллоҳдан қўрқиб ёмонликни тарк этади. Банда нафси тийилиши лозим бўлган нарсаларни тарк этмаса ва нафсини поклайдиган ишларни бажармаса, унда комил саодатга эришолмайди". Оятда биринчи бўлиб “муттақин” калимаси келтирилиб, сўнг муттақин банда­ларнинг сифатлари баён қилинишига сабаб шуки, аввало қалбни поклаш лозим. Бунинг учун банда ҳавойи нафс иллатларидан фориғ бўлиши, намоз ўқиши,  садақалар бериши зарурдир. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «(Эй Муҳаммад!) Китоб (Қуръон)дан Сизга ваҳий қилинган нарсани тиловат қилинг ва намозни баркамол адо этинг! Албатта, намоз фаҳш ва ёмон ишлардан қайтарур. Албатта, Аллоҳнинг зикри (барча нарсадан) улуғдир. Аллоҳ қилаётган ишларингизни билур» (Анкабут, 45).
Шундай экан, барчаларимиз ҳар ишда Аллоҳ таолодан қўрқиб, Унинг розилигига, жаннатига эришадиган муттақин бандалардан бўлишга ҳаракат қилайлик.
 
Манбалар асосида “Пул емас ота” жоме масжиди имом ноиби 
Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.