قُلِ ادْعُوا اللَّهَ أَوِ ادْعُوا الرَّحْمَنَ أَيًّا مَا تَدْعُوا فَلَهُ الْأَسْمَاءُ الْحُسْنَى وَلَا تَجْهَرْ بِصَلَاتِكَ وَلَا تُخَافِتْ بِهَا وَابْتَغِ بَيْنَ ذَلِكَ سَبِيلًا (110) 
وَقُلِ الْحَمْدُ لِلَّهِ الَّذِي لَمْ يَتَّخِذْ وَلَدًا وَلَمْ يَكُنْ لَهُ شَرِيكٌ فِي الْمُلْكِ وَلَمْ يَكُنْ لَهُ وَلِيٌّ مِنَ الذُّلِّ وَكَبِّرْهُ تَكْبِيرًا (111)
«(Эй Муҳаммад!) Айтинг: “Аллоҳ, деб ёдланг ёки Раҳмон деб ёдланг. Қандай ёдласангиз ҳам (жоиздир). Зеро, Унинг исмлари гўзалдир”. (Эй Муҳаммад!) Сиз намозингизни жуда жаҳрий (баланд овозда, ошкора) ҳам қилиб юборманг (токи мушриклар эшитиб, Қуръонни ҳақорат қилмасинлар) ва ўта махфий ҳам қилиб юборманг (токи саҳобаларингиз тинглаб, фойдалансинлар). Шуларнинг (жаҳрийлик билан махфийлик) ўртасидаги йўлни истанг! “Ҳамд фарзанд тутмаган, подшоҳлигида шериги йўқ, хорликдан (қутқарувчи) дўсти бўлмаган (яъни, ҳеч кимга муҳтож бўлмайдиган) Зот – Аллоҳга хосдир”, денг ва (улуғлаб) Унга такбир айтинг!» (Исро, 110–111).
Оятнинг нозил бўлиши ҳақида бир неча ривоят бор. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: «Мушриклар Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг “Ё Аллоҳ, ё Раҳмон” деб дуо қилаётганларини эшитиб: “Муҳаммад бизни ягона илоҳга ибодат қилишга буюриб, ўзи иккита илоҳга дуо қиляпти!” дейишди. Шу воқеадан сўнг ушбу оят нозил бўлди».
Баъзи муфассирлар айтади: «Олдинлари араблар, жумладан, мусулмонлар ҳам мактубларнинг бошига “Бисмикаллоҳумма” (Аллоҳнинг исми билан), деб ёзишар эди. «Албатта, у Сулаймондандир ва у (мактубда): «Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан» (Намл, 30), ояти нозил бўлгач, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Меҳрибон ва Раҳмли Аллоҳ номи билан”, деб ёздирадиган бўлдилар. Шунда мушриклар: «Биз “Ар-Роҳим”ни биламиз, “Ар-Роҳман” ким?» дейишди. Шундан сўнг мазкур оят нозил бўлди.
«...(Эй Муҳаммад!) Сиз намозингизни жуда жаҳрий (баланд овозда, ошкора) ҳам қилиб юборманг (токи мушриклар эшитиб, Қуръонни ҳақорат қилмасинлар) ва ўта махфий ҳам қилиб юборманг (токи саҳобаларингиз тинглаб, фойдалансинлар)...» (Исро, 110).
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) бу оятнинг тафсирида бундай деган: “Бу оят Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Маккада яшириниб юрганларида нозил бўлган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳоблар билан намоз ўқисалар, овозларини чиқариб қироат қилардилар. Мушриклар эшитиб қолишиб, Қуръонни, уни нозил қилганни ва уни еткизганни ҳақорат ва мазах қилишарди. Аллоҳ таоло Расулига бундай буюрди: “(Эй Муҳаммад!) Сиз намозингизни жуда жаҳрий ҳам қилиб юборманг, мушриклар қироатингизни эшитиб қоладилар. Қуръонга қулоқ тутадиган асҳобларингиз эшитмай қоладиган даражада ўта махфий ҳам қироат қилманг. Жаҳрий ва махфийнинг ўртасида ўқинг” (Имом Муслим ривояти).
Ибн Сийрин айтади: «Расулуллоҳ (сол­лал­лоҳу алайҳи ва саллам) кечаси саҳоба­ларнинг уйлари атрофида айланардилар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу) намозида ниҳоятда паст овозда қироат қилар эди. Умар (розияллоҳу анҳу) эса, баланд овозда қироат қилар эди. Тонг отгач, Абу Бакр ва Умар (розияллоҳу анҳум) Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳузурларига келганларида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)дан: “Нега овозингизни чиқармай ўқийсиз?” деб сўрадилар. “Мен Раббимга муножот (қалбимдагиларни яширин айтаман) қиламан, У менинг ҳожатларимни билади”, деди. Умар (розияллоҳу анҳу): “Мен Шайтонни қуваман ва мудраганни уйғотаман”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Бакрга овозини бир оз кўтаришни, Умарга овозини бир оз пастлатишни буюрдилар» (Табарий ривояти).
Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) бу оятнинг дуо хусусида нозил бўлганини айтганлар (Имом Муслим).
Бу оятда қироат “намоз” деб аталган. Зеро, намоз қироат, руку, сажда ва қаъдадан иборат. Қироат намоз амалларидан бири. Бу оятда, балоғат қоидасига биноан, кулл (бутун) билан жуз (бўлак) ифодаланган. Бу қоидани ҳадисларда ҳам кўришимиз мумкин. Саҳиҳ қудсий ҳадисда: “Намозни ўзим билан бандам ўртасида тақсим қилдим”, дейилган. Яъни, бу ҳадисдаги “намоз”да Фотиҳа сурасини қироат қилиш назарда тутилган” («Ал-Жомиъ лиаҳкомил Қуръон»).
«Ҳамд фарзанд тутмаган, под­шоҳ­лиги­да шериги йўқ, хорликдан (қутқарувчи) дўсти бўлмаган (яъни, ҳеч кимга муҳтож бўлмайдиган) Зот – Аллоҳга хосдир», денг ва (улуғлаб) Унга такбир айтинг!»
Яъни, Аллоҳ таолонинг, яҳудий ва насоролар ўйлаганидек, фарзанди йўқ, мушрик­лар хаёл қилганидек шериги йўқдир. «...ва (улуғлаб) Унга такбир айтинг!» Яъни, Аллоҳ таоло фарзанд ва шерикка муҳтож эмас, улуғдир.
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозга “Аллоҳу акбар” деб киришар эдилар. 
Абдулҳамид ибн Восил айтади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­: Ким “Қулил ҳамду” оятини ўқиса, Аллоҳ таоло унга ер ва тоғ мислича ажр ёзади. Чунки Аллоҳ таоло Ўзига фарзанд нисбатини берганлар ҳақида: “(Эй, мушриклар!) Сизлар шундай оғир гап айтингизки, унинг (оғирлигидан) осмонлар ёрилиб, Ер бўлиниб, тоғлар қулаб, парчаланиб кетаёзур” (Марям, 89–90), деганлар» .
Хабарда келишича, бир киши Пай­ғамбаримиз (алайҳиссалом)га қарздорлиги ҳақида шикоят қилиб келганда, у зот: “Қулидъуллоҳа...” оятидан суранинг  охиригача ўқишни ва: “Ўлмайдиган Зотга таваккул қилдим”, деб уч маротаба дуо қилишни буюрдилар («Ал-Жомиъ лиаҳкомил Қуръон»).
Тафсир китоблари асосида 
Тошкент шаҳридаги “Новза” жоме 
масжиди имом-хатиби 
Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ
тайёрлади.