Нур сураси ҳижрий сананинг олтинчи йилида Мадинаи мунавварада, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бошлиқ мусулмонлар Бану Мусталиқ ғазотидан қайтиб келаётганларида нозил бўлган. Унда мўмин-мусулмонларнинг шахсий ва оилавий одоб­лари, бузуқлик оқибатлари баён этилган. Бу сурада мусулмон оила учун зарур бўлган иффат, поклик ҳақида гапирилади. Ички низолар ва ахлоқий бузуқликлардан қайтарилади.
Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аёлларни уйнинг ичига тушириб қўймасдан, уларга тикиш-бичишни ва Нур сурасини ўргатинглар”, дедилар» (Ибн Одил. “Тафсирул лубоб”).
«Аллоҳ осмонлар ва Ернинг “нури”дир...». Бошқа бир қироатда «наввара», деб ўқилган. Яъни, Аллоҳ Еру осмонни ёритди ва нурга тўлдирди (“Тафсиру Ибн Касир”).
Еру осмонни ёритувчи фақатгина Аллоҳдир. Агар Аллоҳ Еру осмонни ёритмаса, уни ҳеч ким ёрита олмас. Қасас сурасининг 28-оятида бу ҳақида бундай дейилган: «(Эй Муҳаммад! Уларга) айтинг: Хабар берингиз-чи, агар Аллоҳ кечани Қиёмат кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Аллоҳдан ўзга қайси “илоҳ” сизларга бирор ёруғлик келтира олур?! Ахир, эшитмайсизми?!» (Шайх Абдулғаний Дайламий. “Тафсиру Абдулғаний”).
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): «Оятдаги “нур”дан мурод ҳидоятдир», деган. Шунда оят маъноси бундай бўлади: «Аллоҳ Еру осмондаги барчанинг ҳидоятга бошловчисидир. У хоҳлаганини ҳидоят қилади. Аллоҳдан бошқа ҳеч ким ҳидоятга бошлай олмас». Чунки оятнинг давомида: «...Аллоҳ ўзининг (бу) нурига ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур...», дейилган (Самарқандий. “Баҳрул улум”). Шунга кўра, ояти каримадаги “нур”дан мурод ҳидоятдир. Зеро, Қуръони каримнинг кўплаб ояти карималарида нур (ёруғлик) сўзи ҳидоят ва тўғри йўл, зулмат (қоронғилик) эса залолат ва нотўғри йўл маъносида келган. «Аллоҳ имон келтирганларнинг дўстидир. Уларни зулматдан нур сари чиқаради...» (Бақара, 257). Абу Жаъфар айтади: “Яъни, уларни куфр зулматларидан имон нурига олиб чиқади” (Табарий тафсири). Мазкур оятнинг тафсирида Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) айтади: “Раббим шундай дейди: нурим ҳидоятимдир” (Табарий тафсири).
Ибн Журайж «Аллоҳ осмонлар ва Ернинг “нури”дир», ояти каримасининг тафсири борасида Мужоҳид ва Ибн Аббосдан нақл қилади: “Яъни, Аллоҳ осмонлар ва Ердаги барча ишларни тадбир қилади, ундаги юлдузларни, Қуёшу Ойни тасарруф қилади” (Ибн Касир тафсири).
«Нурининг мисоли худди бир токча ичидаги чироқ, бу чироқ бир шиша ичида, у шиша гўё бир дурдан яралган юлдузга ўхшайди». Бу оятда мўминнинг кўкси токчага, қалбини эса ўша токчада турган шиша ичидаги чироққа (яъни фонусга) ўхшатилган. У чироқ ўзининг шишаси билан биргаликда нур таратаётган дурдан яралган юлдузга ўхшайди. Бу чироқни ёқиш ва мунаввар қилиш учун ишлатиладиган олий навли зайтун ёғидан мурод Аллоҳ томонидан ўша қалбни мунаввар қилиш ва ёритиш учун берилган имон ва маърифатдир. У шу даражада кучлики, кимнинг қалбига кирса, албатта, уни мунаввар қилиши аниқ (“Тафсиру Қушайрий”).
«...У (чироқ) на шарқий ва на ғарбий бўлмаган муборак зайтун...» У шунақа дарахтки, фақатгина кундузининг аввалида қуёш нури тегадиган шарқда ўсувчи зайтун ҳам эмас, ёки фақатгина қуёш ботаётганда қуёш нурини кўрадиган ғарбда ўсувчи зайтун дарахти ҳам эмас. Балки у тонг чиққандан кеч киргунча Қуёш нуридан баҳра оладиган ўртада ўсувчи дарахт. Яъни, мўминнинг қалби гоҳ ундай, гоҳ бундай бўлмайдиган, имонида собит қалб ҳисобланади (“Тафсиру Саъдий”).
«...нур устига нур (бўлур)...». Мўминнинг фитратидаги имон нури билан Аллоҳ томонидан фазл ўлароқ бериладиган бу нур туфайли мўмин ақидасида собит, турли хил фитна ва васвасаларга учиб кетмайдиган бақувват инсонга айланади (Шайх Абдулғаний Дайламий. “Тафсиру Абдулғаний”).
«...Аллоҳ ўзининг (бу) нурига ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур...». Бу нур шу даражада қимматбаҳо нурки, уни Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва севган бандасига беради. Дунёдаги бошқа барча неъматлар бу нур олдида, яъни имон неъмати олдида арзимас матога айланади. Шунинг учун баъзилар ўз наздида олий неъмат деб билган бойликни Аллоҳ кофирга ҳам, мўминга ҳам беради. Аммо имонни фақат Ўзи севган бандасига беради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар мол-дунё Аллоҳнинг наздида чивиннинг қанотичалик қадрга эга бўлганида, ундан кофирга бир ҳўплам сув ҳам бермас эди”, деганлар. Имондан йироқ молу дунё эгалари нурсиз, истараси совуқ бўлади. Аммо Аллоҳ кимга имон неъматини берган бўлса, у инсоннинг истараси иссиқ, суҳбатлашсангиз, яна суҳбатлашгингиз келадиган нурли инсон бўлади. Бу сўзимизнинг далили Бақара сурасининг 40-оятидир: «Кимга Аллоҳ нур (имон) бермаса, бас, унинг (учун) ҳеч қандай нур йўқдир» (Абдурраҳмон Киноний. “Тафсиру иршодий”).
«...Аллоҳ одамлар (ибрат олишлари) учун (мана шундай) мисолларни келтирур». Яъни, бу зарбулмасал ақли ва фаҳми бор бўлган ҳар қандай инсонни дунё неъматлари борасида тафаккур қилишга чорлаб, ўша неъматлар орасида имон неъмати энг улуғлигини англаши ва Аллоҳдан имон неъматини сўраб, имонли, гуноҳдан сақланиб, тўғри йўлда собит бўлишига интилиши учундир.
 
Тафсир китоблари асосида
Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани
бош имом-хатиби
Одилхон қори ЮНУСХОН ўғли
тайёрлади.