Қачонки, Ер ўзининг (энг даҳшатли) зилзиласи билан қимирлаганида, Ер (ўз қаъридаги конлару мурдалардан иборат) “юк”ларини (юзага) чиқариб ташлаганида ва (қайта тирилишни инкор қилувчи) инсон (даҳшатга тушиб): “Унга не бўлди экан?” – деб қолганида – ана ўша кунда Ер ўз хабарларини сўзлар. (Сўзлашга) Раббингиз ваҳий (билан рухсат) қилганини айтур. Ўша куни (яъни қиёмат қойим бўлгач) одамлар,  уларга (номаи) аъмолларини кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар. Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар (Залзала сураси).
 
Абдуллоҳ ибн Амр (розиял­лоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига бир киши келиб:  “Ё Расулуллоҳ, менга Қуръон ўқитинг (ўргатинг)”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Учта “алиф, лом, ро” сурасини ўқи”, дедилар. У киши: “Ёшим катта, хотирам суст, тилим қотган-да, ё Расулуллоҳ”, деди. “Ундай бўлса, “ҳо, мим”ларни (сураларини) Ўқи”, дедилар. Ҳалиги киши яна ўша жавобни берди. У зот: “Ундай бўлса, “Мусаббиҳот” (“Саббаҳа” калимаси билан бошланадиган сура)лардан учтасини ўқи”, дедилар. У яна юқоридаги каби жавоб берди ва: “Қисқа бўлса ҳам жамловчи сура бўлсин”, деди. Шунда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга Залзала сурасини ўқитдилар. Ўрганиб бўлгач, у деди: “Сизни Пайғамбар қилиб юборган Зотга қасамки, бунинг устига ҳеч нима қўшмайман”. У киши кетгач, Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Бу “кичкинтой” нажот топди, нажот топди!” дедилар (Имом Термизий ривояти). 
Баъзи ҳадисларда бу сура Қуръони каримнинг (мазмуни, ғояси) тенг ярмига, бошқа бир ҳадисларда тўртдан бирига баробар экани айтилган. 
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У (ер) ўзидаги хабарларни сўзлайди” оятини ўқидилар ва: “Унинг хабарлари нима (қандай) эканлигини биласизми?” дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Унинг расули билади”, дейишди. У зот: «Ер Аллоҳнинг ҳар бир эркак ва аёл бандаси унинг елкасида бўлганида нималар қилганига гувоҳлик бериб: “Фалончи шу куни бундай ишлар қилди”, дейди. Мана шу унинг хабарлари», дедилар.
Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) бундай деганлар: «Қуръони каримдаги инсонларни энг огоҳ этувчи оят: "Бас, кимки (дунёда) зарра миқдорида яхшилик қилган бўлса, (қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорида ёмонлик қилган бўлса ҳам, уни кўрар”, оятидир».
Муҳаммад ибн Каъб айтади: “Агар кофир бўлса ҳам киши, зар­рача яхшилик қилган бўл­са, унинг ажрини кўради. Яхшили­гининг роҳатини ўзи­да ё молида, ё аҳлида ёки бола­ларида кўрмасдан туриб дунё­дан кетмайди. Агар мўмин бўлса ҳам, киши заррача ёмон­лик қилган бўлса, унинг азоб-уқубатини тотади. Ёмон­лигининг азоб-уқубатини ўзи­да ё молида, ё аҳлида ёки болаларида кўрмасдан туриб дунёдан кетмайди. Инсоннинг қандай эканини унинг амаллари кўрсатади.
Аллоҳ таолонинг доимо яхши амаллар қиладиган бахтли бандалари қаторида бўлиш барчамизга насиб этсин! 
 
Манбалар асосида 
Тошкент шаҳридаги 
“Искандар хўжа” жоме масжиди имом-хатиби
Абдуллоҳ ШОКИРОВ 
тайёрлади.