«Аллоҳ одамлар учун қайси бир раҳматни очиб (равона қилиб) қўйса, бас, уни тутиб қолувчи бўлмас ва нимани тутиб қолса, бас, Ундан сўнг уни (бандаларга) юборувчи бўлмас. У Азиз (қудратли) ва Ҳаким (ҳикматли Зот)дир. Эй инсонлар! Сизларга (ато этган) Аллоҳнинг неъматини эслангиз! Сизларга осмону заминдан ризқ берадиган Аллоҳдан ўзга яратувчи борми?! Ундан ўзга илоҳ йўқ. Бас, (тўғри йўлдан) қаёққа бурилиб кетмоқдасиз?!» (Фотир, 2–3).

Аллоҳ таоло ирода қилган нарсани ҳеч ким тўхтатиб қололмайди ва Аллоҳ хоҳла­маган нарсани ҳеч ким  бўл­диролмайди. Шунинг учун банда мува­ффақиятга фақат ўз ҳара­катим туфайли эришдим, деб ўйлаши хато бўлади. 
Муғира ибн Шуъба (розиял­лоҳу анҳу)нинг мавлоси айтади: “Муовия Муғира ибн Шуъбага: “Менга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитганларингни ёзиб тур”, деб хат ёзди. Муғира мени чақирди. Муғиранинг айт­ганларини Муовияга ёздим: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намозни тугатиб кетиш пайтларида бундай деяётганларини эшитдим: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳ, луҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ала кулли шайъин қодир. Аллоҳумма ла мааниъа ламма аътойта ва ла мўъти ламма манаъта,  ва ла янфаъу зал жадди минкал жадди (Маъноси: Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ; У танҳодир, Унинг шериги йўқ. Мулк Уники, ҳамд Унга хосдир. У барча нарсага қодирдир. Эй Аллоҳ, Сен ман этган нарсани берувчи йўқ. Сен ато этганингни қайтарувчи йўқ. Бойлик соҳибига Сендан узоқлашгани фойда бермайди” (Имом Бухорий, Имом Муслим).
Қуръони каримда бундай дейилади: «Агар сиз Раббингиз (томони)дан бўладиган мар­ҳаматдан умидвор ҳолингиз­да улардан (қариндош, мискин ва йўловчилардан) юз ўгирадиган (ёрдам бермайдиган) бўлсангиз, у ҳолда уларга юмшоқ сўз айтинг!» (Исро, 28).
Оятдаги “раҳмат” калимасидан мурод, ризқ-барака ёки дуо, тавба, ҳидоят ёинки сиҳат-саломатлик, хотиржамликдир. Аллоҳ таолонинг инсонларга пайғамбарларни юбориши ҳам Унинг раҳматидандир. 
Абу Лайс Самарқандий (раҳ­матуллоҳи алайҳ) айтади: “Раҳмат” бу – ҳар бир яхшиликдир. Огоҳ бўл, билиб қўй, агар Аллоҳ бирон нарсанинг кетишини ирода этса, уни ҳеч ким тўхтатиб қололмайди. Аллоҳ таоло қолишини хоҳ­лаган нарсани ҳам ҳеч ким кетказолмайди”. 
“Эй инсонлар! Сизларга (ато этган) Аллоҳнинг неъматини эслангиз!”
Бандалар, Аллоҳ таолони тил билан, қалб билан зикр этишга амр этилди.  “Фатҳул Қодир” тафсирида бундай дейилади: “Аллоҳ таоло Ал-Мўъти (хоҳлаган бандасига ризқ, барака ато этувчи); Ал-Мониъ (хоҳлаган бандасини бойликдан маҳрум этувчи. Асрагувчи); Ал-Қобиз (истаган бандасининг ризқини камайтирувчи); Ал-Басит (истаган бандасининг ризқини кўпайтирувчи) Зотдир. Бандалар, Аллоҳ таоло ато этган ҳисобсиз неъматлар ҳақини Уни зикр этиш, ибодат қилиш билан адо этишга буюрилди. Қуръони каримда бундай дейилади: «Шунингдек, сизларга барча сўраган нарса­ларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир» (Иброҳим, 34).
“Сизларга осмону заминдан ризқ берадиган Аллоҳдан ўзга яратувчи борми?! Ундан ўзга илоҳ йўқ. Бас, (тўғри йўлдан) қаёққа бурилиб кетмоқдасиз?!»
Сизлар Аллоҳдан бошқа у нарсаларни халқ қила олмаслигини, Ундан бошқа ҳеч ким ризқ бера олмаслигини билганларинг ҳолда яна ҳидоятдан юз ўгирасизларми? Имом Зажжож  (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Сизларда, Аллоҳнинг тавҳидини, қайта тирилтиришини ёлғонга чиқариш, Уни бўҳтон қилиш қаердан пайдо бўляпти. Сизларни яратган, сизларни ризқлантирган Аллоҳ таолога иқрор бўлинглар”.
Бандаларни неъматлантирувчи танҳо Зот Аллоҳ таолодир. У осмондан ёмғир ёғдириб, ерда турли ўсимликларни сизлар учун халқ қилди. Шундай экан, фақат Ўзидангина сўрайлик. Яратган барчаларимизни ҳидоятдан адаштирмасин, умримиз ва ризқимизга барака ато этсин!
 
Манбалар асосида “Пул емас ота”
 жоме масжиди имом ноиби 
Абдулвоҳид ЎРОЗОВ
 тайёрлади.