"Раббингиздан (бўлувчи) мағфиратга ва кенглиги осмонлару Ерга тенг, тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган жаннат сари (солиҳ амаллар қилиш билан) шошилингиз! Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар" (Оли Имрон, 133-134).
 
Мўмин банда сабрли бўлади, мулоҳаза билан фикр юритади. Чунки шошқалоқлик шайтондандир. Фақат эзгу амалларни, хайрли ишларни бажариш учун шошилиш зарур. Бу борада Имом Калбий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Гуноҳдан қайтиб тавбага шошилинг­лар” деса, Имом Мақотил (раҳматуллоҳи алайҳ): “Гуноҳларингиз кечирилиши учун солиҳ амаллар қилиб, жаннатга шошилинглар”, дейди.  Қуръони каримда бундай баён қилинади: “(Эй инсонлар) Раб­бингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига имон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз! Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазл соҳибидир” (Ҳадид,22).
“Улар (мазкур тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) афв этадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”.
Фаровонлик ва танглик онларда ҳам Аллоҳ таолони унутмаслик, сабр ва шукр қилиш, қаноатли бўлиш, муҳтож, мис­кин кишиларга раҳм-шафқат кўрсатиб, хайр-эҳсон қилиш тақводорларнинг улуғ сифатларидир. Шунингдек, ғазаби келганида ҳам ўзини босган, кечиримли бўлганлар Аллоҳнинг суюкли бандаларидир. Кечиримлилик – зулм ўтказган кишидан қасдини олишга қодир бўла туриб, уни афв этишдир. Ҳадиси шарифларда: “Ғазаб ва нафратини сочишга қодир бўлгани ҳолда ғазабини жиловлай олган кишига Аллоҳ таоло жаннат ҳурларидан жуфтлаб беради”; “Зулм ўтказишда ҳақли бўлган ўринда кечириш йўлини танлаган бандага Аллоҳ таоло азизликни зиёда қилади”, дейилган (“Тафсири Самарқандий”).
Яхшиликнинг турлари кўп, қандай йўл билан бўлмасин, бош­қаларга ёрдам берган бандалар Аллоҳ таолонинг ҳимоясидадир. Демак, умр ғанимат, эзгу ишлар қилишга шошилайлик! 
 
Манбалар асосида 
тайёрланди.