وَلاَ تُصَعِّرْ خَدَّكَ لِلنَّاسِ وَلاَ تَمْشِ فِي الْأَرْضِ مَرَحًا إِنَّ اللهَ لاَ يُحِبُّ كُلَّ مُخْتَالٍ فَخُورٍ  وَاقْصِدْ فِي مَشْيِكَ وَاغْضُضْ مِنْ صَوْتِكَ إِنَّ أَنْكَرَ الْأَصْوَاتِ لَصَوْتُ الْحَمِيرِ 

«...Одамлардан (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин! Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас. (Юрганингда) ўртаҳол юргин ва овозингни паст қилгин. Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир”» (Луқмон, 18–19).

Мазкур ояти карималарда Аллоҳ таолонинг солиҳ бандаларидан Луқмон (алайҳиссалом)нинг ўз ўғлига қилган насиҳати баён этилган. Бу барча мусулмонлар, хусусан, ота-оналар учун бир ўрнак, дарс бўлиб, фарзанд тарбиясида мана шундай насиҳатлар қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатиб беради.

Рағиб Исфаҳоний: “Тарбия бир фарзандни бир ҳолатдан яна яхшироқ иккинчи ҳолатга ўтказа бориб, камолот даражасига етказишдир. Тарбиянинг маъноларидан бири инсоннинг диний, фикрий ва ахлоқий қувватларини уйғунлик ҳамда мувозанат ила ривожлантиришдир”, дейди.
Ислом динида бола тарбияси ота-онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчидир. Бунда фақат руҳий тарбия эмас, балки жисмоний тарбия, яъни фарзанднинг саломатлиги, унинг ҳар томонлама камолга етиб бориши назарда тутилади.
«Одамлардан (кибрланиб) юзингни буриштирмагин ва ерда керилиб юрмагин!» Яъни, сенинг олдингда бир киши ҳақида сўз юритилса, уни пастга уриш ёки масхаралаш маъносида лабингни бурма ва сенга энг заиф ёки кичкина бола гапирса ҳам, сўзини охиригача тингла. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай қилардилар. Ҳамда юрганингда кибру ҳаво билан юрма! Одамларни камситиш, уларни паст санаш жуда ёмон иллат. Албатта, юриш-туришда ҳам такаббурликдан сақланиш керак.
«Чунки Аллоҳ барча кибрли, мақтанчоқ кимсаларни суймас...» Мўминлар қалбида заррача кибр бўлишини ҳам Аллоҳ таоло ёмон кўради. Мутакаббир – ҳақни тан олмай, ўзгаларга паст назар билан қарайдиган одамдир. Мақтанчоқ – ато этилган яхшиликлардан фахрланиб, Аллоҳ таолога ҳамд айтмайдиган одам.
«...(Юрганингда) ўртаҳол юргин...» Яъни, шошиб-пишиб ёки имиллаб эмас, балки ўртача қадам ташлаб юр. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тез юриш мўминнинг чиройини кетказади”, деганлар (Дайламий ривояти). Ўртаҳол юриш юксак фазилатлардан бўлгани учун ҳам Аллоҳ таоло мадҳ этган (Фурқон, 63).
“...ва овозингни паст қилгин!..» Яъни, ўзгалар билан мулоқотда, баҳс-мунозарада овозингни баланд кўтарма. Бундан мақсад камтарин бўлишга чорлашдир.
“...Чунки овозларнинг энг ёқимсизи эшаклар овозидир”. Ояти каримада ўзаро сўзлашув ва мунозарада овозни кўтариш ёқимсиз иш бўлганидан эшакнинг ҳанграшига ўхшатилган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эшакнинг ҳанграганини эшитсангиз, Аллоҳдан паноҳ сўранг, чунки у шайтонни кўрган бўлади”, деганлар (Имом Бухорий ривояти). Суфён Саврий айтади: “Ҳамма ҳайвонларнинг овоз чиқариши тасбеҳдир, фақат эшакнинг ҳанграши бундан мустасно”.
Муфассирлар ёзишларича, араблар эшакнинг ўзидан ҳам қаттиқ нафратланишар, отини ҳам айтишдан ор қилиб, “узун қулоқли” дейишарди. Баъзилари сафарга чиқса пиёда юриб ўлар ҳолга келса ҳам, эшакка минишга ғурурлари йўл қўймасди. Аммо ҳар ишда камоли камтарлик ва тавозе намунаси бўлган Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эшак минганлар. У зотнинг Миср подшоҳи ҳадя қилган хачирлари бор эди.
Араблар баланд овозда гапиришни фазилат санашарди. Улар кимнинг овози баланд чиқса, даражаси улуғ, кимнинг овози паст бўлса, ҳақир ҳисоблашарди. Аллоҳ таоло бундай жоҳилият ахлоқидан – одамларни камситиш, юзига қараб бақириш ёки баланд овозда гапиришдан қайтармоқда.
Инсон ўзини жамиятда қандай тутиши борасида яққол ва олий мисол – Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўртача қадам ташлаб, мўътадил юрганлар ва овозларини баланд кўтармай, дона-дона қилиб гапирганлар.
Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак суннатларига эргашиш бахт-саодат омили ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Батаҳқиқ, сизлар учун – Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди» (Аҳзоб, 21).
 
Тафсир китоблари асосида “Ҳидоя” 
ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси 
Абдуносир БОБОМИРЗАЕВ 
тайёрлади.