«...Одамлар орасида шундайлари ҳам бор, улар: “Эй Раббимиз, бизга шу дунёда бергин”, дейдилар. Ваҳоланки, уларга охиратда насиба йўқдир. Яна шундайлари бор, улар: “Эй Раббимиз бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”, дейдилар. Айнан ўшаларга қилган ишларидан насиба (савоб) бордир. Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчи зотдир» (Бақара, 200–202).

 

Бу оят ҳақида Имом Мотуридий тафсирида бундай дейилади: “Бу оят охиратга ишонмайдиган қавм ҳақида бўлиб, улар фақат дунё яхшилигини сўрайдилар, охират яхшилигини сўрамайдилар. Уларга ўзлари сўраган дунё яхшиликлари берилади.

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

«Ким охират экинини (савобини) истар экан, Биз унга экини (ҳосили)ни зиёда қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан берурмиз ва унинг учун охиратда насиба (савоб) бўлмас» (Шўро, 20). Яъни, ким бу дунёга берилиб кетса ва унга мойил бўлса, фақат шу дунёнинг яхшилигини сўраб дуо қилади. Аммо ким қайта тирилишга ишонса, ундай кишилар дунё яхшилигини ҳам, охират яхшилигини ҳам бирга сўрайдилар ва бундай дейдилар: «Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин».

Олимлар дунёдаги яхшилик нимаю охиратдаги яхшилик нима экани ҳақида турли фикрлар билдиришган. Баъзилари айтишича, дунёдаги яхшилик – илм ва ибодат, охират яхшилиги эса жаннат ва мағфиратдир. Бошқа тоифа олимларга кўра, дунёнинг яхшилиги тоат-ибодат ва солиҳ амал қилишга илоҳий мадад ва ризқдир, охират яхшилиги эса Аллоҳ таолонинг раҳмати ва розилигидир. Расулуллоҳ: “Аллоҳ таолонинг шундай бандалари бор, улар офият билан тириладилар, офият билан ўладилар ва офият билан жаннатга кирадилар”, дедилар. Шунда одамлар: “Ё Расулуллоҳ қандай қилиб?” дейишди. У зот: «“Эй Раббимиз бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”, деган сўзни улар кўп айтганлари учун», деб жавоб бердилар.

Ибн Касир тафсирида бундай дейилади: Саид ибн Жубайр Ибн Аббосдан ривоят қилнади: «Кўп араблар Байтуллоҳни тавоф қилиш пайтида Мавқифга келиб: “Аллоҳим, бу йил серёғин, ҳосилдор, яхши кўпайиш йили бўлишини насиб эт”, деб сўрардилар. Лекин охират иши тўғрисида бирор нарса демас эдилар. Шунда Аллоҳ таоло: “Одамлар орасида шундайлари ҳам бор, улар: “Эй Раббимиз, бизга шу дунёда бергин”, дейдилар. Ваҳоланки, уларга охиратда насиба йўқдир” оятини нозил қилди. Сўнг улар ортидан мўминлар келиб: “Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”, деб дуо қилдилар. Сўнг Аллоҳ таоло: “Айнан ўшаларга қилган ишларидан насиба (савоб) бордир. Аллоҳ тез ҳисоб-китоб қилувчи зотдир”», оятини нозил қилди. Бу оят билан дунё ва охират яхшилигини сўровчиларни мақтади. Мана шу дуо дунёдаги барча яхшиликларни ўзида жамлайди ва ундаги барча ёмонликлардан қайтаради. Дунё яхшиликларига тинчлик, кенг уй-жой, яхши аёл, мўл ризқ, фойдали илм, солиҳ амал, яхши улов, гўзал олқиш каби нарсалар киради. Бу изоҳларнинг барчаси тўғри, чунки дунёнинг яхшиликлари ана шу неъматлардир.

Охират яхшиликларига аросатдаги қўрқувдан омонда бўлиш, ҳисоб-китобдан осон ўтиш кабилар киради. Уларнинг энг олийи жаннатга киришдир. Дўзах азобидан сақланиш учун эса дунёда ҳаром ишлар ва гуноҳдан сақланиш, шубҳали ва ман этилган нарсаларни тарк қилиш керак бўлади. Қосим ибн Абдураҳмон айтади: “Кимга шукр қилувчи дил, кўп зикр қилувчи тил, сабр қилувчи бадан берилган бўлса, унга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшилик берилибди ва охират азобидан сақланибди”.

Пайғамбаримиз ҳам бу дуони кўп айтишга тарғиб қилганлар.

Қатода Анасдан сўради: “Расулуллоҳнинг энг кўп қиладиган дуолари қайси эди?” У киши: “Роббана атина фид-дуня ҳасана ва фил-ахироти ҳасана ва қина азабан-нар” (“Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато этгин, охиратда ҳам яхшилик (ато этгин) ва бизни дўзах азобидан асрагин”), дуоси дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

Абу Мансур Мотурудийнинг “Таъвилот аҳл ас-сунна”, Ибн Касирнинг “Тафсирул Қуръанил азим” тафсирлари асосида Бадриддин САДРИДДИН ўғли тайёрлади.