«Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур. Унга фақат сабрли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур» (Фуссилат, 34–35).
 
Ушбу оят Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га кўп азиятлар етказиб, душманлик қилиб, кейинчалик яқин дўстига айланган Абу Суфён ибн Ҳарб ҳақида нозил бўлган (Имом Насафий ривояти). 
Ояти каримадаги яхшилик ва ёмонликни муфассирлар турлича тафсир қилишган:
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): «Яхшиликдан мурод “Ла илаҳа иллаллоҳ”, ёмонлик эса қўполликдир», деган; Имом Заҳҳок (раҳимаҳуллоҳ): “Яхшилик илм, ёмонлик фаҳш”, деб айтган. 
Имом Зажжож (розияллоҳу анҳу) оятни бундай тафсир қилган: “Тоат билан маъсият, имон билан куфр баробар бўлмайди”. Бошқа муфассирлар: “Кўрувчи билан кўзи ожиз, сабрли билан бесабр тенг бўлмайди”, дейишган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га Абу Жаҳл кўп азият берарди. Шунинг учун у зот Абу Жаҳлдан нафратланиб, уни кўришни истамайдилар. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га уни кечиришни ва афв этишни буюрди:   
«Сиз (ёмонликни) гўзалроқ (муомала) билан даф қилинг! (Шунда) бирдан сиз билан ўрталарингизда адоват бўлган кимса қайноқ (қалин) дўстдек бўлиб қолур».  
“Тафсири Насафий”да бундай дейилади: “Яхшилик ва ёмонлик бир-бирига зиддир. Сиз ёмонликни яхшироқ нарса билан даф қилинг. Яъни, душманни кечириш яхшилик бўлса, унга лутф-эҳсон айлашингиз ундан-да яхшироқ бўлади”. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Ғазаб келганида сабр­ли ва ҳалим бўлиш ёмонлик қилган кишини афв этишдир”. Имом Мужоҳид (раҳимаҳуллоҳ) оят тафсирида бундай деган: “Ёмон кўрган киши билан учрашганида салом бериш, рўбарў келса, қўл бериб  кўришиш ёмонликни гўзалроқ муомала билан даф этишдир”.  
Ёмонликни гўзал муомала билан даф қилсангиз, сизга адовати бўлган кимса яқин дўст бўлиб қолади. 
«Унга фақат сабрли зотларгина эришурлар, унга фақат улуғ насиба эгасигина эришур». 
Яхши сўз ва чиройли муомала билан ёмонликни даф этиш фазилати охиратда буюк насибаси бор бандаларгагина берилади. 
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) “улуғ насиба”дан мурод савобдир, деган.
 
Манбалар асосида 
Баҳриддин Парпиев 
тайёрлади.