«Аллоҳ (тоати йўли)да ҳаққоний жидду жаҳд қилингиз! Сизларни (шу дин учун) У танлади ва динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади. Отангиз Иброҳимнинг дини (Ислом)ни (ушлангиз)! Токи (қиёматда) пайғамбар сизларга гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса (қолган) одамларга гувоҳ бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) ўзи сизларни илгари (муқаддас китобларда) атагандек, мана шу (Қуръон)да ҳам мусулмонлар деб атади. Бас, намозни баркамол адо этингиз, закотни берингиз ва Аллоҳга боғланингиз! У сизларнинг хожангиздир. Бас, У нақадар яхши Хожа ва (мадад сўраган мўминларга) нақадар яхши Мададкордир!» (Ҳаж, 78).

Аллоҳ азза ва жалла бу ояти каримада бандаларни нафс истакларига қарши курашишга амр этган. Имом Насафий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Нафсга қарши туриш энг катта курашдир”, дейди. Имом Самарқандий (раҳматуллоҳи алайҳ) бу оятни бундай тафсир қилган: “Холис Аллоҳ азза ва жалла учун амал қилинглар”.
Ҳасан Басрий бундай деганлар: “Ҳақиқий жидду жаҳд қилиш Аллоҳ таоло буюрган барча нарсаларни адо этиш ва қайтарган ҳамма нарсалардан тийилишдир”.
«Сизларни (шу дин учун) У танлади ва динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади».
 Яъни, Аллоҳ таоло сизларни ўз динида бўлишингизни ва сизларга нусрат беришни ихтиёр этди. Бу оятда мусулмонларни шарафлаш бор. Диндан мурод Ислом динидир. Ислом динида буюрилган бирор амалда қийинчилик ва машаққат йўқ: сув йўқ пайтида ёки хаста кишининг таяммум билан намоз ўқиши, оғир хаста кишиларга имо-ишора билан ибодат қилишнинг жоизлиги, сафардаги кишининг тўрт ракатли фарз намозларни қаср қилиши ёки унга рўза тутишнинг ихтиёрийлиги каби енгиллик ва рухсатли ҳоллар шулар жумласидандир.
«Отангиз Иброҳимнинг дини (Ислом)ни (ушлангиз)! Токи (қиё­матда) пайғамбар сизларга гувоҳ бўлиши учун, сизлар эса (қолган) одамларга гувоҳ бўлишингиз учун (Аллоҳнинг) ўзи сизларни илгари (муқаддас китобларда) атагандек, мана шу (Қуръон)да ҳам мусулмонлар деб атади».
Яъни, “Оталарингиз Иброҳим  (алайҳиссалом)нинг динига эргашинглар”. Иброҳим (алайҳиссалом) Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом)нинг катта боболари бўлгани эътиборидан у зот барча мусулмон умматига ота каби ҳисобланади. Пайғамбарнинг уммати у зотнинг болалари ҳукмида бўлади. Ҳадиси шарифда: “Мен сизларга отангиз кабиман”, дейилган. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Аллоҳнинг рисолатини ўз умматига етказганига гувоҳлик беради. Пайғамбарлар ўз умматларига Аллоҳ таолонинг ҳукмларини етказишганига биз мусулмонлар гувоҳ бўламиз. Аллоҳ таоло олдинги самовий китобларда ҳам ва Қуръони каримда ҳам бу умматни шарафлаб, “мусулмонлар” деб номлаган.
Шундай экан, бу неъматларнинг шукрини адо этиш лозим бўлади. Шукр Аллоҳга итоат қилиш билан бўлади. Шариатда бую­рилган нарсаларни бажариш, қайтарганларидан тийилишимиз билан зиммамиздаги Аллоҳ таолонинг ҳақини адо этамиз. Аллоҳ фарз қилган ибодатлар орасида намозни мукаммал ўқиш, закотни хурсандчилик ила адо этиш зарур.
Бандаларга фақат Аллоҳ таоло мадад беради ва уларни асрайди. Фақат У зотгина нажот бергувчидир. Бандаларнинг бир-бирларига қилган  ёрдами ҳам Аллоҳ таолонинг изни ва  хоҳиши биландир.