«Эзгу иш қилишингиз, тақвода бўлишингиз ва одамлар ўртасини ислоҳ этишингиз борасидаги қасамларингиз учун Аллоҳ (номи)­ни кўндаланг қилавермангиз! Аллоҳ эшитувчи ва билувчи Зотдир. Аллоҳ сизларни (тилингиз учида айтган) беҳуда қасамларингиз учун жавобгар қилмайди. Балки, дилларингиз касб этган нарса (қасамларингиз) учун жавобгар қилур. Аллоҳ кечиримли ва ҳалим Зотдир» (Бақара, 224–225).

Оятнинг нозил бўлиш сабаби: Абдуллоҳ ибн Равоҳа (розияллоҳу анҳу) билан куёви Башир ибн Нўъмон (розияллоҳу анҳу) ўртасида бир гап ўтган ва Абдуллоҳ ибн Равоҳа унинг уйига кирмасликка, у билан гаплашмасликка ва ўрталаридаги хусуматни ислоҳ қилмасликка қасам ичган эди. Абдуллоҳ ибн Равоҳа Аллоҳ номига қасам ичганман, қасамни бузиш мумкин эмас, деб ўйларди. Бу оят ана шу воқеадан сўнг нозил бўлди.
«Эзгу иш қилишингиз, тақвода бўлишингиз ва одамлар ўртасини ислоҳ этишингиз борасидаги қасамларингиз учун Аллоҳ (номи)ни кўндаланг қилавермангиз! Аллоҳ эшитувчи ва билувчи Зотдир».
Яъни, яхши, савобли амаллар қилмаслик ва одамлар орасини ислоҳ этмаслик учун Аллоҳ номи билан қасам ичмангиз! Аллоҳ таоло сўзларингизни эшитувчи ва ниятларингизни билиб турувчи Зотдир. Динимиз зарурат тақозо қилмагунича қасам ичмасликни тавсия қилади. Хайрли ва савобли ишларни қилмаслик ҳақида ичилган қасамни эса бузиб, каффоратини беришни буюради.
Аллоҳ таоло кўп қасам ичишни мазаммат қилиб, бундай дейди: «(Эй Муҳаммад!) Ҳар қандай тубан қасамхўрга итоат этманг!»
«Аллоҳ сизларни (тилингиз учида айтган) беҳуда қасамларингиз учун жавобгар қилмайди. Балки, дилларингиз касб этган нарса (қасамларингиз) учун жавобгар қилур».
Уламолар қасамлар уч тур бўлишини айтишган:
1. “Лағв” – беҳуда қасам. Бу инсоннинг қалбдан қасд қилмасдан, “тил учида” “Аллоҳга қасамки” каби қасам лафзларини айтиб юборишидир. Бундай қасам учун каффорат вожиб бўлмайди.
2. “Мунъақида” – боғланган қасам. Бу инсоннинг келажакда бирор ишни қилишга ёки қилмасликка қасам ичиши. Бу қасамни бузган кишига каффорат вожиб бўлади.
3. “Ғамус” – ёлғон қасам. Бу инсоннинг билиб туриб ёлғон, яъни бўлган нарсани бўлмаган деб, бўлмаган нарсани бўлган деб қасам ичишидир. Жумҳур уламолар наздида бундай қасамга ҳам каффорат йўқ. Бундай қасам ичган киши қаттиқ гуноҳкор бўлади. Тош сувга ботгани каби гуноҳга ботади.
Ямийни ғамус (ёлғон қасам) гуноҳи кабиралардандир. Ҳадисда: «Бир аъробий келиб: “Ё Расулуллоҳ, менга гуноҳи кабираларни айтинг”, деди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга ширк келтириш”, дедилар. Сўнг у яна сўради. Шунда у зот (алайҳиссалом): “Ота-онага оқ бўлиш”, дедилар. Сўнг: “Яна қайси?” деди. Расулуллоҳ: “Ямийни ғамус”, дедилар. Аъробий “Ямийни ғамус нима?” деб сўради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ёлғон қасам ичиб, бир мусулмоннинг молини ейишдир”, деб жавоб бердилар».
Мунъақида қасамни бузишнинг каффорати ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилган: “Қасамларингиздаги беҳуда сўзлар учун Аллоҳ сизларни жавобгар қилмайди, балки сидқидилдан боғлаган қасамлар (бузилгани) учун сизларни жавобгарликка тортади. Бунинг каффорати (жаримаси) – оилангизни озиқлантириш учун лозим таомларнинг ўртача миқдорида ўнта мискинга таом бериш ёки уларнинг ки­йимлари ёхуд бир қулни озод қилишдир. Кимки (буларни) топа олмаса, уч кун рўза тутиши (мумкин). Ана шу ичган (ва бузган) қасамларингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни асрангиз! Аллоҳ сизларга Ўз оятларини шундай баён қилади, токи шукр қилгайсиз (Моида, 89).
Демак, мунъақида қасамнинг каффорати ушбулардир:
1. Ўз аҳлининг ўртача таоми миқдорига тенг таом билан ўнта мискинни нонуштада ва кечда овқатлантириш ёки ўнта мискинни кийинтириш. Ҳанафий мазҳабида уларнинг ҳар бирига фитр садақаси учун бериладиган нарсаларнинг қийматини бериш ҳам мумкин.
2. Қул озод қилиш.
3. Уч кун рўза тутиш.
Ўнта мискинни овқатлантириш (ёки кийинтириш) ва қул озод қилиш имкони бўлмаган киши рўза тутади. Қасамни бузмасдан олдин каффорат тўлаш мумкин эмас. Чунки қасамни бузмагунча, унга каффорат вожиб бўлмайди.
Қасам каффоратининг рўзаси, имом Абу Ҳанифа наздларида, уч кун кетма-кет тутилади.
 

Тошкент шаҳридаги “Новза” жоме
масжиди имом-хатиби
Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ
тайёрлади.