«Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир» (Бақара, 208).

Муфассирлар ояти каримадаги “силм” сўзини турлича тафсир қилишган. Муфассирлардан Ибн Аббос, Мужоҳид ва Товус (раҳимаҳумуллоҳ) “силм” сўзига “Ислом” деб маъно беришган. Имом Заҳҳок, Абул Олия ва Рабиъ ибн Анас (раҳимаҳумуллоҳ) оятдаги “силм” сўзидан мурод “итоат” эканини таъкидлайди. Зеро, “Ислом”нинг маъноларидан бири итоат, бўйсунишдир. Аллоҳ таоло буюради: «Эсланг, Рабби унга: “Бўйинсун!” – деганида, у: “(Барча) оламларнинг Раббига бўйинсундим”, деди» (Бақара, 131). Шунга кўра, оятнинг маъноси бундай ифодаланади: “Аллоҳ таолога шунчаки тил билан эмас, балки бутун вужудингиз билан итоат этинг. Ўзаро сулҳ тузинг, урушни тарк этинг. Жоҳилиятдан қолган тарафкашликка, низога ва қарама-қаршиликка сабаб бўладиган барча нарсаларга эргашманг. Зеро, уруш сабабли ўзаро меҳр-оқибат, гўзал инсоний фазилатлар унутилади, эзгу амаллар поёнига етмайди.
Динимизда нафақат уруш, балки ҳар қандай шаклдаги зўравонлик, фитна-фасод, бузғунчилик, қўпорувчилик, қароқчилик, бегуноҳ кишилар қонини тўкиш, ноҳақ одам ўлдириш қатъиян ман этилади. Қуръони каримда инсонлар тинчини бузган кимсалар ҳақида бундай дейилади: «Уларга: “Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилмангиз!” дейилса, улар: “Албатта, биз чин ислоҳчилармиз”, дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар» (Бақара, 11–12); «(Олдингиздан) кетганида ерда фитна-фасод, экин ва наслни ҳалок қилиш ишлари билан юради. Аллоҳ эса, фасодни (бузғунчиликни) ёқтирмайди» (Бақара, 205).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай огоҳлантирдилар: “Ким бизларга қарши қурол кўтарса, у биз (Ислом аҳли)дан эмас” (Ибн Можа).
Аллоҳ таоло бандаларни ўзаро тинч­ликка даъват этиб бундай буюради: «Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!..» (Ҳужурот, 9). Аллоҳ таоло бандаларига ёппасига тинчликка кириш, бахтли яшаш ва абадий саодатга эришишлари учун зарур бўлган барча йўл-йўриқларни таълим берган. Тинчлик, аввало ҳар бир кишининг ўзидан бошланади. Зеро, Ислом кўрсатмаларига амал қилган инсон қалбига тинчлик-хотиржамлик ўрнашади. Сўнгра бу оилага кўчади. Оилада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, у мустаҳкам ҳамда бардавом бўлади. Динимизда оиланинг тинчлиги учун ҳам зарур бўлган барча чора-тадбирлар кўрилган. Оиладаги тинчлик қўни-қўшни, қариндош-уруғ, маҳалла-кўйга, кейин жамиятга, сўнг давлатга ўтади. Бутун дунёда Исломда кўзланган тинчлик ўрнашса, қалблар таскин топиб, кишилар ўртасида аҳил-иноқлик, меҳр-муҳаббат ришталари мустаҳкамланади. Шунда барча инсонлар тинч-тотув ҳаёт кечиради.
Қаерда тинчлик ҳукм сурса, ўша ерда файз-барака, ривожланиш бўлади. Ўша юрт фарзандлари камол топади. Энг асосийси, мўмин-мусулмонлар эмин-эркинликда ибодатларини мукаммал адо этадилар. Аллоҳ асрасин, оиламизда бирор нотинчлик юз берса, кўнглимизга тўй-томоша ҳам, кўнгилхушлик ҳам сиғмайди. Ҳатто, бир луқма таомни ҳам хотиржам ютолмаймиз.
Тинчлик ва хотиржамлик бизга ато этилган энг улуғ неъматлардандир. Унинг қадрига етиш учун, бу борада мулоҳаза юритишимиз, шу неъмат кимларга насиб қилгану кимлар ундан бебаҳра қолгани ҳақида тафаккур қилишимиз керак. Хуллас, барча эзгу ишларнинг рўёбга чиқиши учун тинчлик ва осойишталик керак. Шундай экан, нафақат мавжуд тинчлик қадрига етиб, шукронасини адо этиш, балки унга ношукурлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишимиз лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Қачон (Биз) инсонга (тинчлик, саломатлик, фаровонликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, ўз ҳолича кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур» (Исро, 83).
Тинчликнинг барқарорлиги ҳамда уни асраб-авайлаш учун курашиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Тинчлик динимизнинг бош ғоясидир. Зотан, “Ислом” сўзининг ўзаги “салом”, яъни сулҳ, тинчликдир. Шу боис, мусулмонлар ўзаро кўришганларида бир-бирлари ҳақига “Ассалому алайкум – Сизга тинчлик-омонлик бўлсин!” дея дуо қиладилар. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки неъмат борки, кўп кишилар унинг қадрига етмайди. Улар: тансиҳатлик ва тинчлик-хотиржамликдир”, деганлар» (Имом Бухорий). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз умматларига ҳар тонгда: “Ё Аллоҳ, Сендан дунё ва охиратда тинчлик-омонликни сўрайман”, деб дуо қилишни таълим берганлар.
Аллоҳ таоло бандаларига тинчлик бахш этувчи Зотдир. Қуръони карим нозил бўлган тун ҳам салом кечасидир. «У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир» (Қадр, 5).
«...ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир» (Бақара, 208). Яъни, ёппасига Исломга, итоатга, тинчликка киринг. Акс ҳолда, инсу жиндан иборат шайтонлар изидан эргашган, васвасаларига учган бўласиз. Зеро, шайтон инсон учун очиқ-ойдин душмандир. Бу Қуръони каримда қайта-қайта такрорланади. Жумладан, Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: «Эй Одам авлоди! Шайтон ота-оналарингиз (Одам ва Ҳавво)нинг авратларини ўзларига кўрсатиб (уялтириб) жаннатдан чиқаргани каби сизларни ҳам алдаб қўймасин!..» (Аъроф, 27). Иблис, модомики Одам боласининг танасида жони бор экан, мудом уни васваса қилади, гуноҳ ва фаҳш ишларга бошлайди, тақиқланган нарсаларни зийнатлаб кўрсатади. Арзимаган нарсаларни деб, кишиларни ўзаро низо қилишга чақиради, ўрталарида адоват оловини ёқади. Зотан, оятда таъкидланганидек, унинг бирдан-бир мақсади одамзодни тўғри йўлдан адаштириб, ўзига эргашганларни дўзах сари етаклашдан иборат.
Аллоҳ таолодан диёримиздаги тинчлик-осойишталикни бардавом қилишини, бутун дунёда тинчлик-хотиржамлик қарор топишини сўраймиз. Зеро, У барча нарсага қодир Зотдир.
 

Тафсир китоблари асосида
Толибжон ҚОДИРОВ
тайёрлади.