«Аллоҳ осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, у билан ранглари турли бўлган меваларни чиқарганимизни кўрмадингизми?! Яна тоғларнинг оқ, қизил, ранг-баранг йўл(лиси) ҳам, тим қораси ҳам бордир. Шунингдек, одамлар, жониворлар ва чорва ҳайвонлари орасида ҳам ҳар хил ранглилари бордир. Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар. Ҳақиқатан, Аллоҳ қудратли ва мағфиратлидир»
(Фотир, 27–28).

Бу ояти каримада “кўрмадингизми (билмайсизми)?” деб сўралиши олдинги оятларда баён этилган ҳолни, яъни инсонлар эътиқоди жиҳатидан турли-туман бўлишлари табиийлигини англатиш учундир. Шунингдек, ҳайвонлар, жониворлар, тоғлар ва ўсимликлар ҳам бир-бирларидан фарқ қилади. Ояти каримадаги хитоб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ёки барча мукаллаф бандаларга қаратилгандир. Яъни: “Эй ақлли инсон, шубҳасиз билингки, Аллоҳ таоло осмондан кўп ёмғир ёғдириб, ердан туркумлари турлича, ранглари хилма-хил, таъмлари бир-бирларидан ўзгача  меваларни чиқарди”.
Аллоҳ таоло тоғларни ҳам турли шаклларда, ҳар хил йўлли қилди. Уларнинг баъзилари оқ, қизил ва бошқалари эса тим қорадир. Шунингдек, одамлар ва ҳайвонларнинг ҳам ранглари хилма-хилдир.
“Бандалари орасида Аллоҳ­дан уламоларгина қўрқарлар”, яъни фақат олимлар, илмли кишилар барча нарсани Аллоҳ таоло яратишини билишади, у Зот яратган нарсалар ҳақида тафаккур юритишади. Улар Аллоҳ таолодан савоб умидида ибодат қилишади, азобидан қўрқишиб, гуноҳлардан тийилишади.
Суфён Саврий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Набий (сол­­лаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Бизлардан олимроғимиз ким?” деб сўрашди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таолодан қўрқувчироғингиз. Бандалари орасида Аллоҳдан уламоларгина қўрқарлар”, деб жавоб бердилар. Яна: “Дўстларнинг афзали ким?” деб сўрашди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳни ёд этганингда (ёд этишингга) ёрдам бериб, Уни эсдан чиқарганингда эслатадиганлари”, дедилар. “Дўстларнинг ёмони ким?” деб сўрадилар. Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳни ёд этганингда, ёрдам бермайдигани, Уни эсдан чиқарганингда, эслатмайдиганлари”, дедилар. “Инсонларнинг ёмони ким?” деб сўрашганида: “Ё Аллоҳ! Уламоларнинг гуноҳларини афв эт. Олим бузилса, инсонлар бузилади”, дедилар» (Самарқандий тафсири).
 

Манбалар асосида
Баҳриддин ПАРПИЕВ
тайёрлади.