“Биз Луқмонга ҳикмат ато этдик (ва унга дедик): “Аллоҳга шукр қилгин! Кимки шукр қилса, фақат ўзи учун шукр қилур. Кимки ношукурлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва ҳамд эгасидир.  Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: “Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир”
 (Луқмон, 12-13).

Баъзи тафсирларда Луқмони ҳаким Боуро деган кишининг фарзанди экани ва у Озар (Торах) авлодидан, Айюб (алайҳиссалом)нинг нас­лидан бўлгани ва минг йил умр кўриб, Довуд (алайҳиссалом) замонигача яшагани айтилади.  
Жумҳур уламолар Луқмони ҳакимни пайғамбар эмас, балки солиҳ, ҳаким киши бўлган, де­йишган. Ривоятларда Луқмони ҳаким кўримсиз, қора танли бир ҳабаший киши бўлганлиги айтилади. Ваҳб ибн Мунаббаҳ (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Аллоҳ таоло бандаларни ҳусни ва чиройига қараб танламайди. Балки амали ва тақвосига қараб танлайди”.
Ваҳб ибн Мунаббаҳ (раҳматуллоҳи алайҳ) яна айтади: “Луқмони ҳакимга нубувват ёки ҳикматдан қай бирини танлаш ихтиёри берилди. Шунда у зот ҳикматни ихтиёр этди”.
Имом Воқидий (раҳматуллоҳи алайҳ) Луқмони ҳакимни Бани Исроилнинг қозиси бўлган деса, Имом Муқотил (раҳматуллоҳи алайҳ) у зот Довуд (алайҳиссалом) пайғамбар бўлишларидан олдин фатво берар эди, дейди.
Бир куни Луқмони ҳаким кўп  жамланган кишиларга ваъз-насиҳат қилиб ўтирганида, Бани Исроилнинг улуғ кишиларидан бири шу ердан ўтди ва: “Бу қандай жамоат бўлди”, деди. Унга, бу жамоат Луқмони ҳакимнинг ваъз-насиҳати сабабидан йиғилган, де­йилди. Шунда у: “Луқмон деганинг фалон кимсанинг хизматкори эмасми?” деди. Унга: “Ҳа, шундай”, деб жавоб берилди. Шунда у Луқмони ҳакимга: “Мен кўраётган бу даражага сени нима етказди?” деди. Луқмони ҳаким: “Мен бу даражага ростгўйлигим, омонатдор бўлганим ва кераксиз нарсаларни тарк этганим сабабли эришдим”, деди.
Ривоятларда бундай дейилади: “Луқмони ҳакимнинг Мавлоси бир куни унга: “Бизга бу қўйни сўйиб бер”, деди. У қўйни сўйгач, Мавлоси унга: “Бу қўй гўштининг энг тотли жойидан икки бўлак гўштни ажрат”, деди. У қўйнинг тили ва юрагини ажратди.  Орадан анча муддат ўтгач, яна унга Мавлоси бир қўйни кўрсатиб, бу қўйни сўй, деб буюрди. Луқмони ҳаким у қўйни сўйгач, Мавлоси унга: “Бу қўйдаги энг бемаза икки бўлак гўштни ажрат”, деди. У қўйнинг тили ва юрагини ажратди. Мавлоси ундан икки сафар ҳам тили ва юрагини ажратгани сабабини сўради. Луқмони ҳаким: “Агар тил билан қалб тўғри бўлса, ундан яхшироғи йўқ. Агар тил билан қалб бузилса, ундан ёмонроғи йўқ”, деди.
“Аллоҳга шукр қилгин! Кимки шукр қилса, фақат ўзи учун шукр қилур. Кимки ношукрлик қилса, бас, албатта, Аллоҳ беҳожат ва ҳамд эгасидир”.
 Аллоҳ таоло Луқмони ҳакимга фасоҳат, балоғат, донолик ва фақиҳлик неъматларини ато этиб, уларнинг шукрини қилишни амр этди. Шукр қилиш банда учун фойдалидир, яъни унинг савоби ўзига бўлади.  Кимки Аллоҳ таолонинг неъматларига ношукрлик қилса, унинг зарари ўзига етади. Зеро, Аллоҳ таоло ҳеч бир нарсага муҳтож эмас, У беҳожат Зотдир. Насафий тафсирида бундай дейилади: “Қалбнинг шукри маърифатдир, яъни Аллоҳ таолони таниш; тилнинг шукри Аллоҳ таолога ҳамд айтиш; арконларнинг шукри тоат-ибодат қилишдир”.
“Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: “Эй ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк улкан зулмдир”
Аллоҳ таолога ширк келтириш улкан гуноҳдир.
Шундай экан, ёмонликларни тарк этиб, мусулмон оилада туғилиб, дин-диёнатли инсонлар орасида, тинч ва обод Ватанда яшаётганимизнинг шукри­ни қилишимиз зарур. Зеро, шукр қилган банда ҳам савоб олади, ҳам неъматларнинг зиёдалигига эришади.

 Манбалар асосида
Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.