«Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир. (У) хоҳлаган нарсани яратур. Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай. Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир» (Шўро, 49–50).

Бу ояти карималарда фарзандсизликдан куюниб, тақдирга норози бўлиш, қиз кўрганда хафа бўлиш каби ҳозир ҳам учраб турадиган, ўша даврда эса ўта долзарб бўлган муаммо кўтарилган.
«Осмонлар ва Ернинг ҳукмронлиги Аллоҳга (хос)дир…» Яъни, Аллоҳ таоло осмонлар ва ернинг ҳамда улар орасидаги барча жонли-жонсиз махлуқотни яратган ва улар устидан хоҳлаганича ҳукм юргизади.
«…(У) хоҳлаган нарсани яратур…» Аллоҳ нимани хоҳлаган бўлса, ўша нарса бўлади, нимани хоҳламаса, ўша нарса бўлмайди.  У кимга хоҳласа беради ва кимга хоҳламаса, бермайди.  Аллоҳ берган нарсага ҳеч ким тўсқинлик қилолмайди, Аллоҳ бермаган нарсани, ҳеч ким беролмайди. Аллоҳ нимани хоҳласа ўшани  яратади.
«…Хоҳлаган кишисига қизларни ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғилларни ҳадя этур…». Бу оятда Аллоҳ айрим бандаларга фақат қизларни бериши ва баъзиларга фақат қўша-қўша ўғилларни беришини айтмоқда.
Исломдан олдин, араб қабилаларида аёлларнинг ҳурмати, уларнинг оиладаги ҳақ-ҳуқуқлари ва жамиятдаги ўрни поймол қилинган эди. Аёл кишини молу мулк тариқасида олди-сотди қилганлар ва бир-бирларига мерос сифатида қолдирганлар. Ўша даврнинг энг жирканч одатига кўра, оилада  қиз фарзанд туғилса, бу улар учун ор саналган, ҳаттоки туғилган ёш қизчаларни тирик­лайин кўмишган. Қиз фарзанд кўриш уларга оғир мусибат бўлиб туюлган. Бу  ҳақида  Наҳл сураси 58-оятида: «…Қайси бирларига қиз (кўргани ҳақида) хушхабар берилса, ғазаби келиб, юзлари қорайиб кетади…», деб хабар берилган.
Мусулмонлар ҳам жоҳилият давридаги одамларга ўхшаб қиз фарзанд кўрганда оғринмасинлар деган мақсадда Аллоҳ таоло мазкур оятда биринчи бўлиб қизларни зикр қилди. Бу билан қиз фарзандлар ҳам неъмат, Ўзининг ҳадяси эканини баён қилди.
Қиз фарзанд кўрганда бу неъмат шукронасига кўпроқ хурсанд бўлиб, уни яхши парвариш қилиб, уларга таълим бериб, шарм-ҳаёли, гўзал  одобли, чиройли хулқли қилиб, тарбиялаб, вояга етказган ота-она Қиёматда беҳисоб ажру савоблар олиши, жаҳаннам ўтидан омон бўлиши ваъда қилинган.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким икки қизини яхши тарбиялаб вояга етказса, у мен билан бирга худди мана бу иккисига ўхшаб  (кўрсаткич ва ўрта бармоқларини бир-бирига жуфтлаб кўрсатиб) жаннатга киради”, дедилар (Термизий, Муслим).
Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: Кунларнинг бирида ҳузуримга бир аёл ўзининг иккита ёш қизи билан бирга тиланиб келди. Уйимда атиги бир дона  хурмодан бошқа ҳеч нарса йўқ эди. Мен шу бир дона хурмони у аёлга берсам, аёл уни иккига ажратиб, икки қизига берди. Сўнгра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келдилар. Мен у кишига бўлган воқеани айтиб бердим. Шунда у зот: «Ким мана шу аёл каби, қизларини яхши тарбиялаб, уларга таълим бериб, чиройли хулқу одобни ўргатса, уларни солиҳа қилиб вояга етказса, Қиёматда қизлари унинг учун жаҳаннамдан парда бўлади», дедилар (Имом Бухорий ва Имом Термизий).
Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)­дан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимнинг учта қизи бўлса, уларни яхши тарбияласа, кийинтириб, едириб, ичириб, меҳр билан ғамхўрлик қилса, ўша инсонга албатта жаннат вожиб бўлади”, дедилар. Шунда қавм ичидан бир саҳоба: “Эй Аллоҳнинг Расули, агар иккита қизи бўлса-чи?” деди.  Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Иккита бўлса ҳам”, дедилар».
Ҳозир ҳам баъзи эрлар қиз фарзанд туғилса, хотинига таъна қилиб, уни айблайди. Гоҳида бу ҳол оилаларнинг ажралиб кетишига ҳам сабаб бўлади. Бу мутлақо нотўғридир. Биринчидан, бундай қилиш Аллоҳ таолога норозиликдир. Зеро, Парвардигор фарзандни, жумладан, қиз фарзандни ҳам ҳадя деб номламоқда. Ҳадя эса, маълумки, севимли кишига берилади.
Иккинчидан, бундай норозилик қиз­ларини солиҳа қилиб етиштирганга Пайғам­баримиз (алайҳиссалом) ваъда қилган улуғ мукофотни менсимаслик деганидирки, унинг оқибати ўта хатарлидир. Ҳолбуки, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар сафар қизлари туғилганида жуда хурсанд бўлиб кетар, қизларини яхши кўрар ва: “Мен қизларнинг отасиман”, дердилар.
Исломий тарбияга кўра, бозордан мева-чева, ширинликлар ва совғалар олиб келинганда, уларни улашишда, кўнгли нозиклигини эътиборга олиб, олдин қизлардан бошлаш тавсия қилинади. Ўғил болага кўп нарса бериб, қиз болага озроқ бериш ҳам Ислом таълимотларига зиддир. Ўғилу қизга тенг қилиб бериш зарур.
«…Ёки уларга ўғиллар ва қизларни қўшиб берур…». Яъни, Аллоҳ  баъзи бир оилани ҳам қиз, ҳам ўғил фарзандлар билан сийлайди.
«... Ва хоҳлаган кишисини фарзанд кўрмайдиган қилиб қўйгай…».
Баъзи эркаклар ва баъзи аёлларни “ақийм”, яъни бепушт қилиб қўяди, бундай инсонлар фарзанд кўрмайдилар.  Демак, Аллоҳ таоло баъзи бандаларини фарзанд неъмати билан имтиҳон қилса, баъзи бандаларини бепуштлик билан синайди.
«…Албатта, У (бунинг ҳикматини) билувчи ва (Ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) қодирдир».
“Билувчи” – барча ишларни, жумладан, ҳомиланинг ўғил ёки қиз бўлишини билади дегани. Шунингдек, У зот қайси бир бандасига қиз кўриш, қай бандасига ўғил кўриш, қай бир бандасига эса умуман фарзанд кўрмаслик хайрли эканини билувчи Зотдир. Зеро, фарзанд билан неъматланган қанча инсонлар бор, уларнинг заҳматини тортади, аммо раҳматидан бенасиб. Қолаверса, ўғил фарзандлар фақат яхшилик олиб келади, деган қараш ҳам хато. Бадхулқ ўғлидан озор чекаётган, унинг фақат ранжу аламини тортаётган ота-оналар ҳам оз эмас. Бундан ташқари, фарзандсизлик ҳам бир синов, имтиҳон. Агар ҳамма яхшиликлар фарзанд кўришда бўлганида, Аллоҳ таоло неча-неча хос бандаларини бефарзандлик билан синамаган бўларди.
“Қодир” – Ўзи хоҳлаган барча нарсани яратишга қодир, уни ҳеч нарса ожиз қолдира олмайди дегани. Демак, фарзанднинг қиз ёки ўғил бўлиши эр-хотиннинг хоҳишларига боғлиқ эмас экан. Бу фақат Аллоҳнинг хоҳиши, Унинг инъомидир.  Инсонлар бу ҳадяларни миннатдорлик билан қабул қилиб, шукрини адо этишлари вожиб. Аллоҳ таоло ана шундай бандалардан бўлишни барчамизга насиб этсин!

Абу Мансур Мотуридий, Насафий ва Ибн Касир тафсирлари асосида Бадриддин  САДРИДДИН ўғли тайёрлади.